Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:00

Қозоғистонда гап пойлаш қонунлаштирилмоқда


Абдуллоҳ Эргаш

Қозоғистон Парламентида “Алоқа тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Мустақил ахборот воситалари томонидан тарқатилаётган маълумотларга кўра, ушбу қонун аҳолининг телефон суҳбатларини эшитиш ва ёзиб олишда махсус хизматларга қўйилган барча қонуний тўсиқларни олиб ташлайди ҳамда махсус хизматларнинг исталган шахс телефон мулоқотларини прокурор рухсатисиз эшитишига имкон беради. Шу билан биргаликда, Қирғизистон ва Ўзбекистонда ҳам мухолифат вакилларининг телефон мулоқотлари ҳуқуқ-тартибот тизимлари томонидан ноқонуний тарзда эшитилиши ҳолатлари кузатилмоқда.

Ёдингизда бўлса, январ ойида Қирғизистон Парламенти депутатларининг иш жойларидан эшитувчи мосламалар топилганлигини хабар қилган эдик. Кейинроқ эса депутатлар телефонларига ҳам суҳбатларни эшитиш имконини берадиган мосламалар ўрнатилгани аниқланган эди. Қирғизистон парламенти депутатлари бу борада катта жанжал кўтардилар. Ҳукумат расмийлари эса эшитувчи мосламалар махсус хизматлар томонидан ўрнатилмаганлигини билдириб, парламент биносини қўриқлашни кучайтиришга ваъда берган эдилар.

- Мен аниқ кафолатлайманки, бу ҳукумат тизимлари ва махсус хизматларнинг иши эмас. Бу эшитувчи мосламалар қандайдир бошқа гуруҳ ёки шахслар томонидан ўрнатилган бўлиши мумкин. Ҳукумат депутатларнинг суҳбатларини эшитиш ва ёзиб олишдан манфаатдор эмас,- деган эди ўшанда Қирғизистон Бош Вазири ўринбосари Ўсмонов.


Қозоғистон Парламентидаги баъзи депутатлар ҳам қирғизистонлик ҳамкасблари каби ўз телефон суҳбатлари ноқонуний тарзда махсус хизматлар томонидан эшитилаётганлигини айтадилар:

- Менинг депутат ва мухолифат аъзоси сифатида телефон мулоқотларим, албатта, эшитувга қўйилганига имоним комил,- дейди депутат Серикболсин Абдилдин.

Қозоғистонлик депутат Серикбай Алибаев “Независимая газета”га берган суҳбатида: “Бироқ бу масалада жанжал кўтаришга депутатларнинг юраги дов бермаяпти. Бизнинг парламент Қирғизистон парламентидан анча фарқ қилади. Бизнинг депутатларимиз ҳукуматдан анча юрак олдириб қўйган”,- деб маълумот беради.


Қозоғистон ҳукумати Парламент муҳокамасига топширган “Алоқа тўғрисида”ги қонун эса мамлакат махсус хизматлари томонидан йўлга қўйилган ноқонуний телефон эшитувларини қонунийлаштиради. Қонуннинг биринчи боб 13 моддасида “Барча операторлик хизматлари ҳуқуқ-тартибот тизимларининг исталган абонент тармоғига кира олишини таъминлаши зарур”, дейилади. Депутат Серкебай Алибаевга кўра, бу қонуннинг ҳукумат босими остида бир овоздан қабул қилиниши кутилмоқда. Қозоғистон Парламентининг яна бир депутати Серикболсин Абдилдин, бу қонун мамлакатда махсус хизматлар устиворлигини таъминлайди ва мухолифатга қарши курашда жуда қўл келади, деган фикрда:

- Қозоғистонда қабул қилинаётган барча қонунлар биринчи ўринда ҳукумат ва ҳокимият манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади. “Алоқа тўғрисида”ги қонун биринчи навбатда журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатдаги депутатларни назоратда ушлаб туриш мақсадида ишлаб чиқилган”,- дейди депутат Серикболсин Абдилдин.

Суҳбатдошимизга кўра, Қозоғистон ҳукумати исталган шахснинг телефон мулоқотларини эшитишни таъминловчи қонунни амалиётга киритиш билан, фуқаролар конституцион ҳуқуқларининг қупол тарзда бузилишига йўл очаётир. “Иккинчидан эса, бу ҳолат Қозоғистоннинг полиция давлатига айланаётганидан далолатдир”, - дейди Серикболсин Абдилдин. Қозоғистон расмийлари эса, бу қонун мамлакат хавфсизлигини кафолатлаш учун ўта муҳимдир, деб таъкидлашни қўймаяптилар.

Шу ўринда бирров, Ўзбекистондаги вазиятга ҳам назар ташласак. “Демократик ташаббуслар маркази” раҳбари Искандар Худойберганов ҳукуматга танқидий муносабатда бўлган шахсларнинг телефон суҳбатлари Қозоғистон ёки Қирғизистондан кам бўлмаган тарзда эшитувга қўйилганлигини айтади.

“Махсус хизматларнинг ўз услуби бор. Бу услуб шунчалик танишки, телефон мулоқотларингиз ёзиб олинаётганлигини ўзингиз сезиб турасиз. Ҳукуматга танқидий қарашда бўлган ҳар бир одамнинг ҳар бир гапи ёзиб борилади. Мен телефон мулоқотлари очиқдан-очиқ ёзиб олинади, дейишим мумкин”,- дейди Искандар Худойберганов.
XS
SM
MD
LG