Линклар

logo-print

Аёллар нодавлат ташкилотлари хавф остидами?

  • Барно Анвар

Бугунги кунда Ўзбекистонда жами 4000 мингга яқин нодавлат ташкилот рўйхатга олинган бўлиб, норасмий маълумотларга кўра, уларнинг деярли ярмини аёллар ташкилотлари ташкил этади.

Кузатувчиларнинг эътирофича, аёллар ташкилотлари орасида жамоатчилик назарига тушгани 400 га яқин, холос. Бироқ улар ҳам давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда турли муаммоларга дуч келмоқда.

Аксарият нодавлат ташкилотлар хорижий донор муассасалар, халқаро хайрия жамғармалари томонидан бериладиган грантлар асосида фаолият кўрсатади. Аммо яқинда Ўзбекистондаги барча хорижий ташкилотларнинг одатдагидек Ташқи ишлар вазирлигида эмас, балки Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиши кераклиги талаби қўйилди. Қайта рўйхатдан ўтиш ва фаолиятини янги талабларга мувофиқлаштириш аксарият хорижий ташкилотлар ва маҳаллий нодавлат ташкилотлари учун бир талай мураккабликларни юзага келтирмоқда. Хусусан, қайта рўйхатдан ўтказиш жараёнида уларнинг мамлакатдаги фаолияти тўхтатилгани боис, банкларидаги ҳисоб рақамлари орқали маҳаллий нодавлат ташкилотларига пул ўтказиш ҳам бекор қилинди. Бу эса кўплаб аёллар нодавлат ташкилотларининг ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришга мажбур этмоқда. Адлия вазирлиги хорижий ташкилотларнинг вазирликда рўйхатдан ўтиши жараёнини 1 мартга қадар якунлашини билдирган.

Аёллар ресурс марказининг 8 март – Хотин-қизлар куни муносабати билан электрон ахборот воситалари орқали тарқатилган мурожаатномасида шундай дейилади:

“Хорижий ташкилотларнинг Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиши кераклиги ҳақидаги талаб маҳаллий нодавлат ташкилотларнинг хорижий донор ташкилотлар билан муносабатларини чекламоқда. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2004 йил 4 февралда эълон қилинган навбатдаги қарор ҳам нодавлат ташкилотлар фаолиятини чеклайди. Чунки ушбу қарорга кўра, эндиликда барча нодавлат ташкилотлар тижорат банкларидаги ҳисоб рақамларини ёпиб, Ўзбекистон Миллий банки ва “Асака” банкидагина очиши лозим. Қарор муқаддимасида бундан асосий мақсад банк ҳисоб рақамларидан пулнинг ноқонуний ўзлаштирилиши олдини олиш экани айтиб ўтилган. Бироқ шундай қарорга келиш учун жиддий асос борми? Қолаверса, бу қарор нодавлат ташкилотлари тўғрисидаги қонунчиликка ҳам зид келади-ку!”

“Аёл ва жамият” ташкилоти раҳбари Наталья Муравьёва ҳисоб рақамларни мазкур икки банкдагина очиш талаби аксарият нодавлат ташкилотлари фаолиятига нуқта қўйиши мумкинлигини тахмин қилди. Унинг таъкидлашича, ҳисоб рақамларини бу банкларга кўчириш анчагина вақт ва харажат талаб этади. Фаолияти учун аранг маблағ топаётган нодавлат ташкилотлар учун бу анча мураккабликлар келтириб чиқаради.

Кўпчилик нодавлат ташкилотлар ушбу қарор юзасидан Марказий банк ҳамда Олий Мажлисга мурожаат қилгани, бироқ ҳунузгача аниқ жавоб олинмаганини айтилмоқда.

Ўзбекистонда уч йилдан буён “Меҳр” аёллар жамияти фаолият юритар эди. Эндиликда бу жамият йирик уюшмага айлантирилиб, ихтиёр билдирган аёллар нодавлат ташкилотларининг унга бирлашиш имконияти пайдо бўлди. Уюшма раиси Зулфия Тўхтахўжаеванинг билдиришича, бундай тузилма мамлакатдаги аёлар ташкилотларининг, у хоҳ давлат, хоҳ нодавлат бўлсин, самарали фаолияти учун муҳим. Унинг мақсади Ўзбекистон аёлларининг мушкулини осон қилиш ва уларга хизмат кўрсатишдир. Уюшма кенгайса, кучлар ва имкониятлар бирлашиб, катта ишларни амалга ошириш мумкин.

З.Тўхтахўжаева шу кунга қадар 55 та аёллар нодавлат ташкилоти уюшмага аъзо бўлиш учун ариза берганини маълум қилди
XS
SM
MD
LG