Линклар

АҚШ Мудофаа вазири Қозоғистонда.

  • Ҳасанжон

Чоршанба куни Астанада АҚШ Мудофаа Вазири Доналд Рамсфелд Қозоғистон Бош Вазири Данийал Аҳмедов, Мудофаа Вазири Муҳтор Олтинбоев ва Ташқи Ишлар Вазири Козимжўмарт Тўқаев билан икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

“Биз Қозоғистон суверенлиги ва мустақиллиги АҚШ томонидан қўллаб-қувватланиши ҳамда икки томон ҳарбийлари ўртасидаги муҳим ҳамкорлик масалалари тўғрисида сўзлашдик”, - деди АҚШ Мудофаа вазири.

АҚШ Мудофаа вазири мамлакати Каспий денгизининг Қозоғистонга қарашли ҳудудлари хавфсизлигини ҳимоя қилишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Рамсфелд Қозоғистон расмийларини НАТОнинг “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастурида фаолроқ қатнашишга чақирди:

“Биз Қозоғистоннинг “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” НАТО дастуридаги иштироки аҳамияти ҳақида ҳамда, ўзаро алоқаларнинг ривожланиб бораётгани ва қозоқ халқини дўстлиги учун миннатдор эканимиз тўғрисида гаплашдик”, - деди Доналд Рамсфелд.

Қозоғистон ҳукумати Афғонистонда 2001 йилда АҚШ етакчилигида бошланган аксил-террор кампанияси доирасида Америка ҳарбийларига Қозоғистон аэропортларидан фойдаланиш ва фавқулодда ҳолатларда қўниш учун рухсат берганидан кейин икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик бир қанча кучайди.

Ўтган йил августида Қозоғистон ҳукумати миналардан тозалаш ва сув таъминотини қайта тиклаш ишларида қатнашувчи 30 ҳарбийни Ироққа жўнатди. Бу билан Қозоғистон ўз ҳарбийларини Ироққа жўнатган Марказий Осиёдаги ягона давлат бўлди. Шу ҳақда гапирган Доналд Рамсфелд:
“Глобал терроризмга қарши курашда муҳим давлат ҳисобланган Қозоғистон Ироқда ҳам катта ёрдам кўрсатмоқда. Мен бу ерга шахсан миннатдорлигимизни билдириш учун келдим”, - деди АҚШ Мудофаа вазири.

Қозоғистон Мудофаа вазирининг Ассосиэйтед Пресс ахборот агентлигига билдиришича, икки мамлакат расмийлари ўтган йил сентябр ойида беш йилга мўлжалланган ҳарбий соҳага оид шартномани имзолаганлар. Унга кўра, АҚШ томони Қозоғистонга вертолетлар, юк ташувчи учқич, Қозоғистоннинг Каспий денгиз флотига кемалар етказиб беради. Бундан ташқари, АҚШ Қозоғистон қўшинларини ҳарбий ускуналар билан таъминлайди ва ҳарбийларни терроризмга қарши курашиш бўйича тайёргарликдан ўтказади.

Қозоғистондаги АҚШ элчихонаси вакили Жеймс Кеннейни Интерфакс ахборот агентлигига билдиришича, Вашингтон Каспий денгизи хавзасида ҳарбий база яратишни режалаштирмаяпти. Кеннейнинг таъкидлашича, АҚШ Каспий денгизи худудидаги хавфсизликни таъминлаш мақсадида Қозоғистон чегара қўшинларига ҳарбий ва техникавий ёрдам кўрсатмоқда.

Маълумки, Қозоғистон 2003 йилда Марказий Осиё республикалари ичида АҚШнинг биринчи энг йирик ҳарбий ёрдамини олди. Бу ёрдам 92 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ушбу маблағнинг 49 миллион доллари хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот соҳалари учун мўлжалланган дастурларга сарфланди.
XS
SM
MD
LG