Линклар

ПАРТИЯГА АЙЛАНГАН ҲАРАКАТ


Сарвар УСМОН "Қозоғистоннинг демократик танлови". Эшиттиришларимизни мунтазам тинглаб келаётган мухлисларимиз Қозоғистонда шундай ном билан аталувчи халқ ҳаракати борлигидан, ҳаракат лидерлари Ғалимжан Жақиянов ва Мухтар Аблязовлар озодликдан маҳрум этилганидан хабардор. 2001 йилнинг кузида ташкил этилган "Қозоғистоннинг демократик танлови" ҳаракати ўтган ҳафта охирида сиёсий партияга айланди.

Мамлакатнинг етакчи мухолифатчи партияси бўлиши кутилаётган "Қозоғистоннинг демократик танлови" партияси раислигига қамоқда сақланаётган Ғалимжан Жиқиянов сайланди.

Таҳлилчилар мазкур партиянинг таъсис этилишини Қозоғистоннинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида сўнгги пайтларда рўй берган энг йирик воқеа сифатида баҳоламоқдалар. Партиянинг Олмаотадаги "Анқара" меҳмонхонасида бўлиб ўтган Таъсис қурултойида Европа Иттифоқи, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти вакиллари, етакчи Ғарб давлатларининг элчилари, МДҲ мамлакатлари мухолифатчи партияларидан меҳмонлар иштирок этди. Қурултойда Европа Парламенти депутатларининг табриги ўқиб эшиттирилди.

Янги тузилаётган партияга нисбатан қизиқишнинг кучлилиги бежиз эмас. Чунки, "Қозоғистоннинг Демократик Танлови: партиясига асос бўлган шундай номли ҳаракат 2001 йилнинг кузида ташкилланиши биланоқ, унинг лидери, Павлодар вилоятининг собиқ ҳокими Ғалимжан Жақиянов ва ва яна бир лидери Мухтар Аблязовлар қамалган эди. Жақияновнинг шу кунда ҳам қамоқхонада эканлиги ҳаракат ва бундан буён партияга қизиқишни янада кучайтирмоқда.

Янги партия таъсис қурултойида қабул қилинган сиёсий манифестда жумладан шундай дейилади: "Мамлакатимизда пул ҳам, ҳокимият ҳам, газеталар ҳам, телевидение ҳам халқники эмас, балки Президент Назарбоев етакчилигидаги ҳукмдор кланникидир. Президентнинг ўзи, унинг оила аъзолари ҳамда Президент оиласи манфаатларига хизмат қилувчи амалдорлар кирувчи бу клан катта бўлмаса-да, қудратлидир. Мамлакатдаги барча нарса шу кланникидир. Айнан шунинг учун ҳам президентга хизмат қилувчи партиялар шу клан пулига ташкилланган. Айнан шунинг учун ҳам бу партияларнинг биронтаси халқ манфаатини ҳимоя қилмаган, қилмаяпти, бундай буён ҳам ҳимоя қилмайди".

Янги тузилган партия етакчилари 24 феврал куни Олмаота шаҳрида матбуот анжумани уюштирдилар. Партия сиёсий кенгаши раиси Асилбек Қўжахметов Қозоғистон Демократик Танлови ҳаракатини расмий рўйхатдан ўтказиш учун тайёр эканликлари, яъни талаб қилинадиган 50 минг имзо ва бошқа ҳужжатлар тахт эканлигини билдирди:

- Биз рўйхатдан ўтказмаслик учун қилинадиган барча баҳоналарга жавобларимизни олдиндан тайёрлаб қўйганмиз.

Унинг айтишича, янги партия республикадаги барча сиёсий кучлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр:

- Aдолатли сайловлар ўтказиш йўлида ҳамкорлик қилмоқчи бўлса, Асар партияси билан ишлашга ҳам тайёрмиз.

Хўш, янги партиянинг пайдо бўлишига мамлакат жамоатчилиги вакиллари қандай муносабатда?
"Янги авлод тақдири - Билим" ижтимоий ҳаракати етакчиси Ерсайин Ербўлжаннинг фикрича, янги партияга асос бўлган "Қозоғистон Демократик Танлови" ҳаракати республика сиёсий ижтимоий ҳаётига ҳеч қандай ўзгариш олиб киролгани йўқ. Шунинг учун янги партиядан ҳам бирон бир самара кутишга ҳожат йўқ:

- Ҳаракат аъзолари бутун куч қувватини ўз лидерларини қамоқдан қутқаришга қаратиб, ўз олдиларига қўйган мақсадларни унутиб қўйгандилар, - дейди Ерсайин Ербўлжан.

"Ватанпарвар ёшлар уюшмаси" етакчиларидан бири Қорашўлақ Жанбўта бундай партиялар тузилиши Қозоғистондаги сиёсий вазиятга ижобий таъсирини кўрсатади, дейди.

- Бу партиянинг тузилиши Қозоғистондаги ялпи сиёсий тизимнинг яхши томонга ўзгаришига оз бўлса ҳам туртки беради, - дейди "Ватанпарвар ёшлар уюшмаси" вакили.
XS
SM
MD
LG