Линклар

logo-print

Сўм йўқ, доллар эса... марҳамат


Зикрилло Ишонч Сўнгги вақтларда Ўзбекистон банкларида нақд пул (сўм) танқислиги тез-тез учрамоқда. Бу эса иш ҳақи ва нафақаларнинг кечикиб берилишига олиб келяпти.

Хабарларга қараганда, нақд пул йўқлиги сабабли кўпгина корхоналарда ойлик иш ҳақи ўрнига турли маҳсулотлар, ҳатто айрим ҳолларда АҚШ доллари тарқатилмоқда.

Соҳа мутахассиси Улуғбек Жўраевнинг таъкидлашича, бу муаммо вақтинчаликдир. Бунинг сабаби шундаки, Ўзбекистоннинг пул айланмасида банкдан ташқари муомалада бўлган пул массаси жуда кўп. Яъни тарқатилган нақд пулнинг банкка қайтиш даражаси жуда паст. Бунга тадбиркорларнинг нақд пул тушумини банкка топширмаслиги сабаб бўлмоқда.

Мутахассис Иброҳим Ҳакимов ўзбек сўми майда тадбиркорлар ва валюта олди-сотдиси билан шуғулланувчи шахслар томонидан мамлакатдан ташқарига олиб чиқиб кетилаётганини билдирди. Унинг фикрича, шу боис Ўзбекистонда нақд пул танқислиги вужудга келган. Тижорат банклари вазиятдан чиқиш учун хорижий валюталарни сотиб, тушган нақд пулни ойлик иш ҳақи ва нафақалар тўлашга йўналтирмоқда.

Бироқ У.Жўраев бу фикрларни рад этди. Сўмга нисбатан талаб ортгани сабабли айни пайтда ўзбек миллий валютасининг қўшни мамлакатлардан Ўзбекистонга қайтиши кузатилмоқда, деди у.

Марказий банкнинг пул муомаласи бўйича масъул ходимлари бу мавзу юзасидан маълумот беришни истамади. Лекин улар бундай муаммо йўқлигига ишора қилишни унутмади.
XS
SM
MD
LG