Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:37

Ёқуб Салимов Тожикистонга қайтарилди


Етти йилдан бери қидирувда бўлган Тожикистон собиқ Ички Ишлар вазири Ёқуб Салимов 24 феврал куни Москвадан Душанбега келтирилди. У 2003 йилнинг 21 июн куни Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган эди. Хўш, Ёқуб Салимовни ватанида нима кутмоқда? Унга ўлим жазоси бериладими, ёки Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонов собиқ қуролдошининг жонини асраб қоладими?

Ёқуб Салимов зиддиятли шахс сифатида кўрилади. У Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоновни ҳокимият тепасига келтирган одамлардан бири бўлган,аммо кейинчалик Раҳмоновнинг рақибига айланган. Тожикистондаги фуқаролик уриши пайтида Ёқуб Салимов Халқ Фронти отрядларидан бирининг қўмондони бўлган. 1992 йилнинг декабр ойида ўтказилган Олий Советнинг 16 сессиясида Тожикистон Ички Ишлар Вазири этиб тайинланган. 1995 йилда Тожикистоннинг Туркиядаги элчиси бўлган. У ерда бир йилдан ортиқроқ ишлаб қайтгандан сўнг, 1997 йилгача Тожикистон Божхона Қўмитаси раиси сифатида фаолият кўрсатган. Лекин, орадан кўп ўтмай, бир қатор ҳарбийлар билан давлат тўнтариши қилмоқчи бўлганликда айбланади ва Тожикистондан чиқиб кетади. Шундан буён Ёқуб Салимов қидирувда эди. 2003 йилнинг 21 июнида Москва шаҳрида Россиянинг Федерал Хавфсизлик Хизмати томонидан қўлга олинган Ёқуб Салимовнинг кейинги тақдири шу кунгача номаълум бўлиб келаётган эди.


Ёқуб Салимов расмий Душанбега қайтариб берилди. Хўш, унинг кейинги тақдири қандай бўлади? Тожикистон Бош Прокурори Бобожон Бобохоновнинг айтишича, Ёқуб Салимов ватанга ҳиёнат, қуролли исён ва қотилликда айбланмоқда. Тожикистон жиноят кодексига кўра, бу ҳилдаги айбловлар билан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.


Тожикистондаги айрим кузатувчиларнинг фикрича, Ёқуб Салимовнинг Россия ҳукумати томонидан Тожикистонга қайтарилиши инсон хуқуқлари бўйича бир қанча халқаро келишувларга зид ҳаракатдир. Чунки халқаро қоидаларга кўра, ўлим жазоси қўлланилаётган мамлакатларга айбланаётган шахсларни қайтариб бериш мумкин эмас. Хўш, бўлмаса нега Россия бундай йўл тутди?


Тожикистонлик мустақил кузатувчи Аъзам Афзалийнинг фикрича, Ёқуб Салимовнинг Душанбега олиб келиниши бу Тожикистон ҳукуматининг сўзи Россияга ўтаётганлигидан далолат беради. Бунинг ҳам ўзига ҳос сабаблари бор. Чунончи, Россия Тожикистонда катта ҳарбий база қурмоқчи.


- Менинг фикримча, бу ерда қандайдир бир сиёсий мақсад бор. Ёқуб Салимовнинг қанчалик гуноҳи бор ёки йўқлигини билмайман-у, лекин бу билан Тожикистон ҳукумати гўёки ўзини жиноятчиликка қаттиқ кураш олиб бораётгандай кўрсатмоқда. Лекин ҳозир Душанбе кўчаларида истаганча жиноятчи топиш мумкин, - дейди Аъзам Афзалий.

Яна бир тожикистонлик мустақил кузатувчи Шокиржон Ҳакимовга кўра, Имомали Раҳмонов сайловолди кампанияси давомида ўз обрўсини ошириш учун Ёқуб Салимовни авф этиши ҳам мумкин.


- Бу йил Тожикистонда маҳаллий ҳокимиятларга, келгуси йил эса мамлакат Президентлигига сайловлар кутилаётган экан, Ёқуб Салимовнинг қаммоққа олиниши ёки унинг жазога тортилиши айрим мухолиф кучларга қўл келиши мумкин, - дейди Шокиржон Ҳакимов.
XS
SM
MD
LG