Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:05

"ХАМАС"га янги рахбар сайланди


Исроил расмийлари Шайх Яссинни ўлдириб, "Хамас" ташкилотини "бошидан жудо қилганликларини" даъво қилаётган бир пайтда, гуруҳга янги рахбар этиб сайланган Абдул Азиз Рантиси қаршилик ҳаракати давом этишини баён қилди.

"Шайх Аҳмад Яссин бизнинг рамзимиз бўлган ва биз Шайх Аҳмад Яссин сиёсатини давом эттирамиз, у ишонган мақсадларга эришамиз", - деди "Хамас"нинг янги рахбари ўз чиқишида.

Асли касби врач бўлган 54 яшар Абдул Азиз Рантиси етти йил умрини Исроил қамоқхоналарида ўтказди. Кейинчалик, 1992 йилда у бошқа юзлаб "Хамас" фаоллари қатори Ливанга бадарға қилинди. Ўтган йил июн ойида эса Рантиси Ғазо минтақасида Исроил ракета ҳужумлари оқибатида оғир тан жароҳати олди.

Абдул Азиз Рантиси ҳар доим ўз чиқишларида Исроил билан ҳеч қандай муроса бўлмаслигини ва "Хамас" гуруҳи Фаластин озодлиги учун курашни давом эттириши кераклигини таъкидлаб келган.

"Фаластин халқи, араб дунёси, қолаверса бутун мусулмон дунёси ғолиб бўлиши кераклиги доим ёдимизда бўлиши керак. Қадр-қимматимиз ҳаққи-ҳурмати уйимизга бостириб, бизга шикаст етказувчиларга қарши курашмоғимиз лозим. Барча рахбарларимиз ўлдирилган тақдирда ҳам биз хамасчилар қуролларни ташламаймиз. Фаластин халқи учун шундан бошқа танлов йўқ. ", - деди Абдул Азиз Рантиси.

"Хамас" ташкилотининг бошқа фаоллари ҳам Исроил билан муроса бўлмаслиги ва кураш давом этиши керак, деган фикрда.

Айни пайтда Исроил "Хамас"нинг бошқа рахнамоларини ҳам йўқ қилиш ниятини билдирди. Хусусан, сешанба куни Исроил Мудофаа вазири Шоул Мофаз ўз чиқишида "Хамас" 377 исроиллик ўлимига жавобгар эканини ва Исроилнинг стратегик душмани бўлган бу ташкилот тамомила йўқ қилиниши кераклигини баён қилди.

Айтиш керакки, Исроил ногирон аравасида кун кечирган "Хамас" рахбари Шайх Яссинни ўлдиргани қатор мамлакатлар расмийларининг кескин танқидларига учради. Ва айни пайтда бу ходиса муайян давлатнинг у ёки бу шахсни ўлдириши халқаро ҳуқуқ мейёрларига қанчалик тўғри келади, деган саволни келтириб чиқарди.

Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строу ва қатор бошқа давлат расмийлари Шайх Яссиннинг ўлдирилишини халқаро ҳуқуқ нормаларига зид дея таърифлаб, Исроил ҳаракатини қоралаган эдилар. Аммо, Яқин Шарқ сиёсатида Исроилга ён босиб келган АҚШ Шарон ҳукуматини айблашдан ўзини тийди.

Женевадаги Хавфсизлик Сиёсати Маркази номли ташкилот рахбари Шаран Чубин террорчиликка қарши мислсиз кураш олиб бораётган Қўшма Штатлар учун Исроилнинг террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган ташкилотларга қарши ҳаракатини қоралаш мураккаб эканини айтади.

Шайх Яссиннинг Исроил тарафидан ўлдирилиши халқаро ҳуқуқ нормаларига тўғри келадими, деган саволга эса Шаран Чубин "террорчиликка қарши кураш" армиялар ўртасидаги анъанавий уруш бўлмагани, боис бу юзадан бирон хулоса қилиш қийин, дея жавоб қилади.

"Бу давом этаётган, чегаралари номаълум, бошланиши ҳам оҳири ҳам, душманлари ҳам мавхум бўлган уруш", -дейди Чубин.

Лондондаги Қироллик Коллежининг Уруш тадқиқотлари бўлими тахлилчиси Эфраим Карш эса уруш эълон қилингани ёки қилинмагани ушбу масала мохияти эмас, деган фикрда. Карш Исроил фуқаролари "Хамас" каби гуруҳлар тарафидан нишонга олинаётган ва уларнинг мақсади Исроилни яксон қилиш экан, бу уруш эканини айтади.

"Албатта бу уруш. Агар кўчангизда доим бомба портлашлари содир этилса бу бошқа нима бўлиши мумкин", - дейди британиялик таҳлилчи. Унинг фикрича, бундай вазиятда Яссин каби шахсни ўлдиришни ноқонуний ҳаракат деб баҳолаб бўлмайди. Бошқа кузатувчилар эса уруш тўғрисидаги қонуний мейёрлар қайта кўриб чиқилиши ҳамда терроризмга қарши курашда қандай чораларни кўриш мумкинлиги бўйича аниқ қонун-қоидалар ишлаб чиқилиши лозимлигини таъкидлашмоқда.
XS
SM
MD
LG