Линклар

logo-print

Қовчиндан ночор қишлоқлар кўп эди-ку


Фирдавс Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Қовчин қишлоқ фуқаролар йиғинида “Заковат” тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ахборот жамғармаси лойиҳаси асосида маҳаллани ривожлантириш бўйича бир қанча ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.

24 февраль куни ана шу лойиҳанинг биринчи босқичи бошлангани эълон қилинди. Тадбирда “Заковат” жамғармаси раҳбари Вольфганг Шрайбер ҳам иштирок этди.

Ташкилотчиларнинг билдиришича, лойиҳани амалга ошириш учун вилоятлардаги қўллаб-қувватлашга муҳтож 9 туман танлаб олинган. Бу туманлардаги шароити энг оғир бўлган битта маҳалла ёки қишлоқ фуқаролар йиғинида бир қанча ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Лойиҳа раҳбари Ботир Дўстовнинг айтишича, лойиҳанинг умумий қиймати 16 миллион 750 минг долларни ташкил этади. Бу маблағ Германия ҳукумати томонидан ажратилган.

“Лойиҳанинг асосий мақсади қишлоқларда инфратузилма муаммоларини ҳал қилиш, ёшлар учун янги иш жойлари ташкил этишдир. Унинг биринчи босқичида маҳаллаларга компьютер, принтер, факс берилади. Шунингдек, танлаб олинган маҳаллалардаги ичимлик сув, газ ва электр энергияси таъминоти муаммоларини ечишга кўмаклашилади”, деди Б.Дўстов.

Хўш, Қашқадарёдан нега айнан Қовчин қишлоғи танлаб олинди?

Маълумотларга кўра, бу қишлоқ Яхши Омонов ширкат хўжалиги ҳудудида, туман марказига яқин ерда жойлашган. Хўжалик эса вилоятдаги энг бойлардан ҳисобланади. Қовчинликлар ичимлик сув, газ, электр энергияси билан таъминланган.

Қовчин қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Ҳақберди Жўраевнинг таъкидлашича, қишлоқ ичимлик сув билан тўлиқ таъминланмаган. Лойиҳа бўйича бу муаммо буткул ечилиши режалаштирилган.

Маҳаллий кузатувчиларнинг эътирофича, вилоятда ичимлик сув, газ ва электр энергияси таъминотида тез-тез узилишлар бўлиб турадиган қишлоқлар жуда кўп.

Лойиҳа муаллифлари нега айнан шундай қишлоқлар танланмагани тўғрисидаги саволга маҳаллий ҳокимлик лойиҳани шу қишлоқда амалга оширишни тавсия этган, дея жавоб берди.

Маълумотларга кўра, Қашқадарё қишлоқларнинг бор-йўғи 60 фоизи табиий газ билан таъминланган. Бу кўрсаткич Чироқчи туманида 25 фоизни ташкил этади, Қамашида эса 33 фоиздан ошиқроқдир. Тоза ичимлик сув бўйича кўрсаткичлар ҳам бундай юқори эмас.
XS
SM
MD
LG