Линклар

logo-print

Испания террор қурбонларини хотирлади

  • Сарвар Усмон

24 март куни Испания пойтахти Мадридда бундан икки ҳафта муқаддам содир этилган террористик актлар қурбонларини хотирлаш маросими бўлиб ўтди. Мадрид вокзалларида амалга оширилган портлашлар оқибатида 190 кишининг ёстиғи қуриган, 1400 нафардан зиёд киши жароҳат олган эди.

Мадридда бўлиб ўтган Хотира маросимида минглаб мадридликлар, Испания Қироли ва Қирол оиласи аъзолари қатнашди. Маросимда Франция ва Германия, Италия ва Финляндия, Португалия ва Польша каби давлатлар етакчилари, Буюк Британия Бош вазири Тони Блэр, АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэллар иштирок этдилар. Маросимда шунингдек, Европа Комиссияси вице-президенти Нил Киннок қатнашди.

Мадриддаги Алмудена ибодатхонасида бўлиб ўтган маросим чоғида Испания пойтахти архиепископи Кардинал Антонио Руко Варела жумладан, шундай деди: "Малъун террорчилар ўзининг даҳшатли қотиллигини амалга оширган қора кундан буён сиз, ўзларининг жигарларини йўқотганлар оғир мусибатдасиз. Фожиа юз берган дақиқалардан бошлабоқ, яқинларнингиз жасадларини аниқлаш давомида чеккан азиятларингиз бутун Мадриднинг, бутун Испаниянинг, қолаверса, бутун дунёнинг азиятига айланди".

Шуни айтиш жоизки, 24 март куни Мадридда бўлиб ўтган Хотира маросими ўз кўламига кўра 1975 йилдан буён, яъни диктатор Франко ҳокимиятдан ағдарилганидан буён демократик Испанияда биринчи марта ўтказилаётган тадбирдир.

Мадрид фожиаси билан боғлиқ хабарларни диққат билан кузатиб келаётган тингловчимизга портлашларни уюштирганликда гумон қилиниб, 13 кишининг, шу жумладан, ўн марокашлик, икки ҳиндистонлик ва бир испаниялик шахснинг қўлга олингани маълум. Уларнинг ҳаммаси Испанияда яшаган. Мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари қўлга олинган марокашликларнинг Марокашнинг молиявий пойтахти Касабланкада ўтган йили амалга оширилган ва 45 кишининг нобуд бўлишига олиб келган ҳужумга алоқадор бўлиши мумкин, деган фикрда. Қўлга олинганларнинг Ал-Қайда билан ҳам алоқаси борлиги тахмин қилинмоқда.

Террорга алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинганлардан бири марокашлик Жамол Зоуғам 2001 йилдан буён Испания, Франция ва Марокаш хавфсизлик хизматлари кузатувида бўлган. У портлашлардан икки кун ўтгач қўлга олинган эди. Портлашларга алоқадорликда гумон қилиниб, қўлга олинган икки ҳиндистонлик ҳам террорчи гуруҳларга алоқадорликда ҳамда қалбаки ҳужжат тайёрлаганликда айбланмоқдалар.

Ва ниҳоят мавзуга оид энг сўнгги хабар. Барселонада чиқадиган "Эл-Периодико" газетаси ўзининг 24 март сонида хабар беришича, полиция ходимлари портловчи модда ташилган юк машинаси ҳамда ўшандай модда жойланган рюкзакдан қўлга олинганлардан иккитасининг бармоқ изларини топганлар.
XS
SM
MD
LG