Линклар

Фермер бўлиш учун “шапка” керак


Қўшша-қўшша автомобиллар, данғиллама иморатлари билан кўпчиликнинг ҳавасини келтираётган фермерлар Хоразмда ҳам топилади. Шу сабабданми, вилоятда фермерлик ҳавасида юрганлар кўпаймоқда.

Вилоят деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмасидан олинган хабарларга кўра, Хоразмда 6 минг 533 нафар фермер 84 минг 714 гектар майдонда деҳқончилик қилмоқда.

Бироқ уларнинг барчаси ҳам бирдек бойимоқда, дейиш қийин. Чунки фермерлар орасида жуда қийин шароитда ишлаётганлари ҳам кўплаб топилади.

Шовот туманининг “Хоразм” ширкат хўжалигида яшовчи Ҳамдам Эшматов яхши ниятлар билан “Санжарбек” фермер хўжалиги ташкил этган эди. Бироқ натижалар кутилганидек бўлмади. Сув танқислиги сабаб хўжалик нуқул зарар кўрмоқда.

Маълумотларга қараганда, ердан самарали фойдаланмаганлиги учун ўтган йили вилоятда 14 фермер хўжалигининг фаолияти тугатилган. 25 фермер хўжалиги эса санацияга тушган. Бундан ташқари, фермерларнинг ерларини ноқонуний тортиб олиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Масалан, Қўшкўпир тумани ҳокими томонидан “Матёқуб Поно”, “Улуғ Сафар” ва “Она ер саховати” фермер хўжаликлари ноқонуний равишда тортиб олинган. Фақат ўз ҳуқуқларини қонун орқали талаб қилгандан сўнггина фермерлар ерларини қайтариб олган.

Фермер Ёқутжон Машарипованинг таъкидлашича, баъзи амалдорлар фермерларга тўраларча муносабатда бўлиб, улар фаолиятига тўсқинлик қилмоқда.

Махтумқули номидаги ширкат хўжалиги ҳудудида вилоятда биринчилардан бўлиб “Шайх бобо” фермер хўжалигини ташкил этган Ё.Машарипованинг айтишича, у ўз хўжалигини кенгайтириш учун қўшимча ер сўраган. У сўраган ер анча унумдор бўлганига қарамай, ширкат ундан беш-олти йилдан буён фойдаланмаган. Бироқ туман ҳокими бу масалани ҳал қилишни истамаган.

Шу ширкатда 12 ерда оилавий пудрат асосида деҳқончилик қилаётган Қозоқовлар оиласи ҳам фермер хўжалиги ташкил этиш учун 3 йилдан буён ҳаракат қилмоқда. Қурбонназар Қозоқовнинг билдиришича, 2001 йилда ширкатда 60 зиёд кишига фермерлик учун ер ажратиб берилган. Бу шахсларнинг асосий қисми ширкат раҳбариятининг яқинлари ёки пора бериб, ишини битирганлардир. Шу боис, техника, минерал ўғит, ишчи кучи масаласида улар анча афзалликларга эга.
XS
SM
MD
LG