Линклар

Ядро омборининг эшиги маҳкамми?

  • Сарвар Усмон

25, 26 март кунлари Алмати шаҳрида ядровий маҳсулотлар экспорти устидан назорат ўрнатиш масалаларига бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди. Бир қарашда, ўта тор доирадаги мутахассисларнигина қизиқтириши мумкин бўлган бу анжуманнинг тингловчиларимиз кенг доираси учун қизиғи йўқдек. Лекин, кейинги пайтларда баъзи шахсларнинг ядровий маҳсулотлар контрабандаси билан шуғулланаётгани туфайли журналистлар мазкур анжуман ишига эътибор қаратдилар.

Икки кун давом этган халқаро семинарни Қозоғистон Республикаси Энергетика ва Минерал Ресурслар вазирлиги қошидаги Атом Энергетикаси қўмитаси ҳамда Қозоғистон Ядровий Технологиялар Хавфсизлиги маркази АҚШ Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда уюштирди, деб хабар қилди Озодликнинг Алматидаги мухбири. Тадбирда қозоғистонлик ва америкалик мутахассислардан ташқари Россиянинг атом энергетикаси мутахассислари иштирок этди.

Семинарда, асосан, ядровий материаллар экспорти устидан ички назорат масаласи муҳокама қилинди. Соҳа мутахассисларига яхши маълумки, Қозоғистонда ядровий материаллар қазиб олиш, уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи бир қатор ташкилотлар бор. Қозоғистон Республикаси Атом Энергетикаси қўмитаси раиси Темиржан Жантегиннинг айтишича, Қозоғистон ўзининг ядровий маҳсулотларини Россия, АҚШ, Европа мамлакатлари, Япония, Кореяга экспорт қилади.

Ядровий маҳсулотларнинг бой заҳираларига эга бўлган, ядровий қуроли йўқ, лекин бундай қуролга эга бўлишга интилмаётган Қозоғистоннинг бу соҳадаги имкониятларига чет эллик мутахассислар, жумладан россиялик мутахассислар юқори баҳо бердилар. Россиялик мутахассис Сергей Кушнарев жумладан, бундай деди:

"Бу мамлакатда Совет Иттифоқи атом саноати комплексининг бутун инфратузилмаси қолган. Бу республикада ҳамма нарса бор. Етмаганини Россия беришга тайёр".

Россиялик мутахассиснинг бундай хушомадлари тагида бошқа гап ҳам борлигини таъкидламоқда баъзи маҳаллий кузатувчилар: Алматида бўлиб ўтган семинарда ҳам, унинг кулуарларида ҳам Қозоғистонда атом электростанцияси қуриш тўғрисида, бундай лойиҳа Россия учун фойдали бўлиши тўғрисида ҳам гаплар бўлди.

Қозоғистонда ишлаб чиқарилган ядровий маҳсулотларнинг террорчи ташкилотлар қўлига тушиб қолиши хавфи йўқми? Алматида бўлиб ўтган халқаро анжуман якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида мана шу ташвишли масала устида ҳам сўз юритилди, деб хабар қилди Озодлик мухбири.

Жорий ойнинг ўрталарида Душанбедаги ҳамкоримиз Тожикистон пойтахтида фарғоналик бир кишининг ёнидан 3 грамм плутоний чиққани тўғрисида хабар берган эди. Мутахассислардан олинган маълумотларга қараганда бир грамм плутонийнинг қора бозордаги нархи 7 минг доллар атрофидадир. Ўзбекистон фуқароси плутоний билан қўлга тушган кунларда бу радиоактив модда Қозоғистонда ишлаб чиқарилган бўлиши мумкин, деган тахминлар ҳам айтилган эди.

Озодлик мухбири Алматида бўлиб ўтган анжумандан сўнг мана шу тахминларда жон бўлиши мумкинми, деган савол билан қозоғистонлик мутахассисларга мурожаат қилди. Саволга жавоб берар экан, Қозоғистон Республикаси Атом Энергетикаси Қўмитаси раҳбари Темир Жантегин Қозоғистон бир ярим йилдан буён ядровий маҳсулотлар устидан назоратни АҚШ олимлари тавсияси асосида амалга оширмоқда ва шунинг учун ҳам тилга олинган плутонийнинг Қозоғистондан чиқиш эҳтимоли мутлақо йўқдир, деди.

Бу масала юзасидан АҚШ Энергетика вазирлиги вакили Крис Уолкер ҳам фикр билдирар экан, жумладан шундай деди:

"Баъзан ядровий маҳсулотлар билан боғлиқ ҳодисалар тўғрисидаги ҳар-хил гапларни эшитиб қоламан. Тўғриси, бундай гапларга бироз шубҳа билан қарайман. Ахир, ядровий маҳсулотлар дуч келган жойда ётавермайдику уларни ҳохлаган одам олиб, сотаверса?!"

Кўнгилга таскин берувчи жавоб.

Бироқ, хаёлдан барибир бир савол нари кетмаяпти: фарғоналик 3 грамм плутонийни қаердан олди?
XS
SM
MD
LG