Линклар

Мухолифатга ҳам, журналистларга ҳам тинчлик йўқ


Шайбон АҚШ Давлат департаментининг яқинда эълон қилинган “2003 йилда дунёда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятга оид ҳисобот”ида Ўзбекистонда мухолифат аъзоларининг таъқиб-тазйиққа олинаётгани, ОАВ ва журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатларига кенг тўхталиб ўтилган.

Ҳисоботда ёзилишича, 2003 йил 23 мартда “Эрк” партияси аъзоси Ҳасан Қамбаров Чирчиқ шаҳри милицияси ходимлари томонидан ҳибсга олинган ва ўша йилнинг 14 майига қадар ушлаб турилган. Унинг яқинлари айтишича, бу вақт мобайнида Ҳ.Қамбаров турли қийноқларга дучор қилинган. У озодликка чиққандан сўнг кўп ўтмай – 22 майда қайтадан ҳибсга олинган ва узоқ муддат ушлаб турилган, яна қийноққа тутилган.

Аммо, дейилади ҳисоботда, ички ишлар ходимлари Ҳ.Қамбаров қийноққа дучор қилинганини инкор этмоқда. Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, Ҳ.Қамбаров мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Давлат департаменти ҳужжатида ўтган йилнинг октябрь ойида “Эрк” партияси аъзолари Ойгул Маматова ва Абдуҳошим Ғафуровга нисбатан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан амалга оширилган хатти-ҳаракалар ҳақида ҳам маълумот берилган. Унда айтилишича, эркчилар кетаётган машинадан партиянинг муҳожиротдаги лидери Муҳаммад Солиҳ қаламига мансуб китоблар топилгач, улар Собир Раҳимов тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Милиционерлар уларнинг уйида ноқонуний тинтув ўтказган. Тинтув вақтида партияга тегишли ҳужжатлар ва компьютер мусодара қилинган. Ушбу воқеа боис О.Маматова мусодара қилинган буюмлар қайтариб берилиши талаби билан очлик эълон қилган. “Эрк” партияси бир неча кун давомида норозилик акциялари уюштирган. Аммо милиция акция иштирокчиларига нисбатан куч ишлатган.

Ҳисоботда, шунингдек, “Бирлик халқ ҳаракати” партияси вакили Эргаш Бобожоновнинг ҳибсга олиниши ва унга қарши уюштирилган қалбаки айбловлар ҳақида ҳам маълумот берилган.

Ҳужжатда ОАВ ва журналистлар фаолиятини чеклашга уриниш ҳоллари хусусида кенг тўхтаб ўтилган. Унда айни пайтда маҳбусликда сақланаётган журналистлар Руслан Шарипов, Шоназар Ёрматов, Боймамат Жумаев, Тўхтамурод Тошев ҳамда ўтган йилнинг 7 март куни Чорсу бозори яқинида калтакланган “Озодлик” ва “Америка овози” мухбирлари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилган. Шу билан бирга, “Туристон-пресс” ахборот агентлигининг икки нашри - “Время и мы” ва “Моҳият” газеталарига оид маълумотлар келтирилган. Эслатиб ўтамиз, молиявий инқироз баҳонасида “Время и мы” фаолияти ўтган йили расман тўхтатилганди. Орадан кўп ўтмай “Моҳият”да чоп этилаётган мақолалар “Туркистон-пресс” раҳбарияти томонидан кучли цензура қилингани учун газета жамоаси норозилик сифатида ёппасига ишдан кетган эди.

Ҳисоботда Ўзбекистонда ОАВ устидан кучли назорат ҳамон мавжудлиги қайд этилади. Унда ёзилишича, газеталарда берилаётган мақолалар учун бош муҳаррирлар жавобгар бўлиши ҳақида кўрсатма берилиши журналистларнинг ўз-ўзини цензура қилишини кучайтириб юборган.

Ҳисоботда келтирилган маълумотлар юзасидан Ўзбекистон расмийлари ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.
XS
SM
MD
LG