Линклар

Ироқ Бошқарув Кенгаши муваққат конституцияни маъқуллади

  • Ҳурмат Бобожон

Давомли тортишув ва бахс-мунозаралардан сўнг душанба куни Ироқ Бошқарув Кенгаши аъзолари мамлакатнинг муваққат конституцияси юзасидан муросага эришдилар. Курдистон мухторияти ҳамда мамлакатни идора этишда Исломнинг роли масаласи шу пайтгача жиддий тортишувларга сабаб бўлаётган эди.
Мазкур жараённи матбуот орқали кузатган ҳамкасбим Ҳурмат Бобожон ҳозир студияда.

(Зебунисо): Ҳурмат дастлаб Бошқарув Кенгаши маъқул деб топган Ироқнинг янги муваққат конституцияси моҳияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

(Ҳурмат Бобожон): Зебунисо, мазкур ҳужжат Ироқда хокимият шу йил 30 июнда ироқликларга топширилган пайтдан то мамлакатда сайловлар ўтказилиб, доимий Конституция қабул қилингунга қадар, суверен ҳукумат учун қонуний асос бўлиб ҳизмат қилади. Шу боисдан ҳам бу ҳужжат муваққат конституция, деб айтилмоқда. Ушбу муваққат конституция ироқликлар ҳуқуқларини, шу жумладан уларнинг сўз ва эътиқод эркинликларини таъминлайди. Саддам Ҳусайн даврида Ироқ халқи бу ҳуқуқлардан махрум эди.

(З): Ҳурмат, Курдистон Мухторияти ҳамда қонунчилик соҳасида Шариат қонунларининг роли қандай бўлиши кераклиги масаласи шу пайтгача жиддий тортишувларга сабаб бўлаётган эди. Ироқ Бошқарув Кенгаши маъқуллаган муваққат конституцияда мана шу жиҳатлар нақадар ўз ифодасини топди.

(ҲБ): Мамлакат қонунчилигида Ислом ва шариат роли ҳақида гапирадиган бўлсак, Бошқарув Кенгаши маъқуллаган Конституция лойиҳасида бу масала бўйича маълум муросага эришилган. Хусусан, ҳужжатда Ислом қонунчиликнинг манбааларидан бири бўлиши кераклиги қайд этилади. Яъни, ҳужжатга кўра, Ироқда ҳеч бир қонун Ислом асосларига зид бўлмаслиги керак.
Аммо, гарчи Бошқарув Кенгаши маъқул деб топган муваққат конституция лойиҳасида Ислом дини Ироқда расмий дин сифатида эътироф этилса-да, шариат қонунлари мамлакатнинг бош қонуни бўлолмаслиги айтилади. Инсон ҳуқуқлари ва демократияни рағбатлантириш билан шуғулланувчи АҚШ-Ироқ гуруҳининг Бағдоддаги вакили Аммар аш-Шабандар янги конституция лойиҳасида дунвий қонунларга ҳам ўрин берилгани кўплаб ироқликларга маъқул келишини таъкидлайди:
"Ушбу дунёвий қонунлар доирасида мамлакатда Шариат маҳкамаларини тузмай ҳам, Ислом қонунларига амал қилса бўлади. Қолаверса, мазкур қонунлар Ислом қонунларга асосланади. Аммо, улар замона зайлига мослаштирилган",
-деди Аммар аш-Шабандар.

Кўриниб турибдики, бу ерда шариат қонунлари тарафдорларининг ҳам талаблари маълум маънода инобатга олинган.

(З):Ҳурмат, курдларга мухторият бериш масаласида қандай муросавий тўхтамга келинган?
(ҲБ): Ироқ аҳолисининг 20 фоизини ташкил этувчи, 1991 йилдан бери маълум мухториятга эга бўлиб келган курдларнинг истаклари ҳам қисман қондирилган конституцияда. Яъни, улар Ироқ шимолида фаолият олиб борувчи "Пеш мерга" миллий посбонлар қисмларини сақлаб қолишга эришдилар. Биласиз, араблар ва АҚШнинг Ироқдаги маъмурияти курдларнинг миллий посбонлар кучларини янги тузилажак Ироқ армияси ва хавфсизлик кучлари таркибига қўшишни хоҳлашаётган эди.
Янги конституция лойиҳасида федерал бошқарув тизимининг асосий тамоиллари олға сурилади. Хусусан, ҳужжатга кўра, курдлар маъмурий бошқарув масаласида мухториятга эга бўлишади.

(З): Ҳурмат, биласиз курд етакчилари Бошқарув Кенгаши ва АҚШ маъмуриятидан Курдистон харитасини курдлар яшайдиган бошқа ҳудудлар, яъни Саддам Ҳусайн даврида босиб олинган худудлар ҳисобига кенгайтириб беришни талаб этаётган эди. Бу масала янги муваққат Конституцияда қанчалик ечимини топди?

(ҲБ): Констиутция лойиҳасида Курдистон чегаралари ҳозирча ўзгармай қолиши лозимлиги айтилади. Аниқроғи, бу масала Ироқда муваққат ҳукумат тузилгунга қадар қолдирилган.

(З): Қачондан бошлаб кучга киради бу конституция.
(ҲБ): Бошқарув Кенгаши янги конституцияни Чоршана куни имзолаши кутилмоқда. Ҳужжат АҚШнинг Ироқдаги маъмурияти бошлиғи Пол Бремер тасдиғидан сўнг кучга киради. Хабарларга кўра, Бремер Бошқарув Кенгаши ишлаб чиққан конституция лойиҳасини маъқул деб топган.
XS
SM
MD
LG