Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:52

Европа Иттифоқи аксилтеррор маркази тузди


25 март куни Брюсселда Европа Иттифоқи саммити иш бошлагани тўғрисида ўз вақтида сиз тингловчига хабар берган эдик. Иттифоққа аъзо давлатлар раҳбарларининг олий даражали мазкур учрашуви 26 март, жума куни ҳам ўз ишини давом эттирди.

25 март куни иш бошлаган Брюссел саммитида асосан, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг терроризмга қарши курашини мувофиқлаштириш масаласи муҳокама қилинди. Саммит ишининг биринчи кунида худди шу масала атрофида мунозаралар бўлиб ўтди ва ниҳоят кечга яқин бир қарорга келинди. Европа лидерлари терроризмга қарши курашувчи янги бир тузилмани таъсис қилдилар. Европа Иттифоқининг Аксилтеррор марказини Голландия Ички Ишлар вазирининг собиқ муовини Гийс де Вриес бошқарадиган бўлди.

11 март куни Испания пойтахти Мадрид вокзалларида амалга оширилган портлашлар оқибатида 200 нафар атрофида одам нобуд бўлган, қарийб 1500 киши яраланган эди. Ва мана шу фожиа анчадан бери гапириб келинаётган ғоянинг амалга ошишига асосий туртки бўлди.

Европа Иттифоқининг бу йилги раҳбари, Ирландия Бош Вазири Берни Ахерн Аксилтеррор идора тузиш тўғрисида имзоланган ҳужжат тўғрисида шундай деди:

"Шартнома доирасида Европа Иттифоқига аъзо бўлган ҳар бир давлат аксилтеррор курашда ўзи бажара оладиган ишни, умумий ишнинг бир қисмини танлайди. Умид қиламизки, бу соҳадаги ҳар бир иш профессионал даражада бажарилади Томонлар шуни назарда тутган ҳолда шартномани имзоладилар ва биз бу ҳужжатга содиқ қоламиз".

Европа лидерлари имзолаган ҳужжатга биноан Иттифоқ аксилтеррор маркази раҳбари Гийс де Вриес Европа Иттифоқининг Хавфсизлик масалалари бўйича мутасаддиси Хавиер Солана раҳбарлигида ишлайди. 25 март куни Солана марказ раҳбари Иттифоққа аъзо давлатлар аксилтеррор ҳаракатларини мувофиқлаштириш билан шуғулланишини билдирар экан, шундай деди:

"Масаланинг энг муҳим жиҳати Европа Иттифоқи Кенгашида мавжуд бўлган турли органлар ҳаракатларини яхшироқ мувофиқлаштиришдир. Бу органлар яхшироқ, самаралироқ ва тезроқ ишлашлари лозим. Иккинчидан, илгари ҳам айтганимдек, қарор қабул қилинганидан кейин унинг бажарилиши учун Иттифоққа аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни яхшироқ йўлга қўйишга ҳаракат қилиш лозимдир".
Хавиер Солана, шунингдек, янги тузилма раҳбари Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган бошқа мамлакатлар билан ҳам терроризмга қарши кураш юзасидан ҳамкорлик қилиши лозимлигини таъкидлади.

Европа мамлакатлари лидерлари учрашувининг иккинчи кунида Косово, Афғонистон ва Яқин Шарқдаги вазият муҳокама қилинди.
XS
SM
MD
LG