Линклар

БМТ Хавфсизлик Кенгаши терроризмга қарши кураш масаласини муҳокама қилди.

  • Ҳасанжон

БМТ Хавфсизлик Кенгаши терроризмга қарши кураш тўғрисида қабул қилган резолюцияси самаралироқ тадбиқ этилишини таъминлаш учун янги чораларни тайёрламоқда. Режа марказида бу соҳада техникавий ёрдам берувчи мутахассислар гуруҳини тузиш масаласи турибди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 4 март кунги йиғилишида шу масалалар муҳокама этилди. Учрашувда қатнашган Қозоғистон, Украина ва Беларус вакиллари БМТни терроризмга қарши курашда ўз мамлакатларига ёрдам кўрсатишга чақирдилар.

2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши террор ҳужумлари уюштирилганидан бир оз кейин БМТ Хавфсизлик Кенгаши терроризмга қарши кураш тўғрисидаги 1373 рақамли резолюциясини қабул қилган эди. Унда терроризмни қўллаб-қувватловчи барча молиявий манбаларни тугатиш учун кескин чоралар кўрилиши назарда тутилган. Бироқ амалда бу ишларни ўтказиш қийин бўляпти. Баъзи давлатлар эса бу масалага жиддий ёндашмаяпти.

Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида терроризмга қарши кураш тўғрисидаги резолюция талаблари бажарилиши масаласи ҳамда бу ишларни мувофиқлаштириш йўллари муҳокама этилди.

Жумладан, Ҳавфсизлик Кенгаши аъзолари терроризмга қарши кураш доирасида давлатларга кўрсатилаётган техник ёрдамни мувофиқлаштирувчи мутахассислар гуруҳини тузиш режаси бўйича фикр алмашдилар. Ушбу мутахассислар давлатларга терроризмни молия билан таъминлашни тўхтатишга қаратилган қонунларни ишлаб чиқишда ёрдам берадилар. Янги тузилманинг яна бир вазифаси чегаралар назоратини мустаҳкамлаш ишларига кўрсатилаётган ёрдамни муқофиқлаштиришдан иборатдир.

АҚШ расмийлари Хавфсизлик Кенгаши ўзининг терроризмга қарши кураш ҳаракатларини фаоллаштириш керак, деган фикрда. Хавфсизлик Кенгаши йиғилишда шу ҳақда гапирган АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Нергопонте: “Хавфсизлик Кенгаши 11 сентябр воқеалари икки йил олдин эмас, балки худди кеча юз берганидек ҳаракат қилиши лозим. Кенгаш қатъий чоралар кўриши учун яна бир йирик ҳужум уюштирилишини кутмаслиги керак”, - деди АҚШнинг БМТдаги элчиси.

Жон Негропонте Хавфсизлик Кенгашига атиги бир нечта давлат терроризмга қарши чора кўрмаса, бу ҳалқаро хавфсизликни тахдид остига қўйишини айтди.

Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида қатнашган Қозоғистоннинг БМТдаги элчиси Ержан Қозиханов янги чоралар контрабанданинг турли кўринишига қарши кураш олиб бораётган Марказий Осий республикаларига ҳам ёрдам беришига умид билдирди: “Ҳозирда терроризм наркотик моддалар, ўқ отувчи қуроллар ва одам контрабандаси билан боғлиқ бўлиб қолди. Шу сабабли Афғонистондаги наркотиклар ташилишининг асосий транзит йўлида жойлашган Марказий Осиё республикалари давлат чегараларини қўриқлаш, божхона хизмати ва ҳуқуқ-тартибот органларини мустаҳкамлашни ўзининг устувор мақсади қилиб белгилаган”, - деди Қозоғистоннинг БМТдаги элчиси.

Қозиханов ўз чиқишида оммавий қирғин қуроллари масаласини тилга олмади. Маълумки, Совет Иттифоқи даврида Қозоғистонда ядровий қуроллар синовдан ўтказилган ва сақланган. Иттифоқ парчаланганидан кейин Қозоғистондаги барча ядровий каллаклар Россияга жўнатилган бўлишига қарамай, айрим мутахассислар республикадаги илмий-тадқиқот институтларида қолган ядровий материаллар қанчалик ҳимоя қилиниши хусусида ташвиш билдирмоқдалар.

Айни пайтда, Украинанинг БМТдаги элчиси Валерий Кучинский Хавфсизлик Кенгаши ўз мамлакатига ёрдам беришини сўраётганининг асосий сабаби айнан ядровий материаллар контрабандаси муаммоси эканини айтди. Кучинский Украина расмийлари Хавфсизлик Кенгашининг террорчиликка қарши кураш қўмитасидан Чернобил атом станцияси атрофидаги махсус зона хавфсизлигини таъминлаш бўйича маслаҳат сўраганини билдирди. Элчига кўра, ўша махсус зонада ядровий чиқиндилар ва бошқа радиоактив моддлар кўмилган 800дан ортиқ жой бор. Элчи бу моддалар террорчилар қўлига тушиб қолиши эҳтимоли борлигини ҳам билдириб ўтди.
XS
SM
MD
LG