Линклар

logo-print

Грузия Президенти Оқ Уйда яхши қабул қилинди, аммо халқаро ташкилотлар танқидига учради


Фарангис Саид Чоршанба куни Грузиянинг янги раҳбарини Оқ Уйда қабул қилган АҚШ Президенти Жорж Буш Грузиядаги “атиргул инқилоби” ва унинг натижасида Михаил Саакашвилининг ҳокимиятга келганини ижобий ходиса сифатида баҳолади.

Саакашвили, ўз навбатида, Грузия АҚШ шериги эканидан ниҳоятда мамнун эканини баён этди:

- Ҳамкорлигимиз ва дўстлигимиз нафақат хавфсизлик, балки иқтисодий соҳани ҳам қамраб олади. Биринчи навбатда эса бу ҳамкорлик муштарак қадриятларимизга асосланади.

Оқ Уйдаги учрашув якунида Президент Буш АҚШ Грузия билан ҳарбий ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини билдирди. Бундан ташқари, Жорж Буш Россиянинг Грузиядаги ҳарбий базалари ёпилиши кераклигини ҳам таъкидлаб ўтди:

- Россия ҳукумати Истанбул шартномасига риоя қилади, деб умид қиламиз. Истанбул шартномасига кўра, Россия ушбу базаларни тарк этиши керак. Биз Грузия Президенти Михаил Саакашвили ва Россия Президенти Владимир Путин билан бу масала устида ишлашни давом эттирамиз.

Ҳам АҚШ, ҳам Россия билан яхши муносабатларни сақлаб қолишга уринаётган Саакашвили эса Грузия президенти сифатида ўзининг биринчи хорижий сафарини айнан Москвага қилганини айтиб, Путин билан учрашув жуда унумли бўлганини таъкидлади.

АҚШдаги Жорж Вашингтон Университетининг сиёсий фанлар ва халқаро муносабатлар профессори Жеймс Голдгейер Буш ва Саакашвили ўз баёнотларини қилаётганида, эҳтиётроқ бўлишлари керак эди, деб ҳисоблайди. Таҳлилчи фикрича, Бушнинг Истанбул шартномаси ҳақидаги сўзлари Россия Президентига босимдек кўриниши мумкин, Россия эса ташқи босимларни, одатда, ёқтирмайди. “Чунки, - дея изоҳлайди ўз фикрини Голдгейер, - узоқ вақтдан бери Москва расмийлари ғарбликлар билдираётган Россия қадриятлари Ғарбникидан фарқ қилиши ҳақидаги иддаоларга эътироз билдириб келган. Саакашвили Грузия АҚШ билан муштарак қадриятларга эгалигини баён этиб, Москва расмийлари жиғига теккан бўлиши мумкин”.

Жеймс Голдгейер фикрича, агар Путин, Грузия Президенти АҚШ ва Россия қадриятлари бир-бирига мос эмаслигига ишора қилаяпти, деган фикрга келса, Россиянинг Грузиядаги ҳарбий базалари тез орада ёпилмаслиги мумкин.

Россия Президентининг Саакашвили ва Буш баёнотларини қандай қабул қилгани ҳозирча номаълум. Тбилиси ва Вашингтон раҳбарлари эса учрашув якунида давлатлараро алоқаларни ривожлантириш ҳамда иқтисодий ва ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Саакашвили АҚШдан Грузияда демократик жараёнларни қўллаб-қувватлашда давом этишни ва молиявий ёрдам кўрсатишни сўради.

Маълумотларга кўра, жорий йилда Вашингтоннинг Грузияга 164 миллион долларлик ёрдам бериши кўзда тутилган.

Грузия Президентининг АҚШ сафари давомида “Хюман Райтс Уотч” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Грузияда фуқаровий эркинликлар чекланаётганидан хавотир билдириб, баёнот чиқарди. Ташкилот, шунингдек, Оқ Уйни Грузия раҳбаридан мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ислоҳотларни амалга оширишни талаб қилишга чақирди. “Хюман Райтс Уотч” ташкилотининг илгари Ўзбекистон, ҳозир эса Кавказ минтақаси бўйича ходимаси Матилда Богнер гапиради:

- Фикримча, АҚШ жаноб Саакашвили сиёсатига таъсир қилишни хоҳласа, Вашингтонда бунинг учун имконлар кўп. Грузия билан муносабатлар ўрнатган барча хорижий давлатлар орасида айнан АҚШ энг катта таъсирга эга. Мен Президент Бушнинг Саакашвили ҳукуматидан инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни ўтказишни талаб қилишини, агар инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинмаса, ислоҳотлар муваффақиятли бўлмаслиги ва АҚШ уларни қўллаб-қувватламаслигини айтишини истардим.

“Хюман Райтс Уотч” ва бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Грузия Президентининг, хусусан, аксил-коррупция кампаниясини танқид қилишмоқда. Ушбу ҳаракатлар доирасида собиқ Президент Эдуард Шеварднадзе ҳукуматининг айрим расмийлари ва унинг яқинлари, жумладан куёви Гиорги Жохтаберидзе ҳибсга олинди. “Хюман Райтс Уотч”га кўра, бу одамларнинг айримлари суд қилинмай туриб, айбдор деб топилган. Баъзилари уч ойлаб суд бошланишини кутишмоқда. Айримларига эса хавфизлик хизмати ходимлари тазйиқ қилмоқда.

Вашингтон раҳбарияти инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг талабларига ҳозирча муносабат билдирмади.
XS
SM
MD
LG