Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:08

Йирик маймунлар, шунингдек бошқа айрим ҳайвон ва ҳашарот турлари бутунлай йўқолиб кетиш таҳдидига учрамоқда.


“Тоза табиат” рукнининг бугунги сони дунёда айрим ҳайвон ва ҳашарат турларининг йўқолиб бораётгани муаммосига бағишланган.

Табиатни Муҳофаза Қилиш Халқаро Иттифоқи маълумотига кўра, ҳозирда Жанубий Америка ва Африкадаги маймунлар, чучук сув балиқларининг йирик турлари, китлар, шунингдек акулаларнинг йигирмадан ортиқ тури бутунлай йўқолиб кетиш таҳдидига учраган.

Ташкилотнинг билдиришича, 2003 йилда дунё миқёсида жами 12 минг 259 ҳайвон ва ўсимлик тури йўқолиб кетиш таҳдидига учраган. Табиатни Муҳофаза Қилиш Халқаро Иттифоқи айрим ҳайвон ва ўсимлик турларининг йўқ бўлиб кетишига, асосан, инсон фаолияти сабаб бўлаётганини билдирди.

БМТ мутахассислари ва атроф муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилот вакиллари физиологик жиҳатдан инсонга яқин ҳисобланган ҳайвон - йирик маймун турларининг ҳам бутунлай йўқолиб кетиши хавфи борлигини айтишмоқдалар. БМТ Атроф Муҳит Дастури раҳбари Клаус Топфер: “Агар йирик маймунларнинг бирон тури, жумладан шимпанзе ёки орангутанни йўқотсак, биз келиб чиқишимиз билан узвий боғланган кўприкни бузган бўламиз”, - дейди.

БМТ Атроф Муҳит Дастури ходими Ник Наттл эса йирик маймун турлари йўқолиб кетиши мумкинлиги жиддий муаммо эканини таъкидлайди: ”Африкадаги бошқа ёввойи ҳайвонлар сингари шимпанзе ва горилла каби йирик маймунлар ҳам тери ва гўшти учун овланмоқда. Ўрмон дарахтларининг кесилиши, одамлар учун турар жой бинолари қурилиши, янги конлар ишга туширилиши минглаб ҳайвон турлари каби, йирик маймун турларининг камайиб кетаётганига сабаб бўлмоқда. Чунки улар асосан ўрмонда ҳаёт кечиради”, - дейди БМТ мутахассиси.

Ник Наттл йирик маймун турлари йўқолиб кетишининг олдини олиш учун 25 миллион доллар миқдорида маблағ кераклигини айтади: ”25 миллион доллар беш йил давомида ҳар йили 5 миллиондан сарфланади. Бу маблағ асосан Африка, жануби-шарқий Осиё мамлакатларидаги қўриқхоналарда ишлайдиган ходимларга берилади. Улар ушбу маблағни қўриқхоналарни назорат қилиш ишларига сарфлайдилар. Бундан ташқари маблағнинг бир қисми жойларда экотуризм соҳасини ривожлантириш, маҳаллий одамлар турмуш даражасини кўтаришда ёрдам бериш ва бошқа тадбирлар учун сарфланади”, - дейди БМТ расмийси.

Ник Наттлнинг билдиришича, БМТ Атроф Муҳит Дастури ва ЮНЕСКО йирик маймун турлари яшайдиган давлатларда уларни сақлаб қолишни кўзда тутган дастурлар ишлаб чиқиш ва уларни тадбиқ этиш учун маҳаллий ташкилотлар ва ҳукуматлар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Илмий тадқиқотлар натижаларига асосланиб Табиатни Муҳофаза Қилиш Халқаро Иттифоқининг билдиришича, Индонезия, Бразилия, Хитой ва Перуда қуш ва сут эмизувчи ҳайвон турлари камаяётган бир пайтда, Эквадор, Малайзия, Шри Ланка, Индонезия ва Бразилияда ўсимлик турлари кескин камаймоқда.

Хўш, Ўзбекистонда бу борада вазият қандай? Сўнгги йилларда республика ҳудудларида асрлар давомида яшаб келган қандай ҳайвон ва ҳашарот турлари йўқолиб кетмоқда? Бунинг сабаблари нимада?

Тошкентдаги ҳамкоримиз Нодиранинг “Тоза Табиат” рукни учун йўллаган лавҳасини тинглаш орқали ана шу ва бошқа саволларга жавоб топишингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG