Линклар

logo-print

Халқаро ҳамжамият АҚШ ва Британиянинг Ироққа бостириб киргани хусусида ҳозиргача баҳслашмоқда.

  • Ҳасанжон

20 март куни Ироқ уруши бошланганига бир йил тўлди. АҚШ ва Британия биргаликда Саддам Ҳусайн режимини ҳокимиятдан ағдариш ҳақида қабул қилган қарори ҳозиргача мунозарали масала бўлиб қолмоқда. Уруш тарафдорлари Вашингтон ва Лондон расмийлари халоскорлар сифатида ҳаракат қилганларини айтаётган бир пайтда, Ироқ уруши танқидчилари АҚШнинг бир томонлама ҳатти-ҳаракатидан империализм ҳиди келаётганини айтмоқдалар. Бу масалада мубоҳасалар давом этар экан халқаро ҳамжамият уруш натижаларини хусусида келишувга эришмоқда.

АҚШ ва Британиянинг Ироқни босиб олиш ҳақидаги қарори қанчалар мунозарали бўлганини эслаш учун бир йил олдин халқаро миқёсдаги баҳсларда қилинган чиқишларни яна бир бор эшитишнинг ўзи кифоя.
АҚШ ва Британия Кувайтга 200 минг қўшин тўплаб, БМТ мандатисиз ҳам Ироққа бостириб кириши аён бўлганидан кейин, Франция Ташқи Ишлар вазири ўз норозилигини яширмаган эди.

Феврал ойи ўртасида БМТ Хавфсизлик Кенгашида нутқ сўзлаган Доминик де Вилпен қуроллар инспекцияси Саддам Ҳусайн солаётган хавфни аллақачон бартараф қилгани ва бу Ироққа нисбатан ҳарбий куч ишлатишдан кўра самарали йўл эканини таъкидлаган эди:

“Куч ишлатишдан фарқли ўлароқ, инспекциялар Ироқни батамом ва тинч йўл билан қуролсизлантиришнинг алтернатив йўлидир. Биз ўзимизга бу ҳам хавфсиз, ҳам муаммони тез ҳал эта оладиган йўл бўла оладими, деган савол беришимиз керак ”, - деган эди Доминик де Вилпен.

Бироқ шу куни Хавфсизлик Кенгашида нутқ сўзлаган АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл Вашингтон расмийлари бундай буён турли тортишувларга тоқат қила олмаслигини айтган. Пауэл Кенгашга Ироқ БМТ инспекторлари билан ҳамкорлик қила олмагани ва ҳарбий куч ишлатмаслик муаммони хал қилмасликни англатишини айтган:

“Биз ҳозирда Ироқ ўз мажбуриятларини яна бажармаётгани ва ҳамкорлик қилмаётганини кўряпмиз. Менимча, мазкур муаммо хал этилмаслигининг салбий оқибатлари ҳақида Кенгаш ўйлашни бошлайдиган вақт келди”.

Ироқ уруши бошланган кунга бир йил тўлган бўлса ҳам, кўп давлатларнинг бу масаладаги позициясида кузатилган кескин фарқ сақланиб қолмоқда.

Ироққа бостириб киришни қўллаб-қувватлаган давлатлар, хусусан Италия, Полша ва Испания Ироққа ўз қўшинларини жўнатди. Урушга қарши бўлган давлатлар эса Ироқ масаласига Американинг иши сифатида қарайдилар ва ҳокимиятни тезроқ ироқликларга топширишга чақирмоқдалар.

Ироққа немис аскарлари жўнатилмаслигини айтган Берлин расмийлари, агар НАТОнинг барча аъзолари розилик берса, НАТО қўшинлари Ироққа киритилишига қаршилик кўрсатмаслигини билдирди.

Ироқ бўҳронини БМТ доирасида ҳал этишга чақирган Россия ва араб давлатлари АҚШ бошқарувида бўлган Ироққа ўз қўшинларини жўнатишни истамади.

Ироқ уруши борасида халқаро ҳамжамият ўртасида бўлиниш сақланиб қолаётган бўлишига қарамай, уруш натижалари хусусида баъзи келишувларга эришилмоқда. Бунга октябр ойида АҚШ ташаббуси билан БМТ Хавфсизлик Кенгаши қабул қилган резолюция мисол бўла олади. Ҳужжатда ҳокимиятни имкон қадар қисқа фурсатда ироқликларга топшириш, хавфсизликни таъминлаш ва қайта қуриш ишларида халқаро ҳамжамият ролини ошириш кўзда тутилган.

АҚШ ва Британиянинг бир томонлама сиёсатини танқид қилган БМТ Бош Котиби Кофи Аннан мазкур резолюция халқаро жамоатчилик Ироқ ҳалқи манфаатларини сиёсий бўлинишдан юқори қўйишини кўрсатганини таъкидлади.

Яқинда халқаро ташкилотлар ва ахборот агентликлари томонидан 2 минг 500 ироқлик орасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, сўралганларнинг кўпи АҚШ ва Британиянинг Ироққа бостириб кирганини ижобий баҳолаган. Аммо улар чет эл қўшинларининг Ироқда бундан буён қолишига қарши эканликларини айтганлар.

Ироқ уруши бошланганининг бир йиллиги арафасида 19 март куни Оқ Уйда нутқ сўзлаган АҚШ Президенти Жорж Буш АҚШ ва унинг иттифоқчилари терроризм таҳдидини енгишини, зўравонлик актлари ва таҳликаси олдида ҳеч қачон таслим бўлмаслигини, терроризмга қарши кескин чоралар кўриш лозимлигини таъкидлади. Буш Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилиши билан Яқин Шарқ минтақаси хавфсизроқ бўлиб қолганини билдирди:

“Бугунги кунда ироқликлар дунёнинг эркин халқлари қаторига қўшилар экан, биз Яқин Шарқда кескин ўзгариш ва инсон эркинлиги борасида муҳим муваффақиятга эришилаётганини кўряпмиз. Бу хусусда қадрдон дўстларимиз билан келишмовчиликлар бўлди. Аммо у ўтмишда қолди. Ироқ диктаторининг ҳокимиятдан ағдарилиши билан Яқин Шарқдаги зўравонлик, агрессия ва беқарорлик манбаси йўқ қилинганини ҳозирда барчамиз эътироф эта оламиз ”, - деди АҚШ Президенти Жорж Буш.
XS
SM
MD
LG