Линклар

logo-print

Сорос Ўзбекистондан қувиладими?


Шайбон Тошкентдан олинган маълумотларга кўра, Очиқ жамият институти Ўзбекистондаги фаолиятини номаълум муддатгача тўхтатган. Сорос жамғармаси номи билан машҳур бўлган ушбу институт ходимлари 1 апрелга қадар таътилга чиқарилган.

Институт ижрочи директори ўринбосари Искандар Исмоилов бу ҳақдаги маълумотларни тасдиқлади. Унинг айтишича, институт Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтгунга қадар ходимлар дам олади.

Норасмий манбаларнинг маълум қилишича, институт рўйхатдан ўтишда бир қанча қийинчиликларга учраган. Шу боис, раҳбарият фаолиятни вақтинчалик тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилган.

“Қийинчалик қанчалик бўляпти, буни билмадим. Лекин ҳозир рўйхатдан ўтиш учун биздан талаб қилинаётган ҳужжатлар сони аввалги сафар ўтганимиздагидан анча кўп. Адлия вазирлигида бизники каби ташкилотларни рўйхатга олиш бўлими яқинда ташкил этилган. Уларнинг қанчалик тажрибага эга экани ҳозирча бизга қоронғу. Лекин бўлимдагилар бизнинг рўйхатдан ўтишимиз масаласини тезда ҳал қилишга ваъда бермоқда”, деди И.Исмоилов айни пайтда вужудга келган вазиятга изоҳ берар экан.

Маълумотларга кўра, институт томонидан берилган грантлар айни пайтда ўз эгаларига етиб бормаётир. Марказий банк раҳбарияти бу грантларни музлатиб қўйгани айтилмоқда. И.Исмоилов бу ҳақдаги хабарларнинг тўғри эканини тасдиқлади. Аммо бунинг сабаби маълум эмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG