Линклар

logo-print

Фотима Муқодирова озод қилинди


Шайбон Маълумотларга кўра, яқинда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари суди ҳукми билан 6 йилга озодликдан маҳрум этилган 62 ёшли Фотима Муқодирова 24 февраль куни озодликка чиқарилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг билдиришича, ишни аппеляция тартибида кўриб чиққан суд Ф.Муқодировага 280 минг сўм жарима белгилаган ва уни озод этиш ҳақида ажрим чиқарган. Лекин айбланувчининг ўзи судда иштирок этмаган.

Бу маълумотни Ф.Муқодированинг адвокати Алишер Эргашев ҳам тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, аппеляция суди Ф.Муқодированинг ёши ва ижтимоий ҳолатини инобатга олиб, дастлабки ҳукмни бекор қилган.

62 ёшли аёлнинг конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва диний экстремизмда айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилиниши бир қанча халқаро ташкилотларнинг кескин эътирозига сабаб бўлган эди. Ҳатто “Ассошэйтед пресс” ахборот агентлиги ўз хабарида халқаро ташкилотлар ва мамлакатдаги дипломатик корпус вакилларининг босими туфайли ҳукумат Ф.Муқодировани озод этиш устида иш олиб бораётганини маълум қилганди.

Бироқ А.Эргашев бундай босимлардан хабари йўқлиги, шу боис бу ҳақда ҳеч нарса дея олмаслигини билдирди.

“Дастлабки ҳукмдан сўнг мен аппеляция тартибида шикоят йўллаб, айби исботланмагани сабабли Ф.Муқодирова оқланмоғи кераклигини таъкидлагандим. Суд балки шу талабларни инобатга олгандир”, деди адвокат.

С.Икромов эса аёлнинг озод этилишида ҳукуматга ўтказилган босимнинг таъсири бўлгани эҳтмолдан холи эмаслигини тахмин қилди.

Шу ўринда агар Ф.Муқодирова айби исботланмагани сабабли озод қилинган бўлса, унда 280 минг сўм жарима нега белгиланган, деган савол туғилади.

С.Икромовнинг айтишича, бундай айблар билан қамалган шахсларга нисбатан тўла оқлаш қарори чиқарилмайди. Чунки улар оқланса, қўйилган айблар асосиз топилса, бу айларни қўйган органлар ходимлари жавобгарликка тортилиши керак. Шунингдек, айбланувчига етказилган маънавий ва моддий зарар ундирилиши лозим.

Адвокат А.Эргашев эса ўз ҳимоясидаги шахсга нисбатан чиқарилган ажримни қайта кўриб чиқиш учун юқори инстанцияларга мурожаат қилишини билдирди.

Кузатувчиларнинг фикрича, Ф.Муқодирова аслида диний экстремизм ва конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланиб қамалган, 2003 йилда Жаслиқ қамоқхонасида қайноқ сувга ташланиб ўлдирилган ўғли Музаффар Авазовнинг қотилларини, шунингдек, ички ишлар вазири Зокир Алматов ва Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Ражаб Қодировни жиноий жавобгарликка тортиш талаби билан чиққани учун озодликдан маҳрум этилган.

А.Эргашевнинг таъкидлашича, озодликка чиққан Ф.Муқодирова ўз талабларида давом этиши ёки этмаслиги ҳозирча номаълум.
XS
SM
MD
LG