Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:42

ИРОҚДА МУВАҚҚАТ КОНСТИТУЦИЯ ИМЗОЛАНДИ, ҚАРАШЛАР ЭСА ҲАМОН ТУРЛИЧА


Ироқда ўтиш даври конституциясининг имзоланиши олқишланди ва айни пайтда мазкур ҳужжат танқидларга ҳам сабаб бўлди. АҚШ Президенти Жорж Буш Ироқ Бошқарув Кенгашининг муваққат конституция борасидаги қарорини демократия сари "тарихий қадам" сифатида баҳолаган бўлса, Ироқда катта таъсирга эга шиалар етакчиси Оятулло ал-Систоний конституцияга қарши чиқиб, ҳужжат Ироқда янги конституция қабул қилинишига тўсиқ яратиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Абдуллоҳ Эргаш: Мазкур жараённи халқаро оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб бораётган ҳамкасбим Ҳурмат Бобожон ҳозир студияда. Ҳурмат, Ироқда имзоланган муваққат конституциянинг ироқлик шиалар етакчиси Оятулло ал-Систоний эътирозларига сабаб бўлган жиҳатлари нимадан иборат? Дастлаб шунга аниқлик киритиб ўтсангиз.

ҲБ: Ироқ аҳолисининг 60 фоизини ташкил этувчи шиалар етакчиси ал-Систонийни имзоланган муваққат конституциянинг икки муҳим жиҳати қониқтирмаяпти. Биринчидан доимий конституция юзасидан қарор беришда курдларга вето ҳуқуқи берилгани, иккинчидан вице-президентлик лавозимларининг жорий этилиши шиалар Олий рухонийсининг кескин қаршилигига сабаб бўлди. Душанба куни Ироқ Бошқарув Кенгашининг 25 аъзоси муваққат конституцияни имзолаганидан сал ўтиб ироқлик шиалар етакчиси Оятулло Ас-Систоний бу борадаги ўз эътирозларини Интернет орқали баён қилган. Систонийга кўра, муваққат конституциянинг мана шу икки банди келгусида Ироқда доимий конституцияни қабул қилишда тўсиқ бўлиши мумкин.

АҲ: Ироқлик курдларнинг янги муваққат конституция борасидаги фикрлари қандай?


ҲБ :Курдлар муваққат конституцияда уларга вето ҳуқуқи берилишини олқишладилар. Хусусан, курдлар етакчиси Масуд Барзоний курдларга вето ҳуқуқи берилиши мамлакатда кўпчиликни ташкил этувчи шиаларнинг доимий конституция юзасидан қарор беришдаги хукмронлигини чеклашини айтган. "Ушбу ҳужжатнинг Ироқ бирлигини мустаҳкамлашига ҳеч шубҳа йўқ. Биз курдлар илк бор ўзларимизни Ироқ фуқаролари сифатида хис этяпмиз", - деди Барзоний. Шу ўринда айтиш жоизки, Туркия курдларга вето ҳуқуқи берилишига қарши чиққан. Анкара расмийларига кўра, қабул қилинган ҳужжат Ироқда узоқ муддатли барқарорликни таъминлашни мураккаблаштириши мумкин.

АҲ: Ҳурмат, Ироқда барқарорлик масаласини тилга олдингиз. АҚШ расмийларига кўра, Ироқда хокимият ироқликлар қўлига топширилганидан сўнг ҳам коалиция қўшинлари у ерда қолади. Куни кеча Ироқдаги АҚШ қўшинлари қўмондони Генерал Жон Абизаид бу ҳақда баёнот берди. Шундай экан, халқаро қўшинларнинг Ироқда туриши у ерда янги тузилажак ўтиш даври ҳукумати суверенитетини чекламайдими? Бу борада таҳлилчилар қандай фикрдалар.

ҲБ: Ироқдаги АҚШ қўшинлари қўмондони Жон Абизаидга кўра, Ироқда хавфсизликнинг таъминланиши бўлғуси ҳукумат ва АҚШ кучлари ўртасидаги ҳамкорликка асосланади. Яъни АҚШ Генералининг таъкидлашича, бу ерда АҚШ ҳарбийларининг Ироқ ҳукуматидан устун бўлиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Бу борадаги таҳлилчилар фикрларига келсак, Вашингтондаги Халқаро Алоқалар Кенгашининг Яқин Шарқ бўйича мутахассиси Жудит Киппер фикрича, агар хавфсизликни таъминлашда ўзаро ҳамкорликка таянилса бунинг Ироқ ўтиш даври ҳукумати суверенитетига таъсири бўлмайди.

"Ироқликлар суверенитетни қўлга киритганларидан сўнг, бу оккупация бўлмай қолади. Америкаликлар Ироқнинг суверен ҳукумати билан шартнома доирасида мамлакатда хавфсизликни ўрнатиш фаолиятини давом эттирадилар", - деди Киппер.

Аммо, АҚШнинг истеъфодаги полковники Кеннет Аллард фикрича, Американинг Ироқдаги ҳарбий иштироки бир неча йилга чўзилиши мумкин. Бу эса, дейди Аллард, шу йил 30 июнда хокимиятни қабул қилиб оладиган Ироқ ўтиш даври ҳукуматига бир мунча ноқулайликларни яратади. Яъни, америкалик собиқ ҳарбий фикрича, хавфсизлиги хорижий ҳукумат назоратида бўлган ҳар бир халқ уларнинг маҳаллий етакчиларини ҳам ўша ҳукумат назорат қиляпти, деб ҳисоблаши мумкин.


АҲ: Ҳурмат, АҚШ ҳарбийлари Ироқда хавфсизликни таъминлаш ишининг ҳам ироқликлар қўлига топширишнинг аниқ муддатини эълон қилганларми. 30 июнда суверенитет ироқликлар қўлига ўтади. Хавфсизликни таъминлаш масъулияти қачон улар зиммасига юкланади?

ҲБ: АҚШ Конгресси қўмита йиғинида Генерал Абизаид, ҳозирча Ироқда хавфсизликни таъминлаш масъулиятини том ироқликларга топширишнинг аниқ муддати йўқлигини айтди. Абизаид назарида бу босқичма-босқич амалга оширилади. Ҳозирда, Ироқда 200 мингга яқин маҳаллий хавфсизлик қўшинлари мавжуд. Суверенитетга эришганидан сўнг бу кучлар сони яна кўпайтирилади, деди АҚШ Генерали.

Абизаидга кўра, 181 киши ўлимига сабаб бўлган Карбало ва Бағдод шаҳарларидаги портлашлар бошқа такрорланмаслиги учун, хавфсизлик борасида Ироқ раҳбарияти ҳам америкаликлар ҳам бирдай жавобгарлик хиссини зиммаларига олишлари керак. Таҳлилчилар эса АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий иштироки узоққа чўзилишини башорат қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG