Линклар

ИНҚИЛОБ ДАВОМ ЭТАДИМИ?

  • Сарвар Усмон

Грузиянинг янги Президенти Михаил Саакашвили 23 феврал куни АҚШга учиб кетар экан, мамлакатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларига Ажария мухтор республикасидаги жиноятчилар гуруҳларини бартараф этиш режасини ишлаб чиқиш тўғрисида топшириқ берди.

Михаил Саакашвили "жиноятчилар гуруҳлари", деб атаётган кучлар кейинги кунларда мухолифатчи партияларнинг Ажария пойтахтидаги идораларига ҳужумлар уюштирдилар.

Хўш, нима бўлаяпти Ажарияда? Ким бу республикада позициядаю ким оппозицияда?

Ажарияда ким позициядаю ким оппозицияда? Бу саволга бирдан жавоб бериб юбориш чиндан ҳам мушкул. Ҳатто, Грузия таркибидаги бу мухтор республиканинг ўз эшиттиришларини сунъий йўлдош орқали тарқадиган давлат телевидениеси кўрсатувларини кўриш имконингиз бўлса ҳам.

Ажария президенти Аслан Абашидзенинг пойтахт Тбилиси билан муносабатлари Грузия таркибидаги Абхазия ва Жанубий Осетия лидерлариникидай ўта кескин эмас. Бироқ, у ҳам кейинги 10-12 йил ичида бирон марта ҳам Тбилисига борган эмас.

Саакашвилининг ҳокимиятга келиши арафасида Ажария телевидениеси уни Адольф Гитлерга, пўстини ташлаётган заҳарли илонга ўхшатган эди.
Тбилисини менсимай, ора кунда олти марта Москвага қатнаган Абашидзенинг ўзи ҳам чиқишларида Саакашвилини "оппоғу юмшоқ" деган эмас.

Саакашвили президентликка сайлангач, унга нисбатан Абашидзенинг ўзи ҳам, унинг қўлидаги телевидение ҳам кескин, ҳақоратомуз иборалардан ўзларини тия бошлади. Бироқ, барибир муносабатларда илиқлик пайдо бўлмаётганини сезмаслик қийин эди. Демак, бутун Грузия бўйлаб расмий Тбилисига нисбатан Ажария раҳбарияти оппозицияда. Ажариянинг ўзида эса, Тбилисининг янги раҳбарияти тарафдорлари расмий Батумига нисбатан оппозицияда.

Вазиятга бироз аниқлик киритиб олдигов.

Энди сўнгги кунларда юз берган воқеалар тўғрисида ҳикоя қилайлик.

Ўтган ҳафтанинг сўнгги кунларида Ажария пойтахти Батумида Президент Абашидзе тарафдорлари билан мухолифатдаги "Бизнинг Ажария", "Демократик Ажария" ва бошқа ҳаракатлар аъзолари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Мухолифатчилар ўтказмоқчи бўлган митингни Абашидзега қарашли кучлар тарқатмоқчи бўлди. Томонлар ўртасида рўй берган тўқнашув пайтида ўнлаб киши жароҳат олди. Абашидзе тарафдорлари томонидан таъқиб қилиниб, жароҳат олган мухолифатчилардан бири - Христиан демократик партияси аъзосидир. Якшанба куни уни автомашинага ўтқазиб, шаҳардан ташқарига олиб чиқишган ва калтаклаб, денгиз бўйига ташлаб кетишган. Душанбага ўтар кечаси эса, "Бизнинг Ажария" ҳаракати штаби номаълум кимсалар томонидан талаб кетилган.

Батумида митинг уюштиришга ҳаракат қилган кучлар - "Демократик Ажария", "Бизнинг Ажария" ва бошқа ҳаракатлар лидерлари 23 феврал куни матбуот анжумани ўтказиб, Ажария раҳбариятининг зўравонлигигини қораладилар.

"Бизнинг Ажария" ҳаракати лидери Тимур Зоидзе шундай деди:

- Бу ерда юз бераётган воқеаларнинг барчаси олдимизда турган парламент сайловлари билан боғлиқ. Ажария раҳбарияти жисмоний куч ишлатиш йўли билан қўрқитиш орқали сафларимизни сийраклатмоқчи.

Яна бир мухолифатчи Эдуард Сурманидзе ҳам Ажарияда юзага келган вазиятни баҳолар экан,
"Бундай шароитда нормал сиёсий фаолият тўғрисида гапиришнинг ўзи ортиқча", дейди.

Воқеага расмий Тбилиси зудлик билан реакция билдирди. Грузия Миллий Хавфсизлик Кенгаши котиби Вано Мерабишвилининг журналистларга маълум қилишича, Президент Саакашвилининг фармойишига биноан, Батумидаги тинч митингни тарқатганларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Мерабишвили "Абашидзени мухторият ҳудудида зўравонликка чек қўйишга чақираман", деди.

Хуллас, шу кунларда Тбилиси-Батуми зиддияти авж палласига кўтарилганга ўхшайди. Ҳар ҳолда, Президент Саакашвили Ажария ҳудудидаги жиноятчи гуруҳлар бартараф қилинади, деб журналистларга баёнот бериши биланоқ, мухторият Ички Ишлар вазири муовини Жемал Гогитидзе "Биз Ажария ҳудудида марказдан бошқариладиган ва куч ишлатиш билан боғлиқ ҳеч қандай акциянинг ўтказилишига йўл қўймаймиз", деб баёнот берди.

Бундай баёнотнинг Абашидзе билан маслаҳатлашилмай қилинишига ишониш анча қийиндир.
XS
SM
MD
LG