Линклар

Пекинда олти мамлакат расмийлари иштирокидаги музокаралар тугади.

  • Ҳасанжон

Шимолий Кореянинг ядровий дастури бўйича юзага келган бўҳронни хал қилиш бўйича олти мамлакат, Хитой, Россия, Япония, Жанубий Корея, АҚШ ва Шимолий Корея вакиллари ўртасидаги музокараларнинг сўнгги даврасида сезиларли олдинга силжиш қайд этилмади.

Хитой Ташқи Ишлар Вазири Ли Жаоксин учрашувнинг ёпилиши маросимида сўзлаган нутқида тарафлар ўртасида жиддий фарқ борлигини билдирди: “Сўзлашувлар давомида турли томонлар ўртасидаги фарқ кичрайди ва бироз умумий муросага келинди. Шунга қарамай томонлар ўртасида фарқ сақланиб қолмоқда”, - деди Хитой Ташқи Ишлар вазири.

АҚШнинг юқори лавозимли расмий вакили эса, музокаралар муваффақиятли ўтганини, Шимолий Кореядан ташқари барча томон Пхеняннинг ядровий дастури тўхтатилиши керак, деган фикрда эканликларини таъкидлади.

Интерфакс ахборот агентлиги хабарига кўра, музокаралар иштирокчиси, Россия Ташқи Ишлар вазири ўринбосари вазифасини вақтинча бажараётган Александр Лосюков сўзлашувларда эришилган муваффақият сезиларли эмас, деган.

Жанубий Корея вакили Ли Су-Хюк учрашув муҳити ҳақида шундай деди: “Ушбу нозик масала истиқболи юзасидан олти давлат вакилларининг барчаси эҳтиёткорлик билан фикр билдирдилар. Қўшма баёнот матнини тузишда олти давлат вакиллари бир-бирларини яхшироқ тушунишди”, - деди Жанубий Корея вакили.

Музокаралардан кейин Шимолий Корея вакили қўшма баёнот матнига 11 соат давомида эътироз билдирганидан кейин ниҳоят унга розилик берди.

Шу сабабли музокаралар белгиланган муддатдан уч соат кейин тугади. Тўрт кун давомида ёпиқ эшиклар ортида ўтган сўзлашувлар жараёнида оммавий ахборот воситалари вакилларига ҳеч қандай маълумот тарқатилмади. Фақат пайшанба куни Шимолий Корея АҚШ ва Жанубий Корея ўзининг “душманчилик сиёсати”га барҳам бериши эвазига Шимолий Корея ўзининг ядровий дастурини амалга оширишни тўхтатишини маълум қилгани билдирилди. Шунингдек, Шимолий Корея ўзининг ядровий дастуридан воз кечиши эвазига иқтисодий ёрдам кўрсатилиши ва мамлакат хавфсизлиги кафолатланишини хоҳлайди.

Музокараларда қатнашган АҚШ расмийлари, агар Шимолий Корея ўзининг ядровий дастуридан буткул воз кечишга рози бўлса, Вашингтон амалга оширадиган тадбирлар ҳақида маълумот берган.

АҚШ Шимолий Кореяни ядровий қурол яратиш учун уранни бойитиш дастурини амалга ошираётганликда айбламоқда. Ўз навбатида Шимолий Корея эса бу айбловларни рад этмоқда.

“Шимолий Корея ўзининг ядровий дастуридан воз кечишни рад этаётгани мамлакатни фақат ўзини-ўзи изоляция қилиш ҳолатига олиб келиши мумкин”, - деди Пекинда журналистлар саволларига жавоб берган АҚШ расмийси.

Бироқ жума куни кечқурун Япония вакиллари АҚШ Шимолий Кореяда шундай дастур борлигини исботловчи далил келтирмаганини айтдилар.

Шундай қилиб Шимолий Кореянинг ядровий дастури юзасидан олти томонлама олиб борилаётган музокараларнинг навбатдаги давраси жорий йилнинг иккинчи чорагида яна Пекинда ўтадиган бўлди.
XS
SM
MD
LG