Линклар

МАДРИДДА ПОРТЛАШ

  • Ҳурмат Бобожон

Пайшанба куни эрталаб Мадриднинг қоқ марказидаги Аточа темир йўл вокзали ва бошқа вокзалларда қатор портлашлар рўй берган эди. 13 март кунги маълумотларда шаҳарлараро қатнайдиган поездларда ўрнатилган бомбалар портлагани оқибатида 200 одам нобуд бўлгани ва бир минг тўрт юз одам жароҳат олгани билдирилди.

Испания расмийлари ушбу портлашлар мамлакатда фаолият олиб бораётган "ЭТА" сепаратчиларининг иши, деган таҳминдалар. Испания Ички Ишлар Вазири Анхел Ацебек 200га яқин одам ўлимига сабаб бўлган портлашларга Баскларнинг "ЭТА" сепаратчилари жавобгар эканини баён қилди.

Бироқ, оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларда айтилишича, Баскларнинг фаолияти таъқиқлаб қўйилган Батасуна сиёсий партияси етакчиси Арнолдо Отеги портлашларни "ЭТА" сепаратчилари ташкил қилганини инкор этяпти. Отеги ҳужумни Испаниянинг Ироқ урушидаги иштирокидан норози бўлган "араб қаршилиги" ҳаракати уюштирган бўлиши мумкинлигини даъво қилди. Аммо, Испания Ички Ишлар Вазири портлашларни исломий кучлар содир этган, деган таҳминни инкор этмоқда.

Одатда "ЭТА" сепаратчилари бирон портлаш ёки бошқа турдаги террор ҳаракатини амалга оширишдан олдин бу ҳақда огоҳлантиришарди. Портлашларнинг кутилмаганда рўй бергани боис кўплаб экспертлар бу ходисага халқаро террорчиликнинг алоқаси бўлиши мумкин, деган таҳминларни ҳам истисно қилишмаяпти. Терроризм масалари бўйича британиялик эксперт Ричард Эванс гапиради: "Бошқа ғарб давлатлари қатори Испанияга ҳам халқаро террорчилик, шу жумладан Исломий қуролли гуруҳлар ҳам хавф солмоқда. Шундай экан бу "ЭТА"нинг иши бўлмаслиги ҳам мумкин. Аммо, айрим жиҳатлар "ЭТА" сепаратчиларидан дарак бермоқда", дейди британиялик таҳлилчи. Испания расмийлари эса мавжуд далилларга таяниб портлашлар "ЭТА" айримачиларининг иши эканини таъкидлашмоқда.

Испания Бош Вазири Хосе Мари Азнар пайшанба кунги портлашларни "оммавий қотиллик", дея таърифлади: "Бу оммавий қотилликдир ва уни бошқа террор ҳужумлари қатори ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бироқ, террорчилик кўр эмас. Улар қанчадан қанча инсонларни фақат испаниялик бўлганликлари учун ўлдиришди", - деди Испания Бош вазири Хосе Мари Азнар.

13 март куни Испания Ички Ишлар вазири Баск сепаратчилари ЭТА қуролли гуруҳи пайшанба куни Мадридда содир этилган бомба портлашларнинг асосий гумондори эканини таъкидлади.

Анхел Ацебекга кўра, ҳозирча портлашларга Ал-Қайда террорчи гуруҳи алоқадорлигига оид янги далиллар топилмаган бўлса-да, мутахассислар бомба хужумида исломий жанггариларнинг қўли борлигини текширмоқда.

ЭТА бомба ҳужумларига алоқаси йўқ эканини таъкидламоқда. Бу ҳужумларда 200 одам нобуд бўлган ва 1 минг 400 фуқаро яраланган эди.
Шанба куни Испанияда бомба ҳужумларида нобуд бўлганларни дафн этиш маросими бўлиб ўтди.
Шу куни Англиянинг Манчестер шаҳрида нутқ сўзлаган Британия Бош вазири Тони Блэр дунё Испания билан бирдамлигини таъкидлади.

Айни пайтда, 13 март куни Руминияда Мадриддаги бомба портлашларида қурбон бўлган саккиз руминиялик хотираси учун мотам куни нишонларди. Мадрид портлашларида 35 нафар чет эл фуқароси нобуд бўлган.

Мадриддаги портлашлар юзасидан кўплаб давлат ва ташкилот етакчилари номидан ҳамдардлик айтилган баёнотлар тинмаяпти. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Котиби Кофи Аннан: "Террорчиликни ким қандай таърифламасин, менимча, бегуноҳ инсонларнинг ўлдирилиши бу террорчилик ва бунга бошқа изоҳ йўқ. Фикримча сиз ҳам бу фикрга қўшиласиз" - деди. Британия Ташқи Ишлар Вазири Жэк Стро эса Мадриддаги портлашларни Европа демократиясига қарши қаратилган ҳужум сифатида таърифлади.
"Бу хунрезлик Испанияда Умумий сайловларига уч кун қолганда амалга оширилди, шундай экан биз барчамиз бу хунрезлик Европа демократиясига қарши қаратилганини ҳам тан олмоғимиз керак", - деди Стро.

Шунга ўхшаш ҳамдардлик баёнотлари Франция, Италия, Германия , Россия ва бошқа давлат ва ташкилот раҳбарлари тарафидан ҳам айтилди. АҚШ Президенти Жорж Буш эса террорчиликка қарши курашда АҚШ Испания билан бирга деди.
"Мен Испаниянинг ЭТА каби террорчилик ташкилотларига қарши курашини юқори баҳолайман ва АҚШ бу борада Испания билан бирга", - деди Буш.
XS
SM
MD
LG