Линклар

Боку расмийлари Жума масжидини ёпишга қарор қилдилар


Фарангис Саид 1 март куни Боку шаҳрининг Себайл туман суди Жума масжиди биносини бўшатиш ҳақида ҳукм чиқарди. Расмийларга кўра, масжид ҳукумат мухолифлари йиғиладиган жой бўлган. Ҳукумат, масжидни ёпишни буюрар экан, унинг фаолияти ноқонуний бўлганини таъкидламоқда. Масжидга борадиган номозхонлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари эса буйруқни Президент Илҳом Алиевнинг сиёсий ва диний мухолифларга қарши қаратилган сиёсатининг бир кўриниши сифатида баҳолашмоқда.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Диний Эркинлик Халқаро Уюшмасининг Озаробайжондаги вакили Нажаф Аллавердиев ҳам шундай фикрда:

”Айримларнинг масжидни ёпгани ва бу баъзи “ташқи кучлар”га боғлиқ эканига ишонтиришга ҳаракат қилаётгани шубҳасиз. Аслида буларнинг бари ягона мақсад – масжид имоми Элдор Иброҳимўғлини қоралашга қаратилган. У Озарбайжондаги диний эркинлик вазиятини кузатиб боргани учун уч ойдан буён қамоқда ушлаб турилибди. Ҳукумат эса унинг оғзини ёпишга ҳаракат қиляпти, чунки у Озарбайжонда диний эркинликларни ҳимоя қилиб келган етакчи шахсдир”.

Жума масжиди имоми Элдор Иброҳимўғли 15 октябрдаги президентлик сайловларини кескин танқид қилган ва шу сабабли қолган 100 киши баробарида ҳибсга олинганлардан бири. Иброҳимўғли сайловлардан кейин авж олган зўравонликларни уюштирганликда айбланмоқда. У ҳали суд қилинмади.

Аммо 1 март куни суд қарори билан масжид тақдири аниқланди. Судья Юсуф Керимов мана бундай ҳукм чиқарди:

“Элдор Иброҳимўғли, Озар Рамизўғли ва Жума масжиди диндорлари гуруҳининг бошқа аъзолари Боку шаҳридаги Ичкари шаҳар, Зейналий кўчасида жойлашган масжид биносини бўшатишлари лозим.

Ичкари шаҳар Бокунинг эски қисми номидир. Айни вақтда Озарбайжонда “Ичкари шаҳар”, деб номланган маданий уюшма ҳам мавжуд. Суд қарорига айнан шу уюшманинг аризаси асос бўлганлиги айтилмоқда. Аризада Жума масжиди биноси ва унинг ёнидаги 15 асрда қурилган минора тарихий обидалар экани айтилиб, шу сабабли уларни ёпиш сўралади. Айрим маълумотларга кўра, Жума масжиди биносида гиламлар музейи очилиши мумкин.

Озарбайжон Диний Ишлар Қўмитаси раиси Рафиқ Алиев масжидни бўшатиш ҳақидаги суд ҳукмини қўллаб-қувватлар экан, бино Озарбайжон Маданият Вазирлигига қарашли экани ва маълум тарихий-маданий аҳамиятга эгалигини таъкидлайди. Масжид биносининг музейга айлантирилиши ҳаӄидаги маълумотларни эса расмий инкор этади.

Аммо Диний Эркинлик Халқаро Уюшмасининг Озарбайжондаги вакили Нажаф Аллавердиев Жума масжиди 1992 йилда Озарбайжон ҳукуматидан диндорлар қарамоғига берилгани, бир йил ўтиб Жума масжиди диндорлари гуруҳи Адлия Вазирлигида рўйхатдан ўтгани ва шу боис айнан улар бинонинг тўлақонли эгаси эканини таъкидлайди.

Масжиднинг ўзига келсак, суд ҳукмига қарамай, душанба куни унда Ашура, Муҳаммад Пайғамбар невараси Ҳусайннинг ўлдирилиши куни нишонланди. АҚШ ва Норвегия элчихоналари ходимлари масжидга бориб, вазиятни кузатиб турдилар.
XS
SM
MD
LG