Линклар

logo-print

Янги ташкилот барча динлар учун очиқ


Фарғонада “Диний эътиқод ва инсон ҳуқуқлари” номли янги нодавлат ташкилот тузилди. Бу ташкилот диндорларнинг Ўзбекистон Конституциясида белгиланган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мақсад қилган.

Ташкилот таъсис йиғилиши иштирокчиларининг айтишича, “Диний эътиқод ва инсон ҳуқуқлари” диний ташкилот эмас. Унинг таъсисчилари оддий фуқаролар бўлиб, асосий мақсадлари ноқонуний равишда ёпилган масжидлар фаолиятини тиклашга кўмаклашиш, ёшларга миллий, диний урф-одатларни қонун доирасида тушунтириш орқали уларни турли экстремистик ва жиноий гуруҳлар таъсиридан ҳимоялашдир.

Янги ташкилот раиси Содиқжон Адашевнинг таъкидлашича, 1998 йилдан кейин ёпиб қўйилган масжидларнинг кўпчилигини қайтадан рўйхатдан ўтказишга рухсат берилмаётир. Масалан, вилоятнинг Охунбобоев туманида беш-олти масжид керакли ҳужжатлар адлия бошқармасига тақдим этилганига қарамай, ҳали ҳам рўйхатдан ўтказилмаган. Бу жойлардан ибодат учун фойдаланиш тақиқлангани учун фуқаролар 10-15 километрлаб йўл юриб, шаҳарлардаги масжидларда жума намозини ўқишга мажбур бўлмоқда.

Ташкилот аъзоси Таваккал Комилов кейинги йилларда экстремистик кучларга қарши кураш асносида уларга умуман алоҳаси бўлмаган оддий намозхонларнинг ҳам ҳибсга олинаётгани оқибатида ота-оналар ҳатто ўз уйида ҳам фарзандларига диний тарбия беришдан чўчиб қолганини билдирди. Унинг фикрича, бунинг натижасида тарбиясида бўшлиқ пайдо бўлган ёшларнинг гиёҳвандликка, жиноятчиликка берилиб кетиши ҳоллари кўпаймоқда.

Таъсис йиғилишида айтилишича, ҳар қандай дин вакили ушбу ташкилотга аъзо бўлиши мумкин. Ҳозирча унинг 20 нафар аъзоси бор. Яқин кунларда ташкилот ҳужжатлари адлия бошқармасига тақдим этилиши мўлжалланган.
XS
SM
MD
LG