Линклар

Тақлидда ўч Ўзбекистон телевидениеси


Зикрилло Ишонч Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистон телевидениесида айрим давлатлар, хусусан, Россия телеканаллари кўрсатувларига тақлидан турли шоулар тайёрлаш анъана тусига кириб қолган.

Ўзбекистон ТВнинг “Маърифат” студияси журналисти Дилдора Ҳусанова бу ҳақдаги фикрларнинг ҳақиқатга яқинлигини тасдиқлади. Унинг айтишича, журналистлар сафарга чиққанида оддий фуқаролар уларга бу ҳақда кўп бор танбеҳ берган.

Томошабинларнинг билдиришича, Ўзбекистон ТВсидаги “Заковат”, “Мўжизалар майдони”, “Меҳр кўзда”, “Интеллектуал ринг”, “Очил дастурхон”, “Гап чиқди”, “Қувноқлар ва зукколар” каби шоулар Россия телеканаллари кўрсатувларига тақлидан яратилган.

Оммавий ахборот воситаларини демократиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармаси раиси Хуршид Дўстмуҳаммад барча соҳаларда бўлгани каби журналистикада ҳам ижодий тақлид бўлиши кераклигини таъкидлади. Унинг айтишича, Россия телеканалларининг ўзи ҳам кўплаб кўрсатувларни бошқа хорижий телеканаллардан ўзлаштирган. Шунга қарамай, ижодкорлар фақат тақлид билан чекланиб қолмаслиги керак, деди у.

Д.Ҳусанова эса тақлид қилиб тайёрланган кўрсатувларда профессионализм етишмаслигини билдирди. Унинг фикрича, ўзбек тележурналистлари кўрсатувни кўчирганга яраша, уни томошабинга юқори савияда, маҳорат билан етказиб беришни ҳам ўрганиши керак. Бундан ташқари, тақлид қилиб яратилган кўрсатувларнинг халққа маънаний озуқа сифатида нима берганини ҳам мулоҳаза қилиб кўриш керак.

Д.Ҳусанова ўзбек тележурналистикасидаги бу кўчирмачилик ОАВ ходимларининг тажрибасизлиги, малакаси пастлиги, шунингдек, кўп муаммоларни кўтаришга рухсат йўқлигидан майда-чуйда маиший мавзуларга ўралашиб қолаётгани сабабли юз бераётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG