Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:42

Ўқотар қурол - модада


Тўлқин Кузатувчиларнинг таъкидлашича, ўтган йили Ўзбекистонда ўқ отар қуроллар воситасида қотиллик содир этиш жинояти нисбатан кўпроқ қайд этилган.

Жумладан, биргина Қашқадарё вилоятида ўтган йили вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Йўлбарисов, Яккабоғ тумани ҳокими Панжи Чориев, бешкентлик она ва бола Саломат Муқимова ҳамда Саъдулла Ҳакимов ўқ отар қурол воситасида ўлдирилган эди. Шунингдек, жорий йилда Чиноз тумани ҳудудида Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича қатнаётган автобусга қуролли ҳужум уюштирилганди.

“Озодлик” радиоси бу жиноятларнинг айримлари хусусида хабар берган эди.

Ўтган йили Навоий вилоятнинг Хатирчи туманида ҳам икки марта шундай жиноят содир этилди. Ушбу жиноятлардан бирида қурбон бўлган марҳумнинг беваси Манзура Ражабова айтишича, унинг эри Муҳиддин Шамсиев 7 ноябрдан 8 ноябрга ўтар кечаси ўз уйида болаларининг кўз ўнгида ўлдирилган.

М.Шамсиевнинг қайниси Ғулом Ражабовнинг таъкидлашича, қотиллик содир этилгандан сўнг Хатирчи тумани ички ишлар бўлими ходимлари уни ва марҳумнинг хотини Манзура Ражабовани жиноят содир этишда айблаб ҳибсга олган ва қирқ кун давомида турли қийноқлар қўллаб, айбни бўйнига қўйган.

Аммо орадан қирқ кун ўтгандан кейин ҳақиқий қотиллар топилган ва Ғулом ва Манзура Ражабовалар ҳисбдан озод этилган. Шунга қарамай, бизга нисбатан ички ишлар ходимлари ҳамон тазйиқ ўтказмоқда, дейди улар.

Маълумотларга қараганда, аслида бу жиноят буюртма асосида содир этилган. Марҳум М.Шамсиев билан зиддиятга бориб қолган тумандаги Ибн Сино жамоа хўжалигининг собиқ раиси Баҳодир Қурбонов пул эвазига қотил ёллаган. Қотилликни Валишер Исматов, Бакир Шамилов амалга оширган. Хатирчи тумани прокурори Юнус Умаровнинг таъкидлашича, айни пайтда бу иш билан вилоят прокуратураси шуғулланмоқда. Тергов жараёнида бу шахслар яна бир жиноятга қўл ургани аниқланган. Улар бир кишининг оёғидан отган.

Хатирчидан олинган хабарларга кўра, айни пайтда М.Шамсиевнинг ўлдирилиши билан боғлиқ иш юзасидан қотиллик буюртмачиси Б.Қурбонов, унинг ҳайдовчиси Обид Ҳамидов, В.Исматов ва Б.Шамилов устидан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов тугатилиб, иш судга оширилган.
XS
SM
MD
LG