Линклар

logo-print

Президент Аристид Ҳаитини тарк этди

  • Ҳурмат Бобожон

Давомли халқ қўзғолонлари халқаро ҳамжамият босимларидан сўнг якшанба куни Ҳаити Президенти Жан Бертранд Аристид мамлакатни тарк этди.<i/>

Айрим малумотларга кўра, Аристид Доминикан Республикасига учиб кетган. Ахборот агентликлари тарқатган маълумотларда айтилишича, Ҳаити рахбари чет давлатлардан, хусусан Марокаш, Панама ёки Тайвандан сиёсий бош пана сўраш ниятида. Ўтган хафта унинг икки қизи Нью Йорк шаҳрига, қариндошлари ёнига учиб кетишган эди.

Кузатувчилар Жан Бертранд Аристиднинг мамлакатни ташлаб кетишини АҚШ раҳбариятининг босимлари натижаси сифатида кўрмоқдалар. Олдинроқ Оқ Уй маъмурияти Ҳаити рахбарига нисбатан кескин баёнот билан чиққан эди. Мазкур баёнотда мамлакатда юзага келган фуқаролар урушида айнан Президент Аристид ва нодемократик сиёсати сабабчи бўлгани айтилган. Шунингдек, Оқ уй матбуот котибиятининг айни баёнотида Ҳаитининг бундан буён мамлакатни бошқара олиши шубҳа остига олинган эди.

"Бу кўпдан бери етилиб келаётган сиёсий таназзул жаноб Аристид сиёсати махсулидир. Унинг демократик тамилларга риоя этмагани мамлакатни шундай аҳволга олиб келди ва жамиятда бўлиниш ҳамда бугун Ҳаитида кузатаётганимиз қонли қўзғолонларга сабаб бўлди", - дейилади АҚШнинг расмий баёнотида Қолаверса, Хаитининг собиқ мустамлакачиси бўлган Франция ҳам Жан Бертранд Аристид истэъфосини талаб этган эди. Халқаро ҳамжамиятнинг, қолаверса мамалкат ичкарисидаги исёнчиларнинг бундай талабларидан сўнг Хаити раҳбарининг мамлакатни тарк этишдан бошқа чораси қолмади, дейишади кузатувчилар.

Айни пайтда Буш маъмурияти Аристиднинг мамлакатни тарк этиш қарорини олқишлади. Бу халқ тинчлиги йўлида қилинган ҳаракат экани айтилади, Буш маъмурияти баёнотида.

Ҳозирда Ги Филип бошлиқ Ҳаити исёнчилари пойтахт Порт-о-Пренс сари юришни тўхтатганлар. Ҳозир қуролли исёнчилар Ҳаити пойтахтидан 40 километр узоқда туришибди. Улар мамлакатнинг ярмини ўз назоратлари остига олганлар. Айни пайтда мамлакатнинг қолган қисмларида сиёсий бош-бошдоқлик ҳукмрон. Худди Ироқда Саддам Ҳусайн ағдарилган дастлабки кунлардаги каби Хаитида ҳам аҳоли давлат идораларидан қўлларига илган нарсаларни олиб чиқиб кетмоқдалар. Бундай тартибсизликлар олдини олиш учун, Франция Хаитига халқаро кучлар юбориш ташаббусини олға сурган. Чунки, Ҳаити каби узоқ йиллик авторитар бошқарувни бошидан кечирган давлатда демократик хокимият алмашинувини жорий этиш анча вақт олишини айтишмоқда Париж расмийлари.
XS
SM
MD
LG