Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:37

Ироқ чегаралари хавфсизлиги муаммоси.


Ироқда деярли кундалик равишда портлашлар содир бўлмоқда. Хусусан шу ҳафтада шиаларнинг “Ашура” диний маросими ўтаётган пайтда бир нечта бомба ҳужуми уюштирилди. Бошқа шаҳарларда яна бир нечта портлаш юз берди. Айрим тахминларга кўра, бу ҳаракатларни амалга ошираётганлар Ироқ ташқарисидан кириб келмоқда. Шу боис расмийлар чегаралар назоратини кучайтиришмоқда. 5 март куни АҚШ расмийлари Ироқ давлат чегаралари хавфсизлигини мустаҳкамлаётганини билдирдилар. Бу мавзуни ҳамкасбимиз Ҳасанжон атрофлича ўрганишга ҳаракат қилди.

Ф.С.: Ҳасанжон, чегарани мустаҳкамлаш – деганда расмийлар нимани назарда тутишяпти?

Ҳасанжон: Фарангис, ҳозиргина айтиб ўтганимиздек, сешанба куни Ироқ пойтахти Бағдод ва Карбало шаҳарларида шиа мусулмонларининг диний маросимида тинч аҳолига нисбатан бир нечта бомба ҳужумлари уюштирилиб, натижада юзлаб одам ўлган ва яраланган эди.

Ўша ҳужумлардан кейин АҚШнинг Ироқдаги Бош маъмури Пол Бремер коалиция кучлари Ироқ чегаралари назоратини кучайтиришини эълон қилди: “Биз террор ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун чегара назоратини кучайтиряпмиз. Бугунги кунда 8 минг чегара посбони Ироқ чегараларини қўриқламоқда ва уларга кўмаклашиш учун қўшимча кучлар жўнатилди. Биз маълум минтақаларга юзлаб автомобил беряпмиз ва у ердаги полиция кучларини икки баробарга оширяпмиз. АҚШ чегара хавфсизлиги учун 60 миллион доллар сарфлашни режалаштирган”, - деди АҚШнинг Ироқдаги Бош маъмури. Шунингдек, Пол Бремер террорчиларнинг асосий қисми Ироққа ташқаридан келаётгани ҳақида тобора кўпроқ маълумотлар олинаётганини билдирди.

Ф.С.: Ҳасанжон Ироқ чегараларини мустаҳкамлаш масаласида ироқликлар ўзлари қандай чора кўришмоқда?

Ҳасанжон: Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин Ироқ армияси, хавфсизлик кучлари, чегара қўшинлари, ҳуқуқ-тартибор органлари тарқалиб кетди. Кузатувчилар, янги тузилган Ироқ чегара кучлари якка ўзи мамлакат чегараларини тўлиқ қўриқлай олмаслигини айтмоқдалар. Ироқликларнинг ўзлари ҳам ҳужумларда четдан келган одамлар қўли борлигини тушунмоқда ва буни тўхтатишга қаратилган чоралар кўрмоқда.

Масалан, Ироқдаги таниқли шиа уламоси Оятулло Али ал-Систоний мамлакатга ноқонуний киришни таъқиқлаш ҳақида фатво эълон қилди. Франс Пресс ахборот агентлиги маълумотида билдирилишича, фатвода: “расмий текширув постларидан ташқари бошқа жойлардан Ироқ ҳудудларига кириш ноқонуний”, - дейилган.

Ф.С.: Ҳасанжон, Ироқ чегараларини самарали қўриқлаш мумкинми?

Ҳасанжон: Фарангис, бу масалада кузатувчилар, агар Ироқ қўшни давлатлар, хусусан Эрон билан бир ярим минг километр, Саудия Арабистони билан 800 км, Сурия билан 600, Туркия билан 350 ва Кувайт билан 180 километр чегарага эга экани ҳисобга олинса, ҳозирги шароитда Ироқ чегараларини самарали қўриқлаш имконсиз, дейишмоқда.

Шундай кузатувчилардан бири, Уруш ва Тинчлик Институти ходими Хива Отман яқинда Ироқ чегаралари масаласини атрофлича ўрганиб, Ироқ ҳудудлари очиқ, деган хулосага келган.

Усмон Озодлик радиосига Ироқ шимолида курд кучларигина давлат чегараларини қўришлашаётганини айтади. Усмонга кўра, Ироқнинг Сурия Кувайт, Саудия Арабистони ва Иордания билан бўлган чегаралари жуда суст қўриқланмоқда. Кузатувчилар Ироқнинг Эрон билан ҳам чегараси яхши қўриқланмаётганини айтмоқдалар.

Маълумки, минглаб эронликлар шиаларнинг муқаддас зиёратгоҳларини бориб кўриш учун доимий равишда Ироққа ноқонуний равишда ўтадилар. Эрон телевидениеси маълумотига кўра, ўтган ҳафтада 300 минг эронлик Ироқ ҳудудларига ўтган.

Уруш ва Тинчлик Институти ходими Хива Усмон, чегарачилар сони етарли бўлган тақдирда ҳам ироқликлар якка ўзлари мамлакат чегараларини самарали қўриқлай олмайдилар, деган фикрни билдирган.

Ф.С. Раҳмат
XS
SM
MD
LG