Линклар

logo-print

Бирликчиларга тазйиқлар кучаймоқда


Тўлқин 24 февраль куни Тошкентда “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди. Унда партия марказий кенгаши аъзолари, вилоят бўлимлари раислари, хорижий элчихоналар ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Партия раиси ўринбосари Исмоил Дадажонов мазкур анжуманни чақиришдан мақсад “Бирлик халқ ҳаракати”ни рўйхатдан ўтказиш жараёнида партия аъзоларига, ташаббус гуруҳи вакилларига нисбатан амалга оширилаётган таъқиб ва тазйиқлар хусусида маълумот бериш эканини таъкидлади.

Анжуманда жорий йилнинг 16 февраль куни “Бирлик”нинг Жиззах вилояти бўлими раиси Мўйдинжон Қурбонов ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан фитна уюштирилиб, ҳибсга олингани, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди. М.Қурбоновнинг адвокати Руҳиддин Комилов ўз ҳимоясидаги шахс билан икки кун давомида учраша олмаганини, ниҳоят прокурор рухсати билангина бунга муваффақ бўлганини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан кучли тазйиқ ўтказилгандан сўнг М.Қурбонов тинтув чоғида уйидан топилган гиёҳванд модда, қурол ва ўқ-дори ўзига тегишли эканини тан олишга мажбур бўлган. Адвокат иштирокида ўтказилган терговда эса у бу кўрсатмаларидан воз кечган.

Конференцияда сўзга чиққан вилоят бўлимлари раислари ҳам жойларда бирликчиларга нисбатан ҳукумат идоралари ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тазйиқлар кучайганини эътироф этди. Хусусан, партиянинг Самарқанд вилояти бўлими раиси Холиқназар Ғаниевнинг айтишича, Булунғур ва Ургут туманларида “Бирлик”нинг рўйхатдан ўтишига хайрихоҳ сифатида имзо қўйган шахслар билан дўқ-пўписа оҳангида суҳбатлар ўтказилган.

Анжуманда бошқа вилоятларда ҳам партия аъзоларини партиядан чиқариш, хайрихоҳларни имзони қайтариб олишга мажбурлаш ҳолатлари кузатилгани айтилди.

2003 йил 18 декабрда Туркия Бош вазири билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов “Бирлик”ни Тошкентдаги 1999 йилги портлашларга алоқадорликда айблагани тазйиқлар кучайишига сабаб бўлмадимикан? Бу саволга жавоб берар экан И.Дадажанов: “Биз аввалида Президентнинг бу баёнотига жиддий қарамаган эдик. Бу хатоимиздир. Мазкур айблов Президент томонидан тўқиб чиқарилгани, “Бирлик”нинг портлашларга алоқаси йўқлигини ҳақида бутун дунёга жар солишимиз керак эди. Жойларда бирликчиларга террорчи, диний экстремистик оқимга алоқадор шахслар сифатида қаралаётгани Президент баёнотининг ҳозирги аҳволга катта таъсири борлигини кўрсатиб турибди”, деди.

Анжуман қатнашчиларига “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг 17 февралда қабул қилинган “Ўзбекистонда мухолиф кучларга қарши янги репрессиялар тўлқини бошланди” номли баёноти тарқатилди. Шунингдек, партия раҳбарияти вилоятларда ва пойтахтда тазйиқларга қарши норозилик пикетлари уюштиришини билдирди.
XS
SM
MD
LG