Линклар

Қирғизистонда Ахси фожиаси қурбонлари хотирланди


Абдуллоҳ Эргаш Бундан икки йил аввал - 2002 йилнинг 17 март куни Қирғизистондаги Ахси тумани аҳолиси парламент депутати Азимбек Бекназаровнинг қамоққа олинишига норозилик билдириб намойиш ўтказган эди. Бу намойиш Қирғизистон милицияси томонидан ўққа тутилиб, 6 одам нобуд бўлган ва 100 га яқин киши яраланган эди. Ҳукуматнинг намойишга чиққанларга бундай муносабати мамлакат бўйлаб норозилик намойишларининг кўпайишига сабаб бўлди. 2002 йили Қирғизистон шаҳарларида деярли ҳар куни норозилик намойишлари ўтказилиб турилди. Қирғизистонлик кузатувчиларга кўра, Ахси воқеалари мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига катта таъсир кўрсатиши лозим эди. Аслида шундай бўлдими? Қирғизистон ҳукумати Ахси сабоқларидан қандай хулосалар чиқарди?

2002 йил 17 март. Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ахси тумани қишлоқларидан туман маркази Карвонга қараб одамлар йўлга чиқдилар. Кимдир пиёда, кимдир отда, кимдир эса автобусда борар эди. Улар ўз туманларидан Парламент депутатлига сайланган ва ҳукумат сиёсатини танқид қилгани учун қамоққа олинган Азимбек Бекназаровни озод қилиш талаби билан ўтказилиши режалаштирилган норозилик намойишига борар эдилар. Ахсининг Бўзпияк қишлоғида уларнинг йўлини қуролланган милицонерлар гуруҳи тўсиб қолди. Милиционерлар маҳаллий раҳбарият буйруғи билан норозиларни ўққа тутдилар.

17 март куни Қирғизистоннинг кўплаб шаҳарларида ана шу фожиа қурбонларини хотирлаш маросими ўтказилди. Маросим ҳамма жойда Қуръон тиловат қилиш билан бошланиб, марҳумларга бағишланган қўшиқларни куйлаш билан якунланди.

2002 йил 17 март воқеаларида олти одам нобуд бўлди ва 100 га яқин одам яраланди. Лекин бу қонли воқеа мамлакат бўйлаб янги норозилик намойишларининг авж олишига сабаб бўлди. 2002 йилда ҳар куни Қирғизистоннинг ўнлаб шаҳар ва туманларида норозилик митинглари ва намойишлар бўлиб турди. Қирғизистон Парламенти депутати Азимбек Бекназаров ўша қонли 17 мартни шундай эслайди:

”Ҳаммасига ҳокимият сабабчи бўлди. Мен фожедан бир ой олдин, халқ билан ҳазиллашманглар, қон тўкилиши мумкин, деб ҳукуматни бир неча марта огоҳлантирган эдим. Фақат менгина эмас, депутатларнинг кўпчилиги ҳам халқ талабини бажариш, яъни мени қамоқдан озод этишни ҳукуматдан талаб қилган эди. Аммо ҳокимият куч билан енгмоқчи бўлди халқни” .

Ахси фожеаларидан сўнг халққа қарши ўқ отишга буйруқ берган маҳаллий амалдорлар ва вазиятни назорат қила олмаган олий даражадаги ўнлаб раҳбарлар лавозимидан бўшатилди. Баъзилари судланди, баъзилари эса бир йилдан сўнг яна олий лавозимларни эгалладилар. Қирғизистон Президенти Асқар Ақаев ўша пайтда халққа мурожаат қилиб, Ахси фожиасидан керакли хулосалар чиқарилгани ва бу воқеа мамлакатда демократик ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб беришини билдирган эди. Президент Ақаев айтганидай, Ахси воқеалари демократик тараққиётга ва ҳукумат сиёсатига нечоғлиқ таъсир этди? Ўш Оммавий Ахборот Воситалари Маркази раҳбари Эрнис Мамирканов гапиради:

”Менимча, Ахси воқеалари ҳукумат иш услубига бир қатор тузатишлар киритди. Лекин кутилгани каби, катта натижа бермади. Бундай ислоҳотни ўтказишга ҳукуматнинг ўзи ҳам унчалик ҳаракат қилмади”, - дейди Эрнис Мамирканов.

Бишкекдаги “Фуқаролик жамияти коррупцияга қарши” нодавлат ташкилоти раҳбари Тўлейкан Исмоилова эса Ахси воқеалари Қирғизистонда демократия ва эркинлик учун курашнинг ёрқин намунаси бўлди, деб ҳисоблайди:
”17-18 март кунлари Қирғизистон халқи учун демократия ва эркинлик учун кураш куни ҳисобланади. Бу кун расман эълон қилинмаган бўлса-да, халқ уни ҳар йили нишонлайверади”, - деди Тўлейкан Исмаилова.

17 март куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтказилган хотирлаш маросимида сўзга чиққан сиёсат ва жамоат арбоблари Ахси фожиасининг асосий айбдорлари олий даражадаги лавозимларидан олинган бўлсалар-да, уларнинг ҳамон ҳукумат тизимларида фаолият кўрсатаётганликларига норозилик билдирдилар. Митинг иштирокчилари уларни жазолашни талаб қилиб, Президент Ақаевга мурожаат қабул қилдилар. Бундай мурожаат Ахси туман маданият уйида ўтган хотирлаш маросимида ҳам қабул қилинди.
XS
SM
MD
LG