Линклар

Интернет порнографияси жиноятми?

  • Ҳурмат Бобожон

Шу кунларда Америка Қўшма Штатларида болаларни ҳар хил порнографик сайтлардан ҳимоялаш масаласи ҳар қачонгидан долзарб бўлиб турибди. Илгари бу борадаги қонун лойиҳаси АҚШда сўз эркинлигига хилоф, деб топилиб, мамлакатнинг қуйи суд тизимларида юристлар қаршилигига учраган эди. Эндиликда дунё Интернет тармоғида порнографик саҳифалар ҳажми мисли кўрилмаган даражага етар ва балоғатга етмаган ёшларнинг Интернетга қизиқиши ортар экан, масала қайта кун тартибига кўтарилган кўринади.

Яқинда Буш маъмуриятининг бош ҳуқуқий маслаҳатчиси Теодор Олсон, Интернетдаги порнографик сайтлар билан боғлиқ муаммо кўламини ўрганиш мақсадида дам олиш куни уйидаги компютери ёрдамида тармоқдаги порно-сайтларни кўздан кечирди. Олсон Интернетдаги қидирув тизимида "free porn" сўзини териши билан 6 миллион порно-сайт рўйхати унинг компютери экранида пайдо бўлди.

Сешанба куни Оқ Уй расмийси бу ҳақда АҚШ Олий Судига ҳисобот берар экан, ҳамма порно сайтга кириб чиқишга вақти бўлмаганини айтди. Гарчи, Буш маъмурияти ҳуқуқий маслаҳатчисининг бу гапи Олий Суд мажлисида ҳозир бўлган кўплаб америкалик юристлар кулгисига сабаб бўлган бўлса-да, Олсон сўзидан муаммонинг кўлами нақадар катта эканини тушуниш осон эди.

Шунга қарамай, ҳалигача Америкада Интернет порнографиясига қарши қонуний чоралар кўриш масаласи қизғин тортишувлар марказида қолмоқда. Айрим ҳуқуқшунослар, бундай чораларнинг қабул қилиниши сўз эркинлиги тамойилларига зид эканини айтишса, айримлар болаларни фақат қонун қабул қилиш йўли билан ҳар хил порно-сайтлардан ҳимоялаш мумкин деган фикрда.

Ана шу мақсадда 1998 йилда АҚШда Интернетда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Унда махсус кардлар ёрдамида порнографик сайтларга киришни йўлга қўйиш, бунга риоя қилмаган веб-саҳифа эгаларини олти ойгача қамоқ жазосига тортиш ва уларга 50 минг долларгача жарима солиш назарда тутилган эди. Аммо, ҳалигача ушбу қонун лойиҳаси Американинг қуйи суд тизимларида тортишувларга сабаб бўлмоқда.

Хўш, бундай қонуний йўл билан Интернет порнографиясига қарши кураш ўзини оқлаши мумкинми? Бу саволга "Фергана Ру" Интернет нашри асосчиси Даниил Кислов жавоб беради.
"Интернетда порнография, айниқса, болалар порнографияси ҳақида гапирадиган бўлсам, албатта бу оғриқли масала. Менимча Интернетни "офф-лайн", яъни ҳозирги реал ҳаётимиздаги каби қонунлар йўли билан тартибга солиш керак. Шундай экан, қайсидир веб-саҳифада ҳаётимизга ёт бўлган унсурлар, болалар порнографияси, гўдакларни фоҳиша сифатида сотиш ёки бошқа жиноёткорона ҳатти-ҳаракатлар қайд этилса, албатта, уларни таъқиқлаш керак", - дейди Кислов.

Кўпчилик мутахассислар веб-саҳифаларни қонуний йўл билан тартибга солиш масаласига скептик муносабатда. Компютер мутахассислари қонуний меъёрлар виртуал дунёда натижа беришига шубҳа билан қарамоқда. Шундай экан, техник жиҳатдан Интернет тармоғида болаларни порнографик сайтлардан четлаштиришнинг имкони борми? Бу саволга Кислов шундай жавоб беради.

"Бу бошқа масала. Чунки, техник жиҳатдан қайсидир сайтни ёпиш жуда мушкул. Албатта, бирон сайтни тўсиб қўйса бўлади. Лекин эртага у бошқа провайдер орқали яна пайдо бўлиши мумкин. Шундай экан, уларга қарши кураш Интернет фойдаланувчиларининг ўзларига кўпроқ боғлиқ. Агар катталар уларнинг болалари ёки укалари порнографик сайтлардан узоқроқ бўлишларини истасалар, уларнинг ўзлари гуручни курмакдан тозалашлари керак. Сабаби, агар бундай сайтларга кирилмаса ва шу йўл билан сайтлар оммавийлигини йўқотса, эртами кеч уларнинг куни битади", - дейди "Фергана Ру" сайти асосчиси Даниил Кислов.
XS
SM
MD
LG