Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:10

Афинадаги ёзги Олимпиада ўйинларида мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари кўрилиши режалаштирилган


Греция пойтахти Афина шаҳрида ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинлари бошланишига неча кун қолганини санаш аллақачон бошланди. Бу - глобал терроризмга қарши уруш бошланганидан бери ўтказилаётган жаҳон миқёсидаги биринчи йирик тадбир ҳисобланади. Афинага келадиган бир неча юз минг спортчи, расмийлар, журналистлар, спорт ишқибозлари, томошабинлар ва бошқа хизматчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ниҳоятда мураккаб вазифа. Хўш, Греция ҳукумати ўз зиммасига тушган ана шу вазифани муваффақиятли бажаришга қандай тайёргарлик кўрмоқда?

Олимпиада ўйинларида терристик ҳужумлар уюштирилиши янгилик эмас. 1972 йилда Мюнхен шаҳрида ўтказилган ёзги Олимпиада ўйинларида исроиллик спортчилар гаровга олинган эди. Ўша воқеа 11 исроиллик, беш террорчи ва бир полиция ходимининг ўлими билан якун топган. 1996 йилда эса АҚШнинг Атланта шаҳрида ёзги Олмпиада ўйинларида содир этилган портлаш натижасида бир одам нобуд бўлган ва қарийб 100 одам жароҳатланган эди.

Ҳозирги кундаги террор ҳужумлари таҳдидини аввалгилари билан қиёслаб бўлмайди. 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши уюштирилган террор ҳужумларидан кейин, дастлаб Афғонистонда бошланган аксил террор кураши ва кейинчалик Ироқда бошланган ҳарбий ҳаракатлар дунё мамлакатларида ҳар қандай йирик йиғилишларга қарши террор ҳужумлари уюштирилиши эҳтимолини кучайтирди.

Халқаро Олимпиада Қўмитаси Президенти Жак Рог ўтган ҳафтада террор тахдидини бутунлай йўқ қилишнинг иложи йўқ, деган фикр билдирди. Бироқ Греция ҳукумати Олимпиада ўйинлари хавфсизлигини таъминлаш борасида етти давлат, яъни, Европа Иттифоқининг айрим давлатлари, АҚШ ва Исроил билан ҳамкорликда мисли кўрилмаган хавфсизлик чораларини кўрмоқда.

Ёзги Олимпиада ўйинлари хавфсизлигини таъминлаш Греция ҳукумати учун 680 миллион еврога тушмоқда. Жорий йил 13 – 29 август кунлари ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинлари давомида 40 минг полиция хизматчиси ва хавфсизлик ходими қуролланган махсус кучлар билан биргаликда хавфсизлик учун масъул бўлади.

Ёзги Олимпиада ўйинлари хавфсизлигини таъминлашда Греция ҳукумати бор имкониятини ишга солаётган бир пайтда НАТО бу ишда Греция ҳукуматига ёрдам бериши мумкинлигини билдирди.

НАТОнинг Брюсселдаги Бош қороргоҳи матбуот вакили агар Афина расмийлари ёрдам сўраб мурожаат қилса, НАТО “АВАКС” русумидаги ҳужумни олдиндан огоҳлантирувчи радар тайёраларини Греция ҳукумати иҳтиёрига топшириши мумкинлигини билдирди. Фавқулодда холатларда ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи Евро-Атлантика Маркази эса, агар Афинадаги ёзги Олимпиада ўйинлари пайтида кимёвий, биологик ёки ядровий ҳужум уюштирилса, Марказ ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

Британиялик спорт журналисти Дункан Мак Кей Озодлик радиосига умумий вазиятдан келиб чиққан ҳолда одамнинг асабийлашиши табиий ҳол эканини айтади: “Афинага бормоқчи бўлган ҳар қандай одам хавфсизлик масаласида асабийлашмоқда. Бироқ мен ҳозирги вазият ҳар доимгидан анча бошқача деб ўйламайман. Инсон доим хавотирланади”, - дейди британиялик журналист.

Халқаро Олимпиада Қўмитаси расмийларини хавфсизликдан бошқа масалалар, хусусан Олимпиада ўйинларига тайёргарликнинг бориши масаласи ҳам ташвишга солмоқда.

Ҳозирда режада белгиланган 39та спорт комплексининг 15 таси олимпиада ўйинларини ўтказишга тайёр, яна шунча комплекснинг қурилиш ишлари тугалланиш арафасида.

Транспорт борасида эса янги аэропорт ва шаҳарни бир-бири билан боғлайдиган 32 километр узунликдаги темир йўл қурилиши ўз вақтида тугалланади. Трамвай йўли қурилиши эса режадан ортда қолмоқда. Афинадаги асосий стадионнинг томи ҳозиргача битмаган. Янги футбол майдонининг эса учдан икки қисми битган холос. Грециядек кичик давлат учун замонавий Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилиш мамлакатдаги барча кучларни ишга сафарбар қилишни талаб этмоқда.
XS
SM
MD
LG