Линклар

logo-print

Ов Шарқий Европада катта бизнес, бироқ унинг салбий оқибатлари ...

  • Ҳасанжон

Шарқий Европа давлатларида ов туризмининг шиддат билан ривожланаётгани Руминия ва Словакия ҳудудларида яшайдиган қўнғир айиқлар сони кескин камайишига сабаб бўлмоқда. "Тоза табиат" рукнининг бугунги сони ана шу мавзуга бағишланган.

Коммунистлар даврида Руминияда айиқ ўлдирган одам озодликдан маҳрум этилар эди. Бу жазодан фақат мамлакат раҳбари диктатор Николай Чаушескугина озод эди. Ана шу таъқиқ сабаб, Руминия Европадаги Россиядан кейин энг кўп қўнғир айиққа эга бўлган иккинчи давлат саналар эди.

Бироқ ҳозирга келиб атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар Шарқий Европадаги айиқлар сони улар яшайдиган табиий майдонлар қисқариши ва қизиб бораётган ов сабаби йўқолиб кетиш тахдиди остида қолганидан бонг урмоқдалар. Коммунистик тузум инқирозга юз тутганидан кейин Руминияда ов туризми шиддат билан ривожлана бошлади ва ҳозирга қадар хорижлик бойваччалар қўнғир айиқларнинг анча-мунчасини отиб ўлдиришга улгурдилар.

Маълумотларга кўра, Карпат тоғларининг Руминияга қарашли қисмида коммунистлар даврида тахминан 8 минг бош қўнғир айиқ яшаган. Ҳозирда эса улар сони кескин камаймоқда.

Руминиядаги атроф-муҳит масалалари билан шуғулланувчи “Авес” ташкилоти яқинда эълон қилган ҳисоботида ов туризми айиқлар сонининг кескин камайиши ва таҳликали вазият юзага келишига сабаб бўлганидан ҳукуматни огоҳлантирган.

Бироқ Руминия Қишлоқ Хўжалик вазирлиги матбуот котиби Александру Динчанинг Озодлик радиосига айтишича, расмий маълумотлар мамлакат ҳудудларидаги айиқлар сони меъёр даражасида эканини кўрсатмоқда:

”Жойлардаги мутахассисларимиз маълумотига кўра, 2003 йилда Руминиядаги қўнғир айиқлар сони 6 минг 200тани (бошни) ташкил этган. Тўғри, бу рақам хусусида баҳслашиш мумкиндир. Бизнинг ҳисоб-китобда хатолик бўлиши мумкин. Бироқ вазият таҳликали даражада эмас”, - дейди Руминия Қишлоқ Хужалик вазирлиги расмийси.

Руминиянинг айиқлар энг кўп яшайдиган Харгита вилоятида фаолият юритаётган “Авес” ташкилотига кўра, ҳозирда қўнғир айиқлар сони кескин камайиб кетган. Ҳукумат расмий маълумотида, 2003 йилда Харгитадаги айиқлар сони 753тани ташкил этиши билдирилган. Бироқ “Авес” ташкилоти маълумотларида айиқлар сонининг 250та экани таъкидланади.

Халқаро меъёрларга кўра, айиқлар сони барқарор сақланиб туриши учун поданинг фақат 10 фоизи овланиши мумкин. Танқидчилар фикрича, ов квотасини ошириш учун расмий маълумотларда айиқлар сони атайин ошириб кўрсатилган.

Ғарблик бойваччалар айиқ овлаш учун катта пул тўлашга тайёр бўлиб тургани туфайли Руминияда ов туризми шиддат билан ривожланишда давом этмоқда. Харгитадаги “Овчилар Иттифоқи” раҳбари Георгий Портикка кўра, айиқнинг катта кичиклигига қараб овчи (ҳар бир ўлдирилган айиқ учун) 9 минг долларгача пул тўлайди.

Халқаро ташкилотлар ҳам Руминиядаги қўнғир айиқлар сони камайиб бораётганини эътироф этмоқдалар. Германиядаги “European Nature Heritage” Жамғармаси директори Габриел Швадерер Озодлик радиосига, айиқлар сонини белгилашда аниқ услублардан фойдаланиш кераклигини айтади. Унга кўра, айиқлар сонини бўрттириб кўрсатиш бошқа давлатларда, хусусан Словакияда ҳам бор.

“World Wide Fund for Nature” халқаро ташкилотининг Словакиядаги айиқларни муҳофаза қилиш лойиҳаси раҳбари Робин Риггнинг Озодлик радиосига маълум қилишича, ҳукуматнинг расмий маълумотларида айиқлар сони амалдагига қараганда икки баробар орттириб кўрсатилган :

”Расмий маълумотларда айиқлар сони 1 минг 200 - 1 минг 300та қилиб қўрсатилган. Айиқлар катта майдонда яшагани учун бир ов участкасидан бошқасига бир неча марта ўтган бўлиши ва у шунча марта ҳисобга олинган бўлиши мумкин. Кўпчилик зоологлар ва овчилар Словакиядаги айиқлар сони 600тадан 800тагача бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар”, - дейди Робин Ригг.

Қўнғир айиқлар сони кескин камайиб кетишига фақатгина ғарблик овчилар сабаб бўлаётгани йўқ. Танқидчиларга кўра, Европадаги кўпгина етакчи сиёсатчилар ҳам коммунист раҳбарлар сингари овни хуш кўрадилар. Масалан, Руминия Бош вазири Адриан Настазе ашаддий ов ишқибози ва “Овчилар Иттифоқи”нинг фаҳрли раҳбари ҳисобланади. Руминия ҳукуматининг бошқа аъзолари, жумладан Атроф-Муҳитни Муҳофаза қилиш вазири Илие Сарбунинг ўзи ҳам овга муккасидан кетган шахс ҳисобланади. Декабр ойида ов пайтида бехосдан яраланган Сарбу ҳозирда даволанмоқда.

Руминиядаги атроф-муҳит масалалари билан шуғулланувчи “Авес” ташкилотига кўра, қўнғир айиқлар пана ва хавфсиз жойдан туриб овланмоқда. Бундан ташқари, ов пайтида айиқни жалб этиш учун мол ёки от ўлигини ўлжа сифатида ташлаб қўйиш, болалари бўлган она айиқни отиб ўлдириш ёки айиқ яшайдиган уя олдига тузоқ қўйиш каби ноқонуний усуллар қўлланилмоқда.

“Авес” ташкилоти Руминия ҳукумати қўнғир айиқлар қирғин қилиниши юзасидан зудлик билан чора кўрмаса, халқаро ташкилотлар, жумладан Европа Парламентига расмий шикоят аризаси ёзиши ҳақида огоҳлантирган.
XS
SM
MD
LG