Линклар

Ҳисобот ошкор этади


Шайбон Куни-кеча АҚШ Давлат департаменти “2003 йилда дунёда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятга оид ҳисобот”ини эълон қилди. Унда Ўзбекистондаги вазиятга ҳам алоҳида тўхтаб ўтилган.

Ҳисоботда Ўзбекистонда ўтган йилда юз берган инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича ҳар бир ҳолатга алоҳида тўхталиб ўтилган. Хусусан, ҳисоботда жазони ижро этиш муассасаларида ҳамда дастлабки тергов пайтида қийнаб ўлдирилган фуқаролар номма-ном саналган.

Ҳисоботда ёзилишича, 2003 йил 3 майда давлат мулкини ўғирлаганликда айбланиб, етти йилга озодликдан маҳрум этилган Отамаза Ғафуров Чирчиқ қамоқхонасида қийнаб ўлдирилган. Марҳумнинг қийнаб ўлдирилганини унинг яқинлари тасдиқлаган. Улар мурданинг танасида қийноқ аломатлари яққол кўзга ташланиб турганини таъкидлаган.

“Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига аъзоликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган яна бир маҳбус Ориф Эшонов ҳам, ҳисоботда қайд этилишича, қаттиқ қийноқлар оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Унинг оила аъзолари марҳумнинг қўл-оёқларида калтак излари сақланиб қолгани, тирноқлари орасига тиғли нарса тиқилганини исботловчи аломатлар бўлганини айтган.

Бундан ташқари, ҳисоботда Нодир Замонов ҳамда қорақолпоғистонлик Камолиддин Жуманиёзов ҳақида ҳам маълумот келтирилган. 2003 йил 1 август куни дўконга ўғирликка тушганликда гумон қилиниб, милиция нозири томонидан олиб кетилган Н.Замонов кейинчалик ўлик ҳолда ўз оғилхонасидан топилган. Унинг бўйнида арқон излари яққол кўриниб турган. Марҳумнинг яқинлари Н.Замонов милиция нозири хонасида қийнаб ўлдирилгани, сўнг эса жиноят изини яшириш мақсадида оғилхонага ташлаб кетилганини таъкидлаган.

К.Жуманиёзов судгача бўлган қийноқлар оқибатида 6 декабрь куни ҳаётдан кўз юмган. Ҳисоботда айтилишича, марҳумнинг яқинлари мурдани дафн этишдан олдин унинг баданидаги қийноқ изларини видеотасвирга олган. К.Жуманиёзовнинг кўкрак қисмида кучли зарбалардан қолган аломатлар яққол кўриниб турган. Бундан ташқари, унинг елкаси сингани ҳам аниқланган.

Ҳисоботда таъкидланишича, келтирилган ҳолатлар мамлакатда қийноқлар нечоғли кенг тарқалганидан далолат беради. Аммо, дейилади унда, расмий Тошкент бу маълумотларни инкор этмоқда. Расмийларнинг билдиришича, Отамаза Ғафуров юрак хуружидан, Ориф Эшонов қон босими кўтарилишидан вафот этган. К.Жуманиёзов ва Н.Замонов эса ўз жонларига қасд қилган.

Расмий Тошкент томонидан айтилган изоҳлар ҳақиқатдан йироқлигини, ҳисоботда қайд этилишича, бир ҳолат яққол исботлайди. Яъни номлари келтирилган марҳумларнинг яқинлари таъкидлашича, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари майитни ўз яқинларига топширар экан, бу ҳақда овоза қилмаслик ҳақида жиддий огоҳлантирган.

Ҳисоботда ҳуқуқ-тартибот органлари истаган фуқарони мутлақо асоссиз равишда ҳибсга олиши ҳоллари мамлакатда кенг тарқалгани қайд этилади. Ҳужжат муаллифларининг таъкидлашича, мазкур идоралар ходимлари товламачилик мақсадида шундай йўл тутади.

Аммо Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили ҳисоботда келтирилган айни ҳолатни инкор этди.

“Ўзбекистонда ҳеч ким асоссиз ушланмайди. Чунки бирорта одам шубҳа уйғотса, уни текшириб, чора кўриш ички ишлар ходимларининг вазифасидир”, деди у.
XS
SM
MD
LG