Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:56

Россиядаги Президентлик сайловларининг Марказий Осиё давлатларига таъсири


Абдуллоҳ Эргаш Владимир Путиннинг яна бир муддат Россия Президентлигига сайланишини минтақа давлатлари расмийлари мамнуният билан қабул қилдилар.

Марказий Осиё давлатларидаги ҳукумат раҳбарлари Путинга садоқатларини, унинг ғалабаси ҳақида теша тегмаган ташбеҳлар топиш билан намоён этмоқчидай кўринадилар гўё. Айниқса, Қозоғистон расмийлари Путиннинг қайта ҳокимият тепасига келиши борасида ўта оригинал фикр билдирдилар:
-Мен жаноб Путининг ғалаба қилганлигидан жуда хурсандман. Бу ғалабани нафақат Россия фуқаролари, балки қозоғистонликлар ҳам жуда ҳохлаган эдилар. Путин 71 фоиз овоз билан сайланди. Бу кўпми, озми деб сўрасангиз, менинг фикримча бу оз. Бундан кўпроқ бўлиши керак эди,- деди Қозоғистон Сенати раиси Абиқаев.
Қирғизистон Парламенти депутати Марат Султанов Путиннинг ҳокимият тепасида қолиши Қирғизистон учун фақат манфаат келтиради, деган фикрда:
- Путиннинг яна ҳокимият тепасига келиши Қирғизистон билан яқин ҳамкорлик сақланиб қолади, деганидир. Шунинг учун россияликлар сайловларда овоз берар эканлар, нафақат ўзлари, балки қирғизистонликлар учун ҳам муносиб бўлган номзодни танладилар,- деди Марат Султонов.
Ҳукумат расмийлари ва ҳукумат атрофидаги одамларнинг фикрлари минтақадаги айрим мустақил кузатувчилар фикрига зид келмоқда. Масалан, қирғизистонлик сиёсий шархловчи Ғанижон Холматов, Россия Президентлигига сайловлар нодемократик тарзда ўтди, деган фикрда. Унинг айтишича, Россиядаги сайловларнинг бу тарзда ўтиши минтақа мамлакатлари сиёсатига салбий таъсир кўрсатади.
- Сайловлар қандайдир бир кучлар томонидан бошқарилаётганлигини биламиз. Сайловларимиз Европача демократия тамойиллари асосида амалга оширилмайди. Бизда сайловлар бевосита уюштирилади. Мана, Россиядаги Президентлик сайловларини таҳлил қилсак , у жаҳон демократик тамойилларига умуман зид равишда ўтганлигига гувоҳ бўламиз. Путиннинг 70 фоиз овоз олиши, қолган даъвогарларнинг арзимаган миқдорда овоз олишлари кишини анча шубҳага солади. Сайловнинг бу тарзда ўтиши, Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларига салбий ўрнак бўлади. Шундоқ экан, Россиянинг таъсир доирасида бўлган Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам бўлажак Президентлик сайловлари бевосита Россиянинг назорати остида ўтказилишини ва Россия томонидан уюштирилишини кутиш мумкин, - дейди Ғанижон Холматов.
Тожикистон Социал – Демократик Партияси раиси ўринбосари Шокиржон Ҳакимов эса, биз билан суҳбатда Россияда бўлиб ўтган сайловлардан бошқача натижаларни кутиб бўлмас эди, деб фикр билдирди:
- Бошқача натижалар бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Президентлик сайловлари яқиндагина Россия Думасига бўлиб ўтган сайловларнинг мантиқий якунидир. Яъни барча Россия Президентлигига номзодларга тенг имконият яратилиб берилмади. Энг ёмони шуки, бу сайлов Марказий Осиёдаги Президентларга бўлажак сайловларда намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин, - дейди Шокиржон Ҳакимов.
Суҳбатдошимиз Россия ва Тожикистон ўртасида ҳал қилиниши лозим бўлган бир қатор муаммолар борлигини, аммо бу масалаларни ҳал этиш Кремл томонидан пайсалга солиб келинганлигини айтади.
- Россиядаги тожик мигрантлари ҳуқуқий мақомини кўриб чиқиш, Россия ҳарбийларининг Тожикистондаги ҳозирлиги ва икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик масалалари зудлик билан ҳал қилиниши лозим. Бироқ, расмий Москва бу борадаги барча ҳаракатларни ортга суриб келяпти. Путиннинг ҳокимият тепасига келиши билан, бу масалар яна ҳал бўлмай қолади, деган ташвиш бор менда, - дейди Тожикистон Социал-Демократик партияси раиси ўринбосари Шокиржон Ҳакимов.
XS
SM
MD
LG