Линклар

Норозилик қатнашчилари Тайван Президентининг истеъфосини талаб қилди.

  • Ҳасанжон

Ўтган ҳафта Тайванда Президентлик сайловлари бўлиб ўтгани ҳақида ўз вақтида атрофлича маълумот берган эдик. Бугун Тайван пойтахти Тайпейда тахминан 500 минг мухолифат тарафдори норозилик намойиши ўтказдилар. Намойиш қатнашчилари сайловларда ғолиб чиққан иқтидордаги Президент Чен Шуи-бианнинг истеъфосини талаб қилмоқдалар. Тайвандаги сўнгги сиёсий воқеаларни бугун мен билан студияда бирга ишлаётган Ҳасанжон матбуот хабарлари орқали яқиндан кузатиб келмоқда.

Ҳасанжон: Сарвар ака, 20 март кунги Президентлик сайловларида иқтидордаги Президен Чен Шуи-биан мухолифатдаги энг йирик Хитой Миллатчи партиясининг номзоди Лиен Чанни мағлубиятга учратгани жума куни эълон қилинди. Марказий Сайлов Коммиссияси эълон қилган натижага кўра, Президент мухолифат номзодига қараганда 29 мингдан ортиқроқ овоз олган. Агар мазкур сайловларда бир неча миллион фуқаро қатнашгани ҳисобга олинса, икки номзод учун берилган овозлар ўртасидаги фарқ жуда кичик бўлгани аён бўлади. Мухолифат номзоди Лиен Президентни сайлов натижаларини соҳталаштирганлик, номзодларни ўз тарафига оғдириш учун сайлов кампанияси давомида атайин суиқасд воқеасини уюштирганликда айбламоқда. Тингловчиларимиз ёдида бўлса, сайлов арафасида Президент кетаётган машина номаълум шахс томонидан ўққа тутилган, ўшанда Президент енгил яралангани маълум қилинган эди.

Лиен сайлов натижалари бекор қилиниши ва Ченнинг ғалаба қозонгани эълон қилинмаслигини талаб қилиб мамлакат Олий Судига шикоят аризасини ёзди. Бироқ Суд унинг даъволарини рад этди. Лиен Президентдан овозлар қайта санаб чиқилиши ва суиқасд воқеасини пухта ўрганиш учун чет эл мутахассислари чақиртирилишини талаб қилганини билдирди.

С.У.: Тайван Президенти мухолифат номзоди иддаоларига муносабат билдирдими?

Ҳасанжон: Чен Шуи-биан ўз шаънига айтилаётган барча айбловларни рад этди. Президент намойиш қатнашчилари хис-ҳаяжонини тушунишини, норозиликларга сарб-тоқатлилик ва оғир-босиқлик билан қарашини билдирди.
Айни пайтда, Ченнинг матбуот вакили Президент ўз ҳаётига қарши уюштирилган суиқасд воқеасини ўрганиш учун махсус гуруҳ тузиш таклифини қўллаб-қувватлашини ва барча мунозарали масалалар фақат мустақил текширув орқалигина хал этилишига умид билдирганини маълум қилди.

С.У.: Ҳасанжон, халқаро ҳамжамият Чен Шуи-бианнинг Президентлик сайловларда ғалабага эришганини тан олдими?

Ҳасанжон: Сарвар ака, жума куни кечқурун Марказий Сайлов Комиссияси сайловларда иқтидордаги Президент ғалаба қозонганини эълон қилганидан кейин АҚШ Чен Шуи-биан табриклади.
Маълумки, АҚШ 1949 йилда Хитойдан ажралиб чиққан Тайван мустақиллигини 1979 йилда тан олган. Ҳозирда дунёнинг фақат 27 давлатигина Тайван мустақиллигини тан олган.

С.У.: Тайвандаги воқеаларга Хитой ҳукумати қандай муносабат билдирди?

Ҳасанжон: Сарвар ака, 27 март куни Хитой Ташқи Ишлар вазирлиги АҚШ Чен Шуи-бианни Президентлик сайловларида ғолиб чиққани билан расман табриклаганини “хатолик” ва “Хитой ички ишларига аралашиш”, дея баҳолади.

С.У.: Раҳмат.
Муҳтарам тингловчи, бу Тайванда бўлиб ўтган Президентлик сайловлари билан боғлиқ сўнгги сиёсий воқеалар ҳақидаги суҳбат эди .
XS
SM
MD
LG