Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:36

Буш бир хил жинсли никоҳга қарши


Сешанба куни АҚШ Президенти Жорж Буш мамлакат Конституциясига айни жинсдаги одамлар ўртасидаги никоҳни таъқиқлаш борасидаги моддани киритилиши кераклигини эълон қилди.


"Никоҳ моҳиятининг абадий ўзгариб қолишининг олдини олмоқчи бўлсак, миллатимиз Америкада никоҳ тушунчасини ҳимоя қилувчи конституциявий ўзгартишларни қабул қилиши керак. Бу ерда қатъий ва демократик ёндашув лозим. Чунки бирон шаҳар ёки штатдаги никоҳ моҳиятини ўзгартиришга қаратилган ҳаракатлар бутун мамлакат бўйлаб жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин", -деди Буш.


Оқ Уйда сўзлаган нутқида АҚШ раҳбари гомосексуал жуфтликлар ўртасидаги иттифоқ қонуний деб қабул қилинмаслиги, аммо уларнинг маълум ҳуқуқлари сақланиб қолишини айтди.

Бушнинг таъкидлашича, айрим штатлар гомосексуалисталарнинг расман никоҳдан ўтишларига имкон берувчи қонунлар ишлаб чиқишга уринмоқдалар. Бироқ, Президент Буш фақат эркак ва аёл ўртасидаги никох цивилизация асосларидан бири сифатида эътироф этилишини таъкидлади.

"Америка юриспруденциясининг икки асрдан ортиқ, инсониятнинг минг йиллик тажрибасидан сўнг, бир ховуч судя ва маҳаллий амалдорлар цивилизациянинг энг фундаментал асосини ўзгартиришга уринмоқдалар" , - деди Буш.

Икки хафта олдин Сан Франциско хокими Гэвин Нюсома гомосексуал жуфтликларга никоҳ қуришлари учун расман рухсат берган эди. 12 февралдан кучга кирган айни қарордан сўнг АҚШ Ғарбидаги Сан Франциско шаҳрида мингдан ортиқ гомосексуал жуфтликлар никоҳ гувоҳномалари олишди.

Оқ уй раҳбари Сан Францискодаги ушбу холатни Калифорния штати қонунларига зид, дея таърифлади.

Шу боис Жорж Буш АҚШ Конгрессини айни жинсдаги одамлар ўртасида никоҳни таъқиқлаш тўғрисида мамлакат Констиутциясига ўзгартиш киритилишини қўллаб-қувватлашга чақирди. Бунинг учун Америкадаги штатларининг тўртдан уч қисми, сенатор ва конгрессменларнинг эса учдан икки қисми розилиги зарур.

Конституцияга ўзгартиш киритилиши тарафдорлари бир хил жинсдаги жуфтликлар никоҳи узоқ йиллик тушунча ва қадриятларга путур етказишини айтишса, бу ташаббусга қарши чиқаётганлар гомосексуаллар ўртасида қонуний никоҳ таъқиқланишини дискриминация, дея таърифламоқдалар. Сан Франциско хокимлиги эса бир жинсли жуфтликлар ўртасидаги никоҳнинг таъқиқланишини конституцияга зид дея, таърифлаб судга даъво аризаси билан мурожаат этишини билдирди.
XS
SM
MD
LG