Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:42

"ХАМАС" ЕТАКЧИСИ ЎЛДИРИЛДИ


Душанба куни эрталаб Исроил ҳарбий кучларининг Ғазо минтақасида амалга оширган ҳаво ҳужумлари натижасида Фаластиннинг "Хамас" қуролли гуруҳи етакчиси Шайх Аҳмад Яссин ҳалок бўлди. Хабарларга кўра, Яссин эрталабки намоздан қайтаётганида у ўтирган автомашина Исроил ҳарбий вертолётидан нишонга олинган. Исроил Армияси вакилларига кўра, Яссин ва у рахбарлигидаги "Хамас" ташкилоти Исроилда тинч аҳолига қарши содир этилган қатор худкуш портлашларга жавобгарликни зиммасига олган ва шу боис Исроил ҳукумати "Хамас" етакчисига ракета ҳужуми орқали жавоб қилишга қарор қилган.

Фаластин қаршилик ҳаракатининг рамзи бўлиб келган Шайх Аҳмад Яссин ўлдирилгандан хабар топган фаластинликлар Исроилдан қасос олажакларини айтишди. Исроил расмийлари эса, Шайх Яссинни минтақадаги тинчликка тахдид солаётган одам сифатида таърифлаб, унинг ўлдирилишини минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш сари қилинган муҳим ҳаракат, дея изоҳламоқда. Хусусан, Исроил ҳукумати вакили Ави Пазнер: "Исроил минтақа тинчлиги ва барқарорлигига хавф солувчи энг катта тахдидни бартараф этди. Чунки, Шайх Ясин юзлаб исроилликлар ўлимига сабаб бўлган. Худкуш портлашлар учун шахсан масъул эди", - деди.

Кузатувчилар Яссин ўлими Яқин Шарқда Фаластин ва исроилликлар ўртасидаги шундоғам қалтис вазиятни янада беқарорлаштириб юбориши мумкинлигидан огоҳлантирмоқдалар. Ҳатто, Исроил ичкарисида ҳам шундай хавотирлар юзага келган.

Исроилдаги етакчи мухолифат партия намояндаси Йосси Беилин Шайх Ясиннинг ўлдирилиши минтақа хавфсизлиги учун тахликали бўлишини, Исроилнинг бундай ноўрин ҳаракати кўплаб яхудийлар ўлимига сабаб бўлишини урғулади.

Исроиллик Вилли Гафни эса, бу ходиса оқибатида минтақадаги вазият назоратдан чиқиб кетиши мумкинлиги юзасидан хавотир билдирди.

"Қасос олиш истаги эндиликда "Хамас"нинг қуйи қатлами, оддий аскарлар даражасига тушиб қолиши мумкин. Менимча, фаластинликлар орасида ўз рахбари ва йўл-йўриқчисидан айрилиш хиссиёти пайдо бўлган. Бундай вазиятда уларнинг ҳар бири ўзлари учун ўч ола бошлаши мумкин.", - деган фикрни олға суради Гафни.

Лондонлик таҳлилчи Тим Гарден эса Яссин ўлдирилишининг бошқа оқибатлари ҳақида гапиради. Гарден фикрича, "Хамас" етакчисига қилинган суиқасд халқаро террорчилар сафини кенгайтириб юбориши мумкин. "Кенг мусулмон жамоаси ушбу холатни аксил ғарб кайфиятлари учун яна бир сабаб сифатида қабул қилади. Бу эса Ал-Қаида каби халқаро террор ташкилотлари сафини янада кенгайтириши мумкин", -дейди британиялик таҳлилчи.

Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари учун масъул вакили Хавьер Солана Шайх Аҳмад Ясин ўлдирилишини "нохуш хабар" сифатида таърифлади. "Вазият ўта жиддий ва хатарли. Умид қиламанки, у тўла назорат остига олинади. Ясиннинг ўлдирилиши яҳши хабар эмас. У ёмон хабар. Вазият яқин орада нормал холатга қайтишига умид қиламан. Бироқ, бу ходиса Яқин Шарқда ҳали кўп иш қилинишини тақазо этмоқда", - деди Солана.

АҚШнинг террорчиликка қарши яқин иттифоқчиси бўлган Британия Ташқи ишлар вазири Жек Строу Шайх Аҳмад Ясин ўлдирилишини халқаро ҳуқуқ нормаларига зид, дея таърифлаб, Исроилнинг бу борадаги хатти-ҳаракатларини қоралади. "Биз ҳаммамиз Исроилнинг ўзини ўзи мудофаа этиш эхтиёжини тушунамиз. Исроил халқаро мейёрлар доирасида террорчиликка қарши ҳаракат олиб боришга ҳақли. Бироқ, унинг бундай ғайриқонуний қотиллик содир этишга ҳаққи йўқ ва шу боис биз бу ҳаракатни қоралаймиз. Бу қабул қилиб бўлмайдиган, оқланмайдиган ҳаракат ва бундай йўл билан кўзланган мақсадга эришиш даргумон", - деди Строу.
XS
SM
MD
LG