Линклар

Инсон Ҳуқуқлари бўйича Европа Судида Маматқулов ва Асқаровларнинг шикоят аризаси кўриб чиқилди.


Азизулло Арол 17 март куни Страсбургдаги Инсон Ҳуқуқлари бўйича Европа Судида Ўзбекистон фуқароси Маматқулов ва Асқаровларнинг шикоят аризасии кўриб чиқилди. Маматқулов ва Асқаровлар 1999 йили Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтаëтган мазкур маҳбуслар республика Президенти жонига суиқасд қилганлик ва 99 йил 16 февралида Тошкентда амалга оширилган террор ҳужумларига алоқадорликда айбланган.

Хўш¸ Тошкент портлашлари бўйича бўлиб ўтган суд жараëнларидаги асосий гувоҳ ва айбланувчи Зайниддин Асқаровнинг номи нега яна бир бор кун тартибига тушди¸ дерсиз. Бунга 17 март куни Инсон Ҳуқуқлари бўйича Европа Судида Асқаров шикоят аризасининг кўриб чиқилгани сабаб бўлди.

Мазкур суднинг матбуот бўлими тарқатган хабарномада қайд этилишича¸ Рустам Маматқулов ва Зайниддин Асқаровлар 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда амалга оширилган террор ҳужумларида иштирок этганликда гумон қилинган.

Маматқулов воқеадан кўп ўтмай ўша йилнинг 3 мартида Қозоғистондан саëҳат визаси билан Истамбулга келганида "Ата турк" аэропортда қўлга олинган. Асқаров эса¸ 98 йилнинг 13 декабрида қалбаки паспорт билан Туркияга келган ва 99 йилнинг 5 мартида Туркия хавфсизлик кучлари томонидан ушланган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтаëтган мазкур маҳбуслар икки давлат ўртасида тузилган шартнома асосида 99 йилнинг 27 мартида Туркиядан Ўзбекистонга эксрадиция қилинган.

Расмий Тошкентнинг экстрадиция ҳақидаги суравини кўриб чиққан Туркия суди ҳибсга олинганларга нисбатан қўйилаëтган айблар сиëсий ëхуд ҳарбий мазмунда эмас балки¸ жиноий характерга эга¸ деган хулосага келган.

Хабарномада Эрк партияси аъзолари¸ деб айтилаëтган Маматқулов ва Асқаровлар шикояти Европа Судида кўриб чиқилганига қарамай¸ ҳозирча суд бу тўғрида қарор чиқарганича йўқ. Суд матбуот вакили Эмма Ҳеллйернинг айтишича¸ суднинг бу хусусдаги қарори бир неча ойдан кейин эълон этилиши мумкин.

"Ҳозир бу борада бир нарса дейиш қийин. Чунки ҳали суд ҳукми эълон қилингани йўқ. Судда шикоятчиларнинг ҳам¸ Туркия ҳукуматининг ҳам адвокатлари қатнашди. Маҳбуслар адвокати уларнинг ҳуқуқлари поймол этилганлиги ҳақида шикоят қилган бўлса¸ ҳукумат вакиллари уларнинг иддаоларини рад этишди. Натижа эса¸ суд қароридан кейин маълум бўлади"¸- деди Ҳеллйер хоним жумладан.

1999 йилнинг 18 мартида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Туркия ҳукуматига мурожаат қилиб¸ ҳибсга олинганларни¸ уларнинг судга ëзган шикояти кўриб чиқилгунча¸ Ўзбекистонга бермай туришни сўраган эди.

Бироқ шунга қарамай Туркия ҳукумати мазкур маҳбусларни 99 йилнинг 27 мартида Ўзбекистонга экстрадиция қилди. Ўша йилнинг 28 июнида эса Ўзбекистон суди Маматқуловни 20 йилга ва Асқаровни эса 11 йилга озодликдан маҳрум этди.

Хўш¸ Туркия расмийлари Маматқулов ва Асқаровлар шикоят аризасига бирор муносабат билдирдиларми? Страсбург эшитувлари турк матбуотида ëритилдими? Истамбулдаги мухбиримиз Темурхўжа шу савол билан қизиқиб кўрди.

Азиз тингловчи¸ Европа конвенциясининг яшаш ҳуқуқи тўғрисидаги 2 моддаси ҳамда қийноқларни таъқиқлаш тўғрисидаги 3 моддасига кўра¸ ҳибсга олинганларни ўлим жазоси сақланиб қалаëтган Ўзбекистонга топшириш улар ҳаëтини хавф остида қолдиради. Қолаверса¸ айбланувчиларни қийноқлар кенг қўлланаëтган мамлакатга топшириш ҳам¸ инсон ҳуқуқлари бўйича мавжуд халқаро стандартларга зиддир.

Европа конвенциясининг адолатли судлов ҳуқуқи тўғрисидаги 6 моддасига кўра¸ қўлга олинган Ўзбекистон фуқароларини Туркиядан экстрадиция қилиш ва Ўзбекистонда суд этиш жараëнида қонун бузилишларига йўл қўйилган. Бу бузилишларга суд қарорида қандай баҳо берилади¸ буни қабул қилинажак ҳукмдан билиб оламиз.
XS
SM
MD
LG