Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:12

Озарбайжон авторитар тузумлар билан алоқани мустаҳкамламоқчими?


Абдуллоҳ Эргаш Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга қилган расмий сафари ҳамда Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари ҳақидаги маълумотлар билан таништириб ўтдик. Энди эса бу мамлакатнинг ташқи сиёсати ва Президент Илҳом Алиевнинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни кучайтириш ҳаракатлари замирида қандай мақсадлар борлигига эътибор қаратсак. Кўпинча МДҲга аъзо мамлакатлар Президентлари АҚШ ва Европа давлатлари билан иқтисодий ва сиёсий муносабатларини мустаҳкамлашга ҳаракат қиладилар. Бироқ, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев отаси – Ҳайдар Алиевдан ҳокимиятни мерос сифатида қабул қилиб олгандан буён, асосан МДҲ давлатларига сафар қилмоқда. Илҳом Алиев бу билан ўз ташқи сиёсатида яқин қўшнилари билан муносабатларни кучайтиришни асосий мақсад қилиб олганлигини кўрсатмоқчими ёки бунинг тагида бошқа гап борми? Ҳамкасбим Абдуллоҳ Эргаш мана шу саволга жавоб излади.

Илҳом Алиев ҳокимият тепасига келгандан сўнг, биринчи бўлиб Францияга сафар қилди. Бу расмий сафардан кўра кўпроқ шахсий саёҳат эди, дейиш мумкин. У ерда Алиев марҳум отаси, Иккинчи Жаҳон уриши фаҳрийси Ҳайдар Алиевга берилган “Фахрий Легион” орденини қабул қилиб олди. Шу билан сафар тамом бўлди.

Шундан сўнг Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Россияга ва Қозоғистонга сафар қилди. Бу мамлакатлар билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисидаги шартномалар имзоланди. Ўзбекистон эса Илҳом Алиев расмий ташриф қилган тўртинчи давлат бўлди. Нега Илҳом Алиев асосан МДҲ давлатларига сафар қиляати? Нима учун нефтга бой Озарбайжоннинг янги Президенти Европа ва Американинг назаридан четда қолмоқда?

Биз бу саволлар билан Бокуда нашр этиладиган “Зеркало” мустақил газетаси шархловчиси Рауф Миргадировга мурожаае қилдик. Унга кўра, Илҳом Алиев отаси Ҳайдар Алиев президентлиги даврида шаклланган авторитар тузумни ривожлантирмоқда, бу эса Озарбайжоннинг халқаро ҳамжамиятдаги мавқеини тушириб юбормоқда.


”Илҳом Алиевни ривожланган демократик давлатлар раҳбарлари таклиф қилмаяптилар, аксинча, демократия йўқлиги учун Озарбайжонни танқид қилмоқдалар. Шунинг учун у авторитар тузумлар мавжуд мамлакатлар билан алоқани мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда”, - дейди Рауф Миргадиров.

Унинг фикрича, Илҳом Алиев демократик ислоҳотлар амалга оширилмаган ёки демократик тамойиллардан воз кечаётган давлатларга сафар қилар экан, энг аввало ўз тузумини қўлловчи ҳамкорларни қидирмоқда.

Озарбайжонлик сиёсатшунос Зафар Гулиев эса Илҳом Алиевнинг МДҲ давлатларига сафар қилиши борасида шундай фикр билдирди :

”Бу давлатларда у ўзини енгил ҳис қилади, негаки, бу давлатларда ҳам ҳокимият алмашинуви янги монархистик асосга мойил. Бу малакатларда сиёсий вазият ва ҳукумат тизими бир бирига жуда ўхшайди”.

Айни пайтда, Озарбайжонлик сиёсатшунос Илғор Мамедовнинг Озодлик радиосига айтишича, Озарбайжон матбуотида “Президент Илҳом Алиевнинг Марказий Осиёга қилаётган сафарлари негизида, туркийзабон мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш сиёсати бор”, қабилида мақолалар чоп этилмоқда. Бироқ, Илғор Мамедов матбуотнинг бу каби шархларига қарши фикр билдиради:

”Марказий Осиё ва Кавказдаги сиёсатни нисбатан солиштирганимизда, бу икки минтақа сиёсатида кескин фарқ борлигини кўрамиз. Фақат Озарбайжонгина Кавказдаги демократия шабадасидан бебаҳра қолмоқда. Шу боис бундан буён халқаро ҳамжамият Озарбайжондаги вазиятни Кавказдаги бошқа давлатлар билан эмас, балки Марказий Осиё давлатларидаги аҳвол билан солиштира бошлайди. Бу ерда кўпроқ тил жиҳатига эмас, демократик тараққиёт даражасига эътибор қаратмоқ зарур”, - деб фикр билдиради Илғор Мамедов.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Анвар Назировга кўра, Алиев МДҲ давлатларига сафар қилар экан, бу билан сиёсатчи сифатида ўз имижини яратмоқчи бўлади:

”У уз имижини мустахкамлашга ва сиёсатчи сифатида ўз ўрнини топишга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун у аввал Москвага ва кеийн Марказий Осиёга расмий сафар қилмоқда”, -дейди Анвар Назиров.

Президент Илҳом Алиев ҳокимият тепасига келар экан, ташқи сиёсат борасида отаси Ҳайдар Алиев йўналишини давом эттиришини билдирган эди. Бу сиёсат асослари нимадан иборат ва у Марказий Осиё давлатлари билан қай даражадаги ҳамкорликни назарда тутади? Бу саволга Бокудаги “Кавказ ва Туркистон тадқиқот маркази” эксперти Анвар Бўрисўй шундай жавоб беради:

”Туркистон давлатларининг дунё бозорига чиқишининг тўрт йўли бор. Бу Россия, Хитой. Покистон ва Кавказ йўлидир. Айни пайтда энг мақбул йўл Кавказ, яъни Озарбайжон орқали дунё бозорига чиқишдир. Бундан Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳам манфаат кўришади. Чунки, улар ўз режимларига хавф келтирмайдиган йўл билан дунё бозорига чиқиш имкониятига эга бўладилар”,.
XS
SM
MD
LG