Линклар

Косовода милларлараро тўқнашувлар келиб чиқишида ахборот воситалари айбдорми?

  • Ҳасанжон

Аввалги эшиттиришларимизда Косовода чоршанба куни бошланган миллатлараро тўқнашувлар оқибатида камида 31 одам нобуд бўлгани ва 500 одам тан жароҳати олгани ҳақида атрофлича маълумот берган эдик. Косоводаги БМТ Миссияси ва НАТО етакчилигидаги тинчликни сақловчи халқаро кучлар вазиятни назорат остида сақлаб туриш учун зарурий чоралар кўрмоқдалар. Косово билан боғлиқ воқеаларни бугун ҳам ҳамкасбим Ҳасанжон матбуот хабарлари орқали яқиндан кузатиб боряпти.

Ф.С.: Ҳасанжон, Косоводаги сўнгги вазият қандай? Аввал шу ҳақда қисқача сўзлаб берсангиз.

Ҳасанжон: Косово жума куни нисбатан тинч бўлди. Албанлар ва серблар ўртасида тўқнашувлар юз бергани ҳақида хабар олинмади. Фақат жума куни эрта тонгда Косовска Митровича шаҳри аҳолиси кучли портлаш овозини эшитди. НАТО етакчилигидаги тинчликни сақловчи халқаро кучлар аскарларига асосланиб Франс Пресс ахборот агентлигининг билдиришича, бу портлаш халқаро кучлар томонидан содир этилган. Кузатувчиларга кўра, аскарлар портловчи моддалар топганлар ва уни зарарсизлантириш учун портлатган.

Ф.С.: Миллатлараро тўқнашувларга барҳам бериш учун халқаро ҳамжамият хусусан Европа давлатлари қандай чора кўрмоқда?

Ҳасанжон: Фарангиз минтақадаги вазиятни НАТОнинг 17 минг, БМТ ва маҳаллий полицияга қарашли 10 минг аскар назорат қилиб турибди. Шу сабабли албанлар ва серблар ўртасида тўсатдан юз берган тўқнашувга қисқа фурсатда барҳам берилди. Шунга қарамай, қалтис вазият яна юзага келишининг олдини олиш учун Германия ҳукумати Косовога 600 нафар қўшимча аскар жўнатди. Жума куни Франция Мудофаа вазири Мишел Эллиот Мари ҳам 400 нафар француз аскари Косовога жўнатилганини эълон қилди.

Ф.С.: Ҳасанжон, Косоводаги миллатлараро тўқнашувлар келиб чиқишига нима сабаб бўлди?

Ҳасанжон: Фарангис, шу ҳафтада Косова қалтис вазият юзага келган эди. Бунинг сабаби албанлар собиқ партизанлар қўмондони ҳибсга олинганига қарши, касаба уюшмалари хусусийлаштириш дастурига норозилик билдириб, серблар эса душанба куни юз берган отишмада бир бола яраланганига ўз норозиликларини билдириб намойишлар уюштирган эди.

Сешанба куни кечқурун Косовадаги телеканал албан ва серблар истиқомат қиладиган Косовска Митровича шаҳрида яшовчи 13 ёшдаги Фитим Весели исмли албан бола билан ўтказилган интервюни бир неча марта эфирга узатди. Фитим укаси ва икки ўртоғи билан кетаётган пайтда серблар уларни итга талатгани болалар итлардан қутилиб, шаҳарнинг албанлар яшайдиган қисмига тезроқ ўтиб олиш учун тез оқаётган дарёга сакраганини ҳикоя қилди. Фақат Фитимнинг ўзи дарёнинг нариги қирғоғигача сузиб ўта олган. Қолган уч бола сувга чўкиб ўлган. Ана шу интервю Косовада миллатлараро тўқнашувларга туртки бўлган, дейилмоқда.

Ф.С.: Ҳасанжон, демак Косовада зўравонликлар юз беришида оммавий ахборот воситалари айбланаётган эканда. Нозик вазиятда ахборот воситаларининг масъулияти ҳақида кузатувчилар нималар дейишмоқда?

Ҳасанжон: Лондондаги Уруш ва Тинчликни Ёритиш институти ходими Томас де Ваалнинг Озодлик радиосига билдиришича, миллий ва диний масалада бўлиниш юзага келган минтақаларда оммавий ахборот воситалари ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр бўлишлари керак. Де Ваалга кўра, журналистлар кескинлик ҳукм сурган минтақаларда ўз вазифаларига ўта масъулият билан ёндошишлари керак. Акс ҳолда, бир томонлама юзаки маълумотлар милларлараро тўқнашувлар юзага чиқиб, беҳуда қон тўкилишига олиб келади. Томас де Валл ўз фикрининг исботи сифатида 800 минг одам қирғин қилинган Руанда, Арманистон ва Озарбайжон ва бошқа давлатларда юз берган қонли воқеаларни мисол қилиб кўрсатди.

Ф.С.: Ҳасанжон, зўравонликларга сабаб бўлгани тахмин қилинаётган телелавҳа тақдири нима бўлди?

Ҳасанжон: Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Косовадаги оммавий ахборот воситалари учун масъул бўлган вакили Роберт Жиллетга кўра, Фитим Весели исмли албан бола билан ўтказилган интервю ўрганилмоқда. Жиллетга кўра, Агар албанлар ва серблар ўртасида юз берган миллатлараро зўравонликларга Косоводаги оммавий ахборот воситалари туртки бергани ҳақидаги маълумот тасдиқланса, уларга нисбатан санкциялар жорий этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG