Линклар

В.Норов: “Ўзбекистонда аёллар қийноққа солинмайди”


Шайбон 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раисаси Светлана Иноғомова ва ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Владимир Норов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Ўзбекистонда аёлларнинг ижтимоий мавқеини ошириш, оналар ва болалар ўлими олдини олиш ҳамда аёлларнинг ҳуқуқий ҳимояси хусусида маълумотлар берилди.

С.Иноғомованинг таъкидлашича, мамлакатда мазкур масалаларни қамраб оладиган бир қанча дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Бунинг учун ҳар йили давлат бюджетидан 100 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бу борада олиб борилаётган ишлар натижаси ўлароқ, юқорида тилга олинган муаммолар кўрсаткичи йилдан йилга пасайиб бораётир. Хусусан, Оролбўйидаги вазият ҳам бирмунча яхшиланган. Аммо вазият буткул яхшиланди, дейишга ҳали эрта.

Кузатувчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда диний эътиқоди учун жиноий жавобгарликка тортилаётган аёллар ҳам бор. Уларни ҳибсга олиш ва тергов жараёнида, қамоқхонада қийноққа солиш ҳолатлари мавжуд.

В.Норов бу масалага тўхаталар экан, аёллар “Ҳизб ут-таҳрир” каби оқимларга аъзо бўлиб, Ўзбекистон қонунчилигига зид ҳаракатларни содир этса, биринчи ва иккинчи марта жиноий жавобгарликка тортилмаслиги, лекин бу ҳаракатлар такрор-такрор содир этилаверса, албатта, жазо берилишини таъкидлади. У аёлларнинг қийноққа солиниши ҳолатлари мавжудлигини инкор қилди.

Мамлакатда аёллар мардикорлиги муаммоси ҳам мавжуд. Матбуот анжуманида қатнашган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги вакили Шермуҳаммад Тўреевнинг билдиришича, 2003 йил давомида Ўзбекистонда 82 мингдан зиёд мардикор бир марталик иш бозорига чиққан бўлса, улардан 3200 нафари, яъни 4 фоизи аёллардир. Бир марталик иш билан таъминлаш марказлари уларни ҳеч қандай ҳужжат талаб қилмасдан рўйхатга олади. Улар солиққа ҳам тортилмайди.
XS
SM
MD
LG