Линклар

Журналистлар бирлашмоқда. Натижа бўладими?


Абдуллоҳ Эргаш Марказий Осиё давлатлари мустақиллик шароитида минтақавий ахборот тақчиллиги вазиятига тушиб қолганлиги сир эмас. Минтақа халқлари долзарб масалалар – сув, чегара, экология муаммолари ҳақида фақат бир томонлама- ўз мамлакатидаги ахборот воситалари берган маълумотлардангина хабардор. Айни мана шу масалаларда қўшни давлатлар ҳукуматларининг позициясидан эса бехабар. Буларнинг ҳаммаси минтақа халқлари ўртасида турли миш-мишлар ва тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Куни-кеча Ўшда мана шу ахборот тақчиллигини бартараф этишга йўналтирилган янги лойиҳа иш бошлади.

Қирғизистонлик Мирҳабиб Мамажонов аҳоли фақат бир томонлама ахборот олаётганлиги туфайли, қўшни давлатдаги қонун-қоидалардан хабарсизлигини, бу эса чегарадан ўтишда турли қийинчиликларни пайдо қилаётганлигини айтади:

- Чегарадаги одамнинг гапи гап, сўзи сўз бўлиб қолди. Қонун устиворлиги йўқ. Чунки қонун ҳақида ахборотнинг ўзи йўқ. Тасаввур қилинг, оддий савдо марказига кирсангиз, унда сотилаётган ҳар бир маҳсулотнинг нархи ҳақидаги ахборотни кўрасиз ва шунга қараб маҳсулотни сотиб оласиз. Бироқ, чегарада бир давлатдан иккинчи давлатга ўтаётганда қандай “нарх” билан ўтасиз, қандай шартлар билан ўтасиз, умуман ҳеч қандай ахборот йўқ. Бу эса аҳоли орасида норозиликларни пайдо қилмоқда, чегарадан ўтишда турли қийинчиликларни туғдирмоқда, - дейди Мирҳабиб Мамажонов.


Суҳбатдошимизнинг сўзларидан кўриниб турибдики, давлатлараро миқёсда ахборот алмашинувини йўлга қўйиш минтақа аҳолиси ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Куни-кеча Ўшдаги Оммавий Ахборот Воситалари маркази бошлаган янги лойиҳа ана шу муаммони ҳал қилишга қаратилган. Лойиҳа Британияда чиқадиган “Цензура индекси” халқаро журнали ҳамда Дания Ташқи Ишлар Вазирлиги молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Лойиҳа координатори Алексей Суховга кўра, дастурда Марказий Осиё мамлакатларидан 33 журналист иштирок этади:

- Кўпчилик мутахассислар ва тадқиқотчилар фикрича, Марказий Осиёда зиддиятларни келтириб чиқарувчи сабаблар кўпдир. Булар ер, сув, чегара ва экология муаммоларидир. Қизиғи шундаки, ҳар бир давлат бу масалаларда ўз позициясига мос келадиган ахборотнигина тарқатади. Чунки журналистлар қўшни давлатнинг айнан шу масалага муносабатини билмайди. Бир томонлама ахборот эса халқ ўртасида тушунмовчиликларни ва ҳатто зиддиятларни келтириб чиқариши мумкин. Лойиҳадан мақсад, журналистлар ва нашрлар ўртасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиб, аҳолини ҳар томонлама ахборот билан таъминлашдир”, - дейди Алексей Сухов.

Баъзи кузатувчиларга кўра, лойиҳа минтақанинг ҳамма мамлакатларда ҳам бирдек натижа бермаслиги мумкин. Матбуоти минтақада нисбатан эркин бўлган Қирғизистон ва Тожикиситонда ахборот алмашинувида ва долзарб муаммолар бўйича ҳукуматлар муносабатини ёритишда муаммолар туғилмаслиги мумкин. Бироқ, матбуоти эркин бўлмаган Ўзбекистонда бу лойиҳанинг амалга оширилиши қийинроқ кечади. “Интернюс” Халқаро ташкилоти Ўзбекистон ваколатхонаси раҳбари Холида Норбоева бу борада шундай фикр билдиради:

- Ҳалигача нашрлар устидан назорат кучли. Масалан, маҳаллий расмий нашрларда ҳамма нарсани ҳам ёзиш мумкин эмас. Буни ҳамма билади. Журналистларнинг ўзлари ҳам нимани ёзиш мумкин, нимани ёзиш мумкин эмаслигини яхши билишади. Айниқса Тошкентда чиқадиган газеталар қаттиқ назорат қилинади. Вилоятларда эса бир оз эркинлик бор. Мамлакатлараро ахборот алмашинуви бўлган тақдирда ҳам олинган ахборот элакдан ўтказилиб, кейин нашр этилади, - дейди Холида Норбоева.
XS
SM
MD
LG