Линклар

БМТ ташкилоти Туркманистон наркотикларга қарши курашда ҳамкорлик қилмаётгани хусусида хавотир билдирди

  • Ҳасанжон

Наркотикларни Назорат Қилиш Халқаро Қўмитаси эълон қилган ўзининг йиллик ҳисоботида Афғонистонда кўкнори ўстириш ва ундан наркотик моддалар тайёрлаш рекорд даражага етгани билдирилган. Ҳисоботда шунингдек, наркотиклар ноқонуний савдосига қарши курашда Туркманистон ҳозиргача халқаро ҳамжамият билан етарлича ҳамкорлик қилмаётгани хусусида ҳам ташвиш билдирилган.

Кенгашнинг 2003 йилги ҳисоботига кўра, Наркотикларни Назорат Қилиш Халқаро Кенгаши Афғонистон ўтиш даври ҳукумати ҳаракатларига қарамай, мамлакатда кўкнори етиштириш кўпаяётгани юзасидан ташвиш билдирмоқда. Афғонистоннинг Хилманд, Қандаҳор, Нангарҳор ва Ўрузгон вилоятларида кўкнори етиштириш бир қанча камайган бўлса-да, бошқа вилоятларда кўкнори кўпроқ экилган.

2001 йилда Наркотикларни Назорат Қилиш Халқаро Кенгаши героин ишлаб чиқаришда муҳим бўлган кимёвий моддани назорат қилиш бўйича “Топаз Операцияси” номли лойиҳани ишлаб чиқди. Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон “Топаз Операцияси”да қатнаша бошлаган, бироқ Туркманистон наркотикларга қарши кураш халқаро тадбирларига қўшилмаган.

БМТнинг Наркотикларга Қарши Кураш ва Жиноятчиликнинг Олдини Олиш идораси вакили МкКлинга кўра, Наркотикларни Назорат Қилиш Халқаро Қўмитаси Туркманистонни наркотикларга қарши курашга жалб этишга уриниб келаётгани, бироқ ҳозиргача бу борада сезиларли муваффақиятга эришилмаганини айтади: “Наркотикларни назорат қилиш борасида амалга оширилаётган тадбирларга Туркманистонни жалб этиш учун ҳар-хил чоралар кўрилди. Ҳисоботда ҳамкорликда амалга оширилган қатор фаолиятлар ҳақида сўз боради. Шунингдек, хужжатда Туркманистон минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ва халқаро хамжамиятнинг наркотикларга қарши курашига қўшилишига даъват этилган”, - дейди БМТ расмийси.

Афғонистон билан 700 км чегарага эга бўлган Туркманистоннинг наркотикларга қарши курашда минтақа ва халқаро ҳамжамият билан яқиндан ҳамкорлик қилиши муҳим аҳамиятга эга.

Наркотикларни Назорат Қилиш Халқаро Кенгаши ҳисоботида гиёҳванд моддаларни ишлатилган шприцлар орқали истеъмол қилиш кўп мамлакатлар, жумладан Марказий Осиё рес-каларида ҳам ОИТС ва Иммун Тақчиллиги Вируси тарқалишига асосий сабаб бўлаётганини билдиради. БМТнинг Наркотикларга Қарши Кураш ва Жиноятчиликнинг Олдини Олиш идораси вакили МкКлин бу ҳақда Озодлик радиосига шундай деди: “Ҳукуматлар ОИТС ва Иммун Тақчиллиги Вируси тарқалишининг олдини олиш учун гиёҳвандларга игналарни текинга алмаштириш каби тадбирларни амалга ошириши керак. Аммо бу чоралар гиёҳвандлик тарқалишини рағбатлантирмаслиги керак”, - дейди БМТ расмийси.

Афғонистонда рекорд даражада наркотиклар етиштирилиши Марказий Осиё давлатлари, жумладан Тожикистонга салбий таъсир этмоқда. Собиқ Совет Иттифоқи давлатлари ичида энг камбағал ҳисобланган Тожикистоннинг Афғонистон билан 1минг 200 километрлик чегараси Россия ва тожикистонлик чегарачилар томонидан суст қўриқланади. Шу сабабли Тожикистон Афғонистонда тайёрланган наркотик моддаларни Россия ва Европа давлатларига ташишда асосий транзит йўлига айланган. Бунинг устига, Тожикистон расмийлари орасида кенг тарқалган коррупция ҳам наркотикларнинг Афғонистондан республикага кириб келишига йўл очмоқда.

Тожикистондан қанча кўп наркотиклар ташилса, уларнинг маълум қисми ички бозорда сотилада. Бу эса республикада наркоманлар, ОИТС ва Иммун Тақчиллиги Вирусига чалинганлар сонининг ортиши, шунингдек наркотиклар билан боғлик жиноятлар сонининг ортишига ҳам сабаб бўлмоқда. Айни пайтда, наркотиклар муаммоси республикадаги ижтимодий-иқтисодий вазиятга ҳам путур етказмоқда.

2003 йилда Тожикистонда жами 9 минг 600 килограмм зиёд наркотик моддалар ғайриқонуний савдодан қайтарилди. Марказий Осиё рес-калари орасида Тожикистон наркотиклар мусодара этилиши бўйича биринчи, жаҳонда эса учинчи ўринда туради.
XS
SM
MD
LG