Линклар

Тайван Президенти ўққа тутилди


Азизулло Арол 19 март куни Тайван Президенти Чен Шуи.биан ва вице-президент Аннетте Лу мамлакат жанубидаги Тайнан шаҳрига сайловолди кампанияси ўтказиш учун кетаëтганида автоколоннаси ўққа тутилди ва натижада иккала раҳбар ҳам жароҳатланди. Ҳодиса президентлик сайловлари ва Тайваннинг Хитой билан истиқболдаги муносабатлари тўғрисида бўлиб ўтадиган референдумдан бир кун олдин юз берди.

Тайван президентнинг идораси бош котибининг маълум қилишича¸ ҳодисада жароҳатланганлар ҳаëти хавф остида эмас.
"Президент Чен ва вице-президент Аннетте Лу Тайнан шаҳрига кетаëтганларида ўққа тутилдилар. Бироқ ҳозир уларнинг ҳаëти ҳеч қандай таҳлика остида эмас ва ўзларини яхши ҳис этадилар"¸ -деди президент идораси бош котиби.

Унга кўра¸ Президент Чен ҳали давлат ишларини бошқаришга қодир ва президентлик сайловлари референдум белгиланганидек 20 март куни бўлиб ўтади.

Тайван маҳаллий телевидениеси хабарига кўра¸ Президент Чен касалхонадан чиқарилган. Президент матбуот вакилининг айтишича¸ ҳукумат ҳодиса юзасидан текширув ишларини олиб бормоқда.

Ҳодиса Президент ва вице-президент усти очиқ машинада кетаëтганларида юз берди. Полициянинг айтишича¸ икки стандарт тўппончадан камида икки ўқ ўзилган. Натижада Чен қорнидан ва Лу эса ўнг оëғидан жароҳатланган. Полиция воқеа юзасидан ҳозирча ҳеч кимни қўлга олгани йўқ. Ушбу ҳодисанинг шанба кунига белгиланган президентлик сайлови ва реферемдумга сайловчиларнинг қатнашишига қанчалик таъсир этиши ҳам номаълум.

Иқтидордаги Демократик прогрессив партия вакиллари Чен ва Лу мухолифатдаги Хитой миллатчи партияси вакили Лиен Чанга қарши сайлов кампанияси олиб бормоқдалар. Мазкур ҳодисадан кейин ҳар икки партия ҳам ўзининг барча сайловолди кампанияларини тўхтатиб қўйди. Лиеннинг айтишича у ҳодисадан ваҳимага тушган.

"Жамиятимизга тинчлик ва осойишталик олиб келинадиган шундай бир пайтда биз барча сайлов олди кампанияларини тўхтатишга қарор қилдик"¸ - дейди мухолифат вакили Лиен.

Мазкур партиялар платформасида унчалик фарқ йўқ. Катта фарқ уларнинг Хитойга нисбатан позициясидадир. Бу партияларнинг ҳеч бири Хитой билан тез орада қайта бирлашишни қўллаб-қувватламайди. Бироқ мустақилликнинг кучли тарафдори бўлган Чен 20 мартдаги сайловлар билан бирга Пекин билан истиқболдаги муносабатлар хусусида референдум ўтказишга ҳам қарор қилган эди.

Референдумда овоз берувчиларнинг Тайван Хитой билан музокаралар олиб бориши керакми ëхуд Пекиннинг эҳтимолий ракета ҳужумларига қарши ўзининг мудофаа тизимини кучайтириши керакми¸ деган саволга жавоб беришлари кутилмоқда.

Референдум масаласи Тайванга Хитойдан юз ўгирган минтақа сифатида қаровчи Пекин амалдорларининг ғашига тегмоқда. Хитой ҳукумати суиқасд ҳодисасига ҳозирча муносабат билдирганича йўқ.
XS
SM
MD
LG