Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:55

Ўзбекистонлик зумрадфурушнинг Россияда қўлга олингани


Бир замонлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур соҳиби бўлган машҳур “Кўҳинур” олмоси бугун Англия қироличасининг манглайида ялтираб турибди. Ўзи мурғакккина бўлган бундай қимматбаҳо тошларга бир пайтлар бутун бир ўлкани беришган. Куни-кеча Москва шаҳрининг милиция ходимлари ана шу қимматбаҳо тошни пуллаётган ўзбекистонлик фуқарони қўлга олишди. Раббим Темиров ёнидан топилган зумрад тош оз эмас, кўп эмас 3 миллион АҚШ доллари қимматида деб баҳоланди. Бу ҳақдаги тўлиқ тафсилотларни ҳамкасбим Садриддин тайёрлаган лавҳадан билиб олишингиз мумкин.

“Московская правда” газетасининг мухбири Андрей Курочкиннинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, Раббим Темиров Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятида яшайди. У Москва шаҳрига келиб, яқин одамларига қимматбаҳо тоши бор эканлигини айтиб, уни сотишда ёрдам беришларини илтимос қилади. Бир қанча вақт бу тошга пули етадиган мижоз изланади. Москва шаҳар Ички Ишлар Бошқармасининг Иқтисодий Жиноятларга қарши кураш бўлими ходимлари бу воқеадан хабар топишиб, мижоз сифатида ўзлари харидор бўлишади. Ҳозир воқеанинг ривожини сал кейинга қолдириб, бу қандай қимматбаҳо тош эканлигини билиб олайлик. Андрей Курочкиннинг айтишича:

“Бу зумрад. Унинг қаердан олиб келинганлиги ҳозирча нома’лум. Тошнинг устки қисми гранит билан қопланган. Бундан эса ушбу зумрад қазилмалар олиб борилаётган конлардан биридан ўғирланган бўлишини тахмин қилиш мумкин”.

Ана шу тошни Раббим Темиров 450 минг АҚШ долларига сотишга рози бўлди. Аммо унинг мижози милиция ходими бўлиб чиқди. Москва шахар Ички Ишлар Бошқармаси матбуот котиби Елена Персилова “Озодлик” мухбирига Раббим Темировнинг ушланиш жараёни ҳақида шундай деди:

“Бири Грузия фуқароси, иккинчиси Ўзбекистон фуқароси бўлган икки ёш йигит, катталиги 420 карат бўлган зумрадни “Красная ворота” метроси ёнида сотишмоқчи бўлганларида ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинди”.

Елена Персиловага кўра , улар қора бозорда қимматбаҳо тошлар билан шуғулланадиган одамлар билан алоқа ўрнатмоқчи бўлишган. Иккинчи ушланган Грузия фуқароси ҳозирча қўйилган айбни бўйнига олмаяпти. Гўёки у бу ерга тасодифан келиб қолган ва Раббим Темировни танимайди. Матбуот котиби бу тошнинг қаердан олингани ҳақида шундай тахмин билдирди:

“Бизнингча бу зумраднинг ватани Россия. Лекин энг сўнгги хулосани мутахассислар айтишади”.

Биз матбуот котиби Елена Персиловадан Ўзбекистон фуқароси ушланганлиги ҳақида Ўзбекистон элчихонасига хабар берилдими, деб сўраганимизда у: “Ҳозирча ҳеч нарса айтолмайман” -- деб жавоб берди.

Айни пайтда изқуварлар тошнинг қаердан ўғирланганини аниқлашмоқда. Зумраднинг ҳозирги тахминий баҳоси 3 миллион АҚШ доллари. Лекин аниқ ташхис қўйилгандан сўнг, унинг баҳоси бундан ҳам қиммат бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG