Линклар

ЯНГИ СЎРОВ ДУНЁДА АКСИЛ АМЕРИКА КАЙФИЯТЛАР КУЧАЙГАНИНИ КЎРСАТДИ

  • Ҳурмат Бобожон

Американинг террорчиликка қарши уруши ортида Вашингтоннинг Яқин Шарқ нефти устидан назорат ўрнатиш ва дунёга ҳукмронлик қилиш иддаоси ётибдими? АҚШ Президенти Жорж Буш ва Британия Бош вазири Тони Блэр Ироқ таҳдиди ҳақида ёлғон гапирганларми? Ал-Қайда етакчиси Усама бин Ладин қаҳрамонми? Яқинда Американинг "Pew" мустақил тадқиқот маркази Ғарбий Европа ва Яқин Шарқ минтақасининг тўққиз давлати аҳолисининг бу борадаги фикрларини ўрганиш мақсадида сўров ўтказди. Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг кўпчилиги мазкур саволларга "Ҳа" жавобини беришган.

"Pew" мустақил тадқиқот маркази раиси, Президент Клинтон даврида АҚШ Давлат Котиби бўлиб ишлаган Мадлин Олбрайт сешанба куни сўров натижаларини эълон қилар экан, дунё бўйлаб аксил америка кайфиятлари янада кучайгани ҳақида бонг урди. "Сўров Қўшма Штатларга нисбатан ишонч сўниб бораётганини кўрсатмоқда. Сўровда қатнашганларнинг кўпчилиги раҳбарларимиз уларга ёлғон гапирганликларини таъкидлашган", - деди Олбрайт жумладан.

Сўров давомида, аксар аҳолиси мусулмонлардан иборат ва Вашингтон билан яқин муносабатда бўлган Иордания, Марокаш, Покистон ва Туркия каби давлатларда кўпчилик Американинг террорчиликка қарши уруши Яқин Шарқ нефти устидан назорат ўрнатишга қаратилганини эътироф этишган. Шунингдек, сўров натижалари шунга ўхшаш кайфиятлар Европанинг ривожланган давлатлари - Франция ва Германия аҳолиси орасида ҳам хукмрон эканини кўрсатган.

Фақат Америка, Россия ва британияликларнинг кўпчилиги халқаро террорчиликка қарши кураш ортида самимий мақсад ётишини таъкидлашган.

"Pew" тадқиқот маркази директори Эндрю Кохут гапиради: "2003 йил май ойги сўровимизга қараганда бу сафар анча ижобий муносабат бўлишини кутган эдик. Аммо бунинг акси бўлиб чиқди. Сўров натижалари Европада Америкага нисбатан ишончсизлик ҳар қачонгидан кучли эканини, мусулмон давлатларида эса Америкага қарши нафрат кайфиятлари ўзгаришсиз қолаётганини кўрсатди", - дейди Кохут.

Сўров хулосасига кўра, мусулмон давлатларида кўпчилик аҳоли ал-Қайда етакчиси Усама бин Ладинга нисбатан ижобий қарашда. Террорчиликка қарши курашда Вашингтоннинг муҳим ҳамкори ҳисобланган Покистондаги сўровда қатнашганларнинг учдан икки қисми, Марокашда эса респондентларнинг ярми Бин Ладин ҳақида ижобий фикр билдирган. Иорданияда ҳам аксар кўпчилик шундай фикрда. Яна Эндрю Кохут гапиради: "Покистон, Марокашда кўпчилик Усама Бин Ладинга нисбатан ижобий қарашда. Бироқ Туркия бундан мустасно. Шунга қарамай Туркияда ҳам сўровда қатнашганларнинг 31 фоизи Ироқда америкаликлар ва бошқа ғарбликларга қарши худкуш террор амалиётлари содир этилаётганини оқлайдиган сабаблар борлигини таъкидлашди."

Германия, Россия, Франция, Иордания ва Покистонда сўровда қатнашган кўпчилик АҚШ ва Британия раҳбарлари Ироқда оммавий қирғин қуроллари борлиги ҳақида ёлғон баёнот берди, дея муносабат билдирган. "Бу эса, - дейди Эндрю Кохут, - европаликлар орасида Америка сиёсатига нисбатан жиддий ишончсизлик юзага келганидан далолат".

Мазкур сўров, Испания пойтахти Мадридда содир этилган мудҳиш портлашлардан олдин ўтказилган. Шу боис, кўплаб таҳлилчилар 201 киши ўлимига сабаб бўлган Мадрид портлашларидан сўнг европаликларнинг террорчиликка қарши курашга нисбатан муносабати янада ўзгарганлигини таъкидлашмоқда.

Европанинг беш давлати фуқароларига кўра, Европа Иттифоқи хавфсизлик масаласида АҚШдан мустақил сиёсат олиб бориши керак.
XS
SM
MD
LG