Линклар

Балиқ икраси экспорти Каспийдаги балиқ турлари камайишига сабаб бўлмоқда

  • Ҳасанжон

“Тоза табиат” рукнининг бугунги сони бакра балиғи икраси экспорти Каспийдаги балиқ турлари камайишига сабаб бўлаётгани мавзуида.

АҚШ 2002 йилда 3 тонна бакра балиқ икраси, яъни, увилдириғини қонуний равишда импорт қилди. Қора икранинг бир килограмми 5 минг 500 долларгача нархда сотилди. Бироқ, ўша йили ўтказилган тадқиқот Каспий денгизидаги бакра балиғи ноқонуний равишда овлаш оқибатида, йигирма йил олдингига қараганда, 90 фоизга камайиб кетганини кўрсатди.

Шу сабабли, АҚШнинг “Балиқ ва Ёввойи Ҳайвонот Дунёси” номли ташкилот ўз тадқиқоти натижаларига асосланиб, бакра йўқ бўлиб кетиш тахликаси бор балиқ тури, деган хулоса чиқариши кутилмоқда.

Ташкилотнинг илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи Роберт Габлга кўра, агар бакра йўқ бўлиб кетиши мумкин бўлган балиқ тури, деб эътироф этилса, АҚШга қора икра импорти тўхтатилади. Россия ва Қозоғистон бундай чорага эътироз билдирмоқда. Чунки халқаро конвенциялар йўқолиб кетиш тахдидига учраган барча балиқ турларини ҳимоя қилишни кўзда тутган.

Бироқ, Ню Йоркдаги “Табиий Ресурслар Муҳофазаси Кенгаши” номли ташкилот таҳлилчиси Лиза Спир АҚШ увилдириқ импорти бўйича кескин чора кўриши кераклигини айтади:

“Бакра балиғи икраси импорти тўхтатилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки бу йўқолиб кетиш хавфига учраган балиқлар юмуртқаси. Шунинг учун АҚШ ажойиб балиқ йўқолиб кетишига ҳисса қўшмаслиги керак”, - дейди америкалик мутахассис.

Лиза Спирга кўра, Каспийдан увилдириқ экспортининг таъқиқланиши АҚШда бакра балиғини етиштиришга туртки бўлиши мумкин. Бироқ АҚШга энг кўп қора икра импорт қиладиган “Petrossian Incorporated” ширкати бошлиғи Петросян Америкада етиштирилган балиқ икраси сифати Каспий денгизидаги бакра увилдириғиникидан анча паст эканини таъкидлайди. Ҳозирда Петросянларнинг Ню Йоркдаги машҳур ресторанида бир порция қора икра сифатига қараб, 23 доллардан 550 долларгача туради.

Қозоғистоннинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот вакили Роман Вассиленко Қозоғистон Атроф Муҳит Вазирлиги бакрани муҳофаза қилиш масаласида АҚШдаги экология масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлар билан иш олиб бораётганини маълум қилди.

Василенко Озодлик радиосига бу ҳамкорлик Қозоғистонда бакра балиғини сақлаб қолиш ишларида муҳим рол ўйнаганини айтади: “Ўтган йил улар бир қанча бакра балиғини Каспийга қайтариш ҳамда балиқни ўлдирмасдан увилдириғини қўлда олиш бўйича лойиҳани муваффақиятли тугатдилар. Балки бу бакрани сақлаб қолишда алтернатив йўл бўлиши мумкин ”.

АҚШдаги “Балиқ ва Ёввойи Ҳайвонот Дунёси” номли ташкилотнинг вакили Роберт Габл ташкилоти биринчи галда бакра балиғи турини сақлаб қолишда ёрдам беришга ҳаракат қилаётганини айтади. “Айни пайтда, АҚШда қора икра импортини таъқиқлаш унинг ноқонуний савдосини келтириб чиқариши мумкин”, - дейди мутахассис.

АҚШдаги увилдириқ импорти билан шуғулланувчилар, қора икрани мамлакатга олиб келишни таъқиқлаш унинг ноқонуний савдосини тўхтата олмаслигини, чунки увилдириқни бир мамлакатдан бошқасига олиб ўтиш мушкул иш эмаслигини айтмоқдалар.

Россия ва Қозоғистога қараганда қора икрани камроқ экспорт қилувчи Озарбайжон АҚШга бакра увилдириғи импортини таъқиқлаш чораси Каспий ва Қора денгизда шу балиқ турини сақлаб қолишга ёрдам бериши мумкинлигини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG